Инсон манфаатлари доимий муҳофазада
«Бундан олти ой аввал бахтсиз тасодиф туфайли йиқилиб, тўшакка михланиб қолдим. Тиббий текширувларда бел ва оёқларим сингани аниқланди. Буни эшитиб, айни навқирон ёшимда бир умр майиб-мажруҳ бўлиб қолсам керак, дея тушкунликка тушдим. Бироқ шифокорлардан ногиронларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилишнинг замонавий имкониятлари ҳақида эшитиб, менда соғайишга умид туғилди. Республика ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказида ўтказилган икки босқичли операциядан кейин аста-секин оёққа туриб, юра бошладим. Шифокорларнинг қўллари дард кўрмасин. Инсон манфаатларини кўзлаб шундай замонавий тиббий-ижтимоий шароитлар яратаётган Президентимиздан ниҳоятда миннатдорман».
Бу – Республика ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказида даволанаётган Сардор Усмоновнинг сўзлари.
Инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, аҳолининг тиббий-ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жаҳон тиббиётининг энг илғор ютуқларини соғлиқни сақлаш тизимининг барча бўғинига изчил татбиқ этиш Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишига айланди. Бу жараёнда ногиронларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофазалашнинг мустаҳкам қонунчилик базасини яратиш ва амалий механизмини шакллантириш, бу тизимни доимий такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Ушбу йўналишда давлат дастурлари қабул қилиниб, уларда белгиланган вазифалар изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бунинг натижасида ногиронларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ихтисослашган тиббий ёрдамдан баҳрамандлигини ошириш, жамиятга фаол интеграциялашувига кўмаклашишнинг замонавий тизими амалга оширилмоқда. Жумладан, Республика ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш маркази ва унинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилди.
Республика ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказининг терапия, неврология, умуртқа поғонаси патологияси, протезлаш, жароҳат оқибатларини тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш бўлимларида ногиронларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилади.
– Туғма, орттирилган ва бахтсиз тасодифлар туфайли келиб чиқадиган касалликлар ва жароҳатлар оқибатида ногирон бўлиб қолган беморларга кўрсатилаётган тиббий ёрдамни такомиллаштириш замонавий тиббий-реабилитация хизматининг муҳим йўналишидир, – дейди марказ директори ўринбосари Баҳодир Каримов. – Олимларимиз ва шифокорлар бу йўналишда мамлакатимиздаги етакчи тиббий-илмий муассасалар ва хориждаги нуфузли илмий марказлар билан ҳамкорликни йўлга қўйган.
Марказда бугунги кунда давлат гранти асосида умуртқа поғонаси деформацияларини коррекциялашда янги технологияларни қўллаш усуллари юзасидан иккита илмий лойиҳа ҳаётга татбиқ этилмоқда. Кейинги йилларда бу борада амалга оширилаётган изланишлар натижасида диагностика ва даволашда бир қатор замонавий усуллар яратилди. Болаларда сон суяги емирилишини даволашнинг янгича тамойиллари, чаноқ-сон бўғимини эндопротезлаш амалиёти бажарилган беморларни тиббий реабилитациялашнинг такомиллашган усуллари, вертебропластика операцияси, тизза бўғимлари артроскопияси, диск чуррасини эндоскопия усулида текшириш ва даволашнинг янги технологиялари амалиётга татбиқ этилди. Бунинг самарасида ногиронларнинг саломатлигини яхшилашда салмоқли натижаларга эришилмоқда.
Хизмат кўрсатишнинг янада самарали йўлларини қўллаш мақсадида бир қанча хорижий мамлакатлар илмий марказлари, жумладан, Россия, Германия, Украина, Беларусь олимлари ва мутахассислари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган халқаро анжуманлар илмий-амалий ютуқларни оммалаштириш ва жаҳон тиббиётининг илғор тажрибасини ўзлаштириш имконини бермоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 30 майдаги “2011-2015 йилларда ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ногиронларга кўрсатилаётган тиббий ёрдамни янада такомиллаштиришда муҳим омил бўлаётир.
Мазкур қарор асосида Республика ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказининг даволаш корпуси реконструкция қилинди. Умуртқа поғонаси жароҳати ва патологияларини даволаш бўлими учун 54 ўринли янги бино қурилиб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек, марказ диагностика ва даволаш ишларини янада ривожлантириш мақсадида компьютер томограф, артроскоп, эндоскоп, электромиограф, эхокардиограф, электроэнцефалограф, гастрофиброскоп, допплер, физиотерапия, жисмоний машқларни ўтказиш учун тренажёрлар, биокимё лабораторияси жиҳозлари билан таъминланди. Бунинг натижасида диагностика ва даволаш ишлари сифати ошди, реабилитация ишлари натижасини тўлиқ аниқлаш имконияти кенгайди.
Марказ ўз фаолиятини бошлаган дастлабки даврларда асосан реабилитация тадбирлари асосий ўринни эгаллаган бўлса, бугунги кунга келиб ногиронларни ижтимоий муҳитга мослаштириш, жамиятга фаол интеграциялаш ва касбга йўналтириш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада жойлардаги бандликка кўмаклашиш марказлари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик ўз самараларини бераётир.
Ногиронларни протез-ортопедия маҳсулотлари билан таъминлаш борасида ҳам кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Республика ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш маркази ҳузурида фаолият юритаётган «Ортопедия – реабилитация» корхонасида бугунги кунда таянч-ҳаракат тизимлари учун зарур бўладиган протез-ортопедия маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Мазкур маҳсулотларни ишлаб чиқаришда жаҳондаги илғор технологияларни ўзлаштириш ва амалиётга татбиқ этиш юзасидан тараққий этган мамлакатларнинг етакчи корхоналари билан ҳамкорлик ўрнатилган.
Даволаш-диагностика ишларини такомиллаштириш билан бир қаторда ногиронларнинг тиббий-ижтимоий реабилитациясига оид стандартларни ишлаб чиқиш борасида ҳам изчил ишлар олиб борилаётир. Ногиронларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, уларни даволаш, ижтимоий муҳофазалаш борасида кўрилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида кўплаб ногиронлар соғлом ҳаётга қайтмоқда.
Бу юртимизда амалга оширилаётган инсонпарварлик сиёсати, халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида олиб борилаётган ишларнинг самараларидир.
Манба: www.uza.uz