UZ RU
02.12.2014

Тиббий хизмат барча учун

Тиббий хизмат барча учун

Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, 40-модда.

Президентимиз раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида тиббий муассасалар фаолиятини такомиллаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва юқори малакали мутахассислар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 28 ноябрда қабул қилинган “Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида жойларда тиббиёт муассасалари модернизация қилиниб, замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланмоқда.

Мазкур қарорга кўра, 2012 йилда Самарқанд тумани тиббиёт бирлашмасида ҳам қурилиш-реконструкция ишлари амалга оширилди. Марказий шифохона бўлимлари, поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктларида аҳолига замонавий тиббий хизмат кўрсатиш имкониятлари кенгайди. Болалар ва катталар поликлиникалари бирлаштирилиб, кўп тармоқли марказий поликлиникага айлантирилди. Муассаса биноси реконструкция қилинди, “Саломатлик-3” лойиҳаси асосида замонавий ташхис ускуналари билан жиҳозланди.

– Бугунги кунда 25 мингдан ортиқ аҳоли поликлиникамиз хизматларидан фойдаланмоқда, – дейди Самарқанд тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси мудири Ғайрат Раҳимов. – Бу ерда беморга аниқ ташхис қўйиш, уни самарали даволаш учун барча имкониятлар яратилган. Даволаниш учун туман марказий шифохонасига келаётган беморлар муассасамизда тезкор равишда тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Умумий амалиёт шифокорлари ва патронаж ҳамширалар ўз ҳудудларидаги оилалардан доимий равишда хабардор бўлиб, оила аъзоларининг саломатлигини назорат қилиб боради. Айниқса, ҳомиладор ва фертиль ёшидаги аёллар, болалар ва ўсмирларнинг соғлиғига алоҳида эътибор қаратилади. Йил давомида улар бир неча марта тиббий кўрикдан ўтказилиб, керакли тавсиялар берилмоқда.

“Соғлом бола йили” Давлат дастури асосида мутахассислар жалб этилган ҳолда тумандаги қишлоқ врачлик пунктларида болалар ва ўсмирлар учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди. Бу тадбирлар давомида 59 минг нафарга яқин ўғил-қиз кўрикдан ўтказилиб, аниқланган касалликларни стационар ва амбулатор шароитда даволаш чоралари кўрилди. Ҳомиладор аёлларда камқонлик ва бошқа хасталикларнинг олдини олиш мақсадида уларга махсус поливитаминлар тарқатилмоқда. Бунинг натижасида гўдакларнинг ҳар томонлама соғлом туғилиши ва оналар саломатлиги таъминланмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 1 августдаги “2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги давлат дастури тўғрисида”ги қарори мазкур йўналишдаги ишлар кўламини янада кенгайтирди. Қарор асосида поликлиника томонидан ҳам дастур ишлаб чиқилиб, изчил амалга оширилмоқда. Бу борада тумандаги қишлоқ врачлик пунктларига услубий-амалий ёрдам берилаётгани аҳолига сифатли ва замонавий тиббий хизмат кўрсатишда муҳим омил бўлаётир.