Ҳар бир инсон меҳр ва эътиборда
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бутун мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган “Маҳорат дарслари” ана шу мақсадга қаратилаётганлиги билан аҳамиятлидир.
Ҳар бир инсон бу дунёга бахтли яшаша учун келади. Бундай юксак орзуга эришишнинг омиллари кўп. Аммо улардан энг муҳимлари тинч ва осойишта, сиҳат-саломатликда ҳаёт кечиришдир. Истиқлол бизга ана шундай бебаҳо неъматлардан баҳраманд бўлиш имконини берди. Хусусан, соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида аҳолининг малакали тиббий хизматдан фойдаланиши учун зарур шарт-шароитлар яратилди. Оналик ва болаликни муҳофаза қилишнинг ўзига хос миллий модели шакллантирилади. Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 28 ноябрдаги “Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этаётир.
Президентимиз раҳнамолигида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, илғор даволаш усуллари ва фан ютуқларини амалиётга жорий этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада тиббиёт тизимида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани ҳаммамизга маълум. Кейинги йилларда нафақат пойтахтимиз, балки вилоятларда ҳам турли мураккаб жарроҳлик операциялари муваффақиятли ўтказилаётгани бунинг тасдиғидир.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қатор нуфузли тиббиёт марказларининг хирург, акушер-гинеколог, терапевт, педиатр, невропатолог, кардиолог, эндокринолог,офтальмолог, оториноларинголог, уролог, ортопед-травматолог, нейрохирург, онколог, дерматолог, фтизиатр ва пульмонолог каби ўнлаб мутахассислари янги йилда навбатдаги янги ташаббус билан чиқишди.
Улар 2015 йилнинг 5- январидан бутун мамлакатимиз бўйлаб ҳудудий соғлиқни сақлаш тизимида фаолият кўрсатаётган тиббиёт ходимларининг соҳалар бўйича савиясини янада ошириш ҳамда мамлакатимизнинг энг олис ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳолига ихтисослаштирилган малакали тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида жойларда “Маҳорат дарслари” (“Мастер-класс”)ни ўтказишни бошлашди. Ушбу йирик ижтимоий акция доирасида мамлакатимиздаги ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ҳамда илмий текшириш институтларининг тиббиёт фанлари докторлари, етук олим ва нуфузли мутахассислари маҳаллий мутахассислар билан ҳамкорликда энг
мураккаб ва нозик операцияларни вилоят даволаш муассасаларининг ўзида муваффақиятли амалга оширмоқдалар.
Қайд этиш жоиз, юртимиз тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар боис барча вилоятлардаги соғлиқни сақлаш муассасалари, чекка туманлар шифохоналари ҳам замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланаётгани чуқурлаштирилган тиббий кўрик ва “Маҳорат дарслари” (“Мастер-класс”)ни самарали ўтказишда қўл келмоқда. Юксак малакали шифокорлар ҳар бир туман тиббиёт бирлашмаси, кўп тармоқли оилавий поликлиникалар ҳамда қишлоқ врачлик пунктларининг ўзидаги замонавий тиббий технологиялар ёрдамида беморларга аниқ ташхис қўйишмоқда. Қишлоқлар аҳолиси, диспансер ҳисобида турадиган беморлар, ногиронлар, ёшлар ва хотин-қизларга зарур кўмак ҳамда тавсиялар берилаётир.
Айтиш жоизки, мамлакатимиз шифокорларининг бу каби ташаббуслари шарофати билан кўпчиликнинг узоғи яқин бўлмоқда. Табиийки, мамлакатимиз пойтахтидан малакали шифокорларнинг чекка ҳудудларга бориб, у ерда истиқомат қилувчи каттаю кичикнинг аҳволидан хабар олиши, саломатлиги билан қизиқиши ҳеч кимни бефарқ қолдирмаяпти. Шунинг учун бўлса керак, бу галги “Маҳорат дарслари”нинг қамрови янада кенгайиб, 20 га яқин тиббиётнинг турли соҳа мутахассиларидан иборат 300 нафарга яқин малакали шифокорлар юртимизнинг ҳар бир худудида бўлиб аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишмоқда.
* Истиқлолнинг илк йиллариданоқ Президентимиз инсон ва
унинг манфаатлари ҳамма нарсадан устун эканлигини таъкидлаб, соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш масаласига энг муҳим устувор вазифалардан бири сифатида эътибор қаратганлари ўзининг юксак натижаларини бермоқда, - дейди Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Дилором Аҳмедова. – Ўзбекистон тиббиётида эришилаётган ютуқлар бугун халқаро миқёсда ҳам алоҳида эътироф этилаяпти. Бу бежиз эмас. Чунки ўтган йиллар давомида соҳада илғор шакл ва услублар амалиётга жорий этилди. Жойларда бирламчи бўғиннинг янги, ихчам ва замонавий тизими - қишлоқ врачлик пунктлари, шунингдек, туман тиббиёт бирлашмалари фаолияти йўлга қўйилди. Ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг ташкил этилгани эса тизимга замонавий технологияларни татбиқ қилиш, тиббий хизмат кўламини янада кенгайтириш, кадлар салоҳиятини ошириш имконини бермоқда.
Юртимизда яратилган миллий моделнинг алоҳида ажралиб турадиган тарафларидан бири шундаки, бизда энг чекка аҳоли пунктларида яшовчи фуқароларга ҳам худди шаҳарлардаги каби малакали тиббий ёрдам кўрсатилади. Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Маҳорат дарслари” ҳам бунга бир мисолдир. Ушбу
ижтимоий акцияда марказимизнинг энг тажрибали мутахассислари билан иштирок этиб, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш баробарида маҳаллий тиббиёт ходимларининг соҳалар бўйича савиясини янада оширишда ўз ҳиссамизни қўшаяпмиз.
Шу ўринда айтиш жоиз, ўтган йил Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан соғлом ва мустаҳкам оилаларни барпо этиш соғлом келажак пойдевори эканини назарда тутиб, турмуш қураётган ёшларнинг никоҳдан олдин тиббий кўрикдан тўлиқ ўтишларини таъминлаш, шу асосда ирсий ва туғма касалликларнинг олдини олиш бўйича сезиларли ишлар қилинди. Жумладан, бўлажак келин-куёвларни тиббий кўрикдан ўтказадиган поликлиникалар замонавий тиббиёт ва диагностика асбоб-ускуналари билан жиҳозланди. Энг муҳими, янги оила қураётган 2 мингдан ортиқ ёшларда турли касалликлар аниқланиб, улар амбулатор ва станционар шароитда даволанди.
“Соғлом она – соғлом бола” лойиҳаси доирасида жами 13 миллион 600 мингдан зиёд аёллар ва болалар тиббий кўрикдан ўтказилди. Бунинг натижасида 2 миллион 800 минг аёл ва 2 миллион 500 минг бола соғломлаштирилгани бу йўлдаги катта қадам бўлди.
2015 – йил “Кексаларни эъзозлаш йили”да Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган бундай кенг қамровли тадбирлар янада кенгайиб, халқимиз саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши шубҳасиздир.
Фотима Сайдахмедова