UZ RU
02.12.2014

Юртимиз фаровонлиги ва ризқимиз бутунлиги

“Ўзэкспомарказ”да очилган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати маҳсулотлари кўргазмаларида яққол намоён бўлмоқда

“UzAgroExpo – 2014” ва “UzProdExрo – 2014” номли ушбу халқаро кўргазмалар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Фермерлар кенгаши, Савдо-саноат палатаси, Чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар, Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмалари, Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан “IEG Uzbekistan” халқаро кўргазма компанияcи билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Кўргазмаларнинг очилишида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар халқимиз фаровонлигини юксалтиришда муҳим омил бўлаётгани таъкидланди.

Қишлоқ хўжалигида бозор муносабатлари жорий этилгани, фермерлик ҳаракатига кенг йўл очилгани, деҳқонларнинг дунёқараши, меҳнатга муносабати ўзгаргани, улар зарур техника ва ресурслар билан таъминлангани самарасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми йилдан-йилга ошиб бормоқда. Ўз навбатида, уларни қайта ишлаш ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш саноати ҳам жадал ривожланмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда қарийб етти мингта шундай корхона фаолият кўрсатмоқда. Уларда ишлаб чиқарилаётган сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари юртимиз бозорларини тўлдириб, экспортга ҳам йўналтирилмоқда.

2012-2015 йилларда озиқ-овқат саноатини кенгайтириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари дастури ҳамда 2012-2015 йилларда қишлоқ хўжалиги хомашёсини чуқур қайта ишлаш, озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш ва уларнинг турини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар дастури соҳа корхоналари фаолиятини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси юздан зиёд корхонани ўз таркибида бирлаштирган. Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига яратилаётган қулайликлар натижасида маҳсулотлар тури кўпаймоқда. Масалан, соя, махсар, кунгабоқар каби таркибида мой бўлган ўсимликларни етиштириш учун ажратилаётган ер майдонларида ёғ-мой корхоналари томонидан йилига ўртача 95 минг тонна хомашё тайёрланиб, қайта ишланмоқда. Нон корхоналарида уч юздан зиёд турдаги нон маҳсулотлари тайёрланмоқда. Қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ҳам катта ютуқларга эришилаётир. Уюшма корхоналарида бир йилда 1300 тоннадан ортиқ конфет, вафли, карамель, мармелад, ҳолва ва бошқа ширинликлар ишлаб чиқарилаётир. Етмиш турдан ортиқ сут маҳсулотлари, сариёғ, пишлоқ, йогурт ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 2013-2015 йилги инвестиция дастурига мувофиқ мева шарбатлари ва мураббо ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича уч юзга яқин лойиҳа амалга оширилмоқда.

Бу йил ўнинчи бор ўтказилаётган “UzAgroExpo” ва “UzProdExрo” халқаро кўргазмаларида Ўзбекистон, Германия, Испания, Италия, Нидерландия, Франция, Беларусь, Россия, Украина, Туркия каби мамлакатларнинг етакчи фирма ва компаниялари ўз маҳсулот ва хизматлари билан иштирок этмоқда.

– Компаниямиз мева-сабзавотларни сақлашга мўлжалланган совутиш ва музлатиш ускуналари, техника ва технологияларини ишлаб чиқариш билан шуғулланади, – дейди “Geerlofs” компаниясининг экспорт масалалари бўйича менежери Питер Ян Роббемонт (Нидерландия). – Маҳсулотларимиз олтмишдан зиёд мамлакатга экспорт қилинади. Мазкур кўргазмада учинчи марта иштирок этяпмиз. Ҳамкорларимиз сафи йилдан-йилга кенгаймоқда. Ўзбекистонда барча соҳалар қатори қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати ҳам изчил ривожланаётгани эътиборга молик. Ўзбекистонда етиштириладиган мева-сабзавотлар ва полиз экинлари бутун дунёда севиб истеъмол қилинади, жуда қадрланади. Мамлакатингиздаги иқтисодий эркинлик ва қулай инвестиция муҳити хорижликларнинг ҳамкорликка қизиқишини оширмоқда.

Мамлакатимиз озиқ-овқат саноатида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси мазкур кўргазмаларда намойиш этилаётган маҳсулотлар тури ва сифатининг йилдан-йилга ошиб бораётганида ҳам ўз ифодасини топмоқда.

– Корхонамизда иссиқхона ва боғлар учун томчилатиб суғориш технологиялари ишлаб чиқарилади, – дейди “Eco Drip” масъулияти чекланган жамияти менежери Шоҳрух Исмоилов (Ўзбекистон). – Бундай технология сувни тежаш, экинни бир меъёрда суғоришда муҳим аҳамиятга эга. Маҳсулотларимиздан фойдаланилганда меҳнат сарфи, ўғит ва сув харажати сезиларли даражада камайиб, ҳосилдорлик ошади. Мамлакатимизда бундай технологияларни кенг жорий этишга катта эътибор қаратилаётганидан унумли фойдаланиб, ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш ва маҳсулот турини кўпайтиришни мақсад қилганмиз.

“UzAgroExpo” ва “UzProdExрo” кўргазмалари қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатининг барча замонавий йўналиш ва маҳсулотларини ўзида мужассам этган. Унда қишлоқ хўжалиги техникаси, чорвачилик, паррандачилик, ветеринария, ўсимликшунослик, боғдорчилик, бошқарув ва хизматлар, озиқ-овқат саноати техникаси ва технологиялари, қадоқлаш, озиқ-овқат маҳсулотларига оид кўплаб бўлимлар ишлаб турибди.

– Ушбу кўргазмалар Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати изчил ривожланиб бораётганидан далолат беради, – дейди “Facco” компанияси минтақавий директори Микеле Преаро (Италия). – Мамлакатингизда бизнес юритиш учун барча зарур шароит, қонун билан кафолатланган преференциялар мавжуд. Бу ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун кенг имкониятлар яратмоқда. Компаниямиз паррандачилик ускуналари, тез барпо этиладиган панел иншоотлар, ўғит ташиш машиналари, ем-хашак минизаводлари, бройлерлар учун қафасли батареялар ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Мақсадимиз янги ҳамкорлар топиш ва ўзаро фойдали алоқалар ўрнатишдан иборат.

Кўргазмада маҳсулот ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчиларнинг замонавий технология ва ишланмалари – дўкон ва супермаркетлар учун автоматлаштирилган тизимлар, мева ва сабзавот етиштириш учун осма ускуналар, сақлаш қурилмалари, музлаткичлар тадбиркорларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Кўргазманинг “Жиҳозлар уйи” бўлимида савдо марказлари, озиқ-овқат дўконлари, ресторан, бар, ошхона, меҳмонхона, новвойхона, кирхоналар учун асбоб-ускуналар намойиш этилмоқда.

“Чорвачилик ва ветеринария” бўлимида қорамол, парранда, қўй ва балиқлар учун витаминли қўшимчалар, чорва боқиш ва соғишга кўмаклашувчи мосламалар, ем-хашак тайёрлаш ускуналари ва бошқа жиҳозлар тақдим этилган.

Озиқ-овқат маҳсулотининг сифатлилиги, хавфсизлиги ва харидоргирлигини таъминлашда қадоқлаш технологияси муҳим ўрин тутади. Кўргазмада қадоқлаш ва реклама воситалари ишлаб чиқарувчи корхоналар таклиф этаётган маҳсулотлар шу жиҳатлари билан ҳам кўпчиликнинг эътиборини тортмоқда.

“UzAgroExpo” ва “UzProdExрo” халқаро кўргазмалари мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатини янада ривожлантириш, соҳага хориж сармоясини жалб этиш, қўшма корхоналар ташкил этиш, замонавий талаб ва таклифларни ўрганиш ҳамда товар айирбошлашни кенгайтиришга хизмат қилади.

Манба: uza.uz