UZ RU
17.02.2015

Ҳеч ким эътибордан четда қолмайди

Мамлакатимизда “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остида саломатлик ҳафталиги ўтказилмоқда.

Президентимиз раҳнамолигида аҳоли, айниқса, ёши улуғ инсонларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларга муносиб турмуш шароити яратиш, кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 28 ноябрдаги “Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2014 йил 1 августдаги “2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарорлари ҳамда 2014 йил 13 октябрда қабул қилинган “1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Тошкент вилоятида ҳам ушбу ҳужжатлар ижроси доирасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган йили бир қатор поликлиника ҳамда санаторий-соғломлаштириш муассасаларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланди. 85 нафар умумий амалиёт шифокори Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида ўз билимини бойитди. Саксон нафар шифокор офтальмология, педиатрия, эндокринология, терапия, онкология каби тўққиз йўналиш бўйича қайта тайёрланди. Етти юз нафарга яқини она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, замонавий технологияларни амалиётда кенг қўллаш юзасидан пухта билим ва кўникмага эга бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остида ўтказилаётган ушбу ҳафталикда вилоятдаги тиббиёт муассасалари, илмий-текшириш институтлари, ихтисослаштирилган тиббий марказларнинг етакчи олим ва юқори малакали шифокорлари иштирок этмоқда.

Тадбирда аҳоли, айниқса, уруш ва меҳнат фронти фахрийлари ҳамда кексаларни тўлиқ, чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишга алоҳида эътибор қаратилаётир.

– Мени асаб билан боғлиқ касаллик безовта қилиб келади, – дейди Қибрай тумани Байтқўрғон қишлоғида яшовчи Анвар Рустамов. – Тумандаги кўп тармоқли поликлиникада бўлиб ўтган тиббий кўрикда тажрибали шифокорлардан қимматли маслаҳатлар олдим. Худо хоҳласа, буткул соғайиб кетаман. Бундай эзгу ишларга бош-қош бўлаётган Президентимиздан миннатдормиз.

Саломатлик ҳафталиги доирасида қишлоқ врачлик пунктлари, марказий кўп тармоқли ва оилавий поликлиникалар шифокорлари хонадонларда бўлиб, жисмоний имконияти чекланган ёши улуғ инсонларга тиббий ёрдам кўрсатаётир. Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ёшларнинг тиббий маданиятини юксалтириш юзасидан тарғибот-тушунтириш ишларини олиб бормоқда.