Хавфли инфекциялар кириб келишига йўл қўйилмайди
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Халқаро эпизоотия бюроси маълумотларига кўра, сайёрамизда бир қатор хавфли юқумли касалликлар, хусусан, куйдирги, қрим-конго геморрагик иситмаси бўйича вазият мураккаблигича қолмоқда. Бу муаммоларнинг олдини олиш ўзаро ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликни янада ривожлантириш, профилактика, санитария-тарғибот тадбирлари кўламини кенгайтиришни талаб этаётир.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида тиббий-ижтимоий йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида санитария-эпидемиология муҳити барқарорлигини таъминлаш, юқумли касалликларнинг олдини олишга қаратилаётган доимий эътибор туфайли юртимизга хавфли инфекциялар кириб келиши ва тарқалишининг олди олинаётир.
Ҳар йили тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар, илмий-тадқиқот ва тиббиёт муассасалари, санитания-эпидемиология, ветеринария хизматлари, жамоат тузилмалари иштирокида эпидемияга қарши чора-тадбирлар режаси қабул қилиниб, ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Бу жараёнда жойлардаги санитария назорати, ветеринария пунктлари фаолиятини янада такомиллаштириш, озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини қатъий назоратга олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Амалга оширилаётган бундай ишлар натижасида куйдирги касаллигининг табиий ўчоқлари устидан доимий лаборатория мониторинги юритилмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, куйдирги ва қрим-конго геморрагик иситмаси қўзғатувчиларининг асосий манбалари чорва моллари ҳисобланади. Шу боис чорва моллари ўртасида профилактика чора-тадбирларини ўтказиш, ветеринария пунктлар ва лабораторияларининг салоҳиятини юксалтириш муҳим аҳамиятга эга. Ана шу вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида чорва молларини ўз вақтида ветеринария кўригидан ўтказиш, юқумли касалликларга қарши эмлаш, мол сўйиладиган кушхоналар, майдончалар барпо этиш, уларни зарур воситалар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Сифатли гўшт ва гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқариш, истеъмолчига санитария талабларига мос ҳолда етказиш тизими шаклланган. Тегишли вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида бозорлар ва савдо марказларида гўшт маҳсулотлари сотилишига қўйиладиган талаблар тўғрисида йўриқномалар ишлаб чиқилган.
Куйдирги ва бошқа хавфли юқумли касалликларнинг одамлар орасида учрашининг олдини олиш борасида санитария-эпидемиология соҳаси ва тиббиёт ходимлари томонидан тизимли ишлар амалга оширилаётир. Чегара ҳудудларида фаолият юритаётган санитария назорати пунктларида четдан кириб келаётган хорижий фуқаролар ва юртдошларимиз тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Тиббиёт ходимлари ҳушёрлигини ошириш мақсадида жойларда малака ошириш машғулотлари, семинар-тренинглар ташкил этилмоқда. Бу жараёнда касалликнинг этиологияси, эпидемиологияси, профилактика ва даволашнинг самарали усуллари юзасидан тажриба алмашилмоқда.
– Баъзи хонадонларда чорва молларини парваришлашда санитария-гигиена талабларига, уй ҳайвонларини ветеринария кўригидан ўтказиш, эмлатишга тўла риоя этилмаслиги ҳолатлари учрайди, – дейди Республика давлат санитария-эпидемиология назорати маркази хавфли юқумли касалликлар бўлими бошлиғи Ҳусан Сафаров. – Боқилаётган бўрдоқилар, айниқса, касалланган моллар ветеринария кўригидан ўтказилмай, хонадон шароитида сўйилиб, гўшти истеъмол қилинади. Майда шохли молларнинг жунини қирқишда каналарга қарши ҳимоя чоралари етарли даражада кўрилмайди. Оқибатда касаллик ҳайвондан одамларга юқади.
Илмий манбаларда куйдирги бактериясининг спорали шакли ташқи муҳитга ўта чидамли экани қайд этилган. Олимлар унинг узоқ йилларгача тупроқда сақланиш хусусияти борлигини аниқлаган. Ҳайвонлар касалликни ана шу споралар орқали юқтиради. Қрим-конго геморрагик иситмаси чорва молларида учрайдиган иксод каналари орқали тарқалади.
Бу касалликлар одамга юққанда, яширин даври бир неча кунгача давом этади. Куйдиргида баданда яра пайдо бўлади. Қрим-конго геморрагик иситмасида ҳарорат кўтарилиб, баданга тошмалар тошади, заҳарланиш аломатлари намоён бўлади. Бундай ҳолатларда зудлик билан тиббиёт муассасаларига мурожаат қилиш зарур. Уй шароитида, ўзи билганича даволаниш оғир асоратларга олиб келиши кузатилган.
Бундай муаммолар келиб чиқишининг олдини олиш ҳар бир инсондан тиббий маданият ва ўз саломатлигига эътиборли бўлишни талаб этади. Бунинг учун соғлом турмуш тарзига, санитария-гигиена қоидаларига тўла риоя этиш лозим. Қорамол парваришлашда молхоналарни тоза тутиш, чиқиндилар йиғилиб қолиши натижасида турли инфекциялар пайдо бўлишига йўл қўймаслик, дезинфекция тадбирларини ўтказиш, ҳайвонларни йилига бир марта куйдирги инфекциясига қарши профилактик эмлатиш, касаллик аломатлари кузатилганда дарҳол ҳудудий ветеринария хизматига мурожаат этиш лозим.
Бугунги кунда мамлакатимизда аҳоли ўртасида бундай муаммоларнинг олдини олишда санитария-эпидемиология соҳаси, тиббиёт ходимлари билан бир қаторда маҳаллалар ҳам фаол иш олиб бораётир. Бундан кўзланган мақсад юқумли касалликлар бўйича барқарорликни таъминлаш, инсон саломатлигини асрашдир.