UZ RU
18.11.2014

Эпидемиологик барқарорлик доимий назоратда

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бугунги кунда Африканинг Гвинея, Сьерра-Леоне, Либерия, Конго Демократик Республикаси, Нигерия ва Сенегал давлатларида одамлар орасида ўта хавфли вирусли, юқори юқувчанликка эга эбола иситмаси касаллиги бўйича эпидемиологик вазият мураккаблашмоқда. Жорий йилнинг 15 октябрига қадар тўққиз минг нафарга яқин бемор рўйхатга олинган, уларнинг қарийб ярми шу касалликдан вафот этган.

Мазкур халқаро ташкилотнинг шу йил 8 августда бўлиб ўтган йиғилишида эндемик ҳудудларда эбола иситмаси бўйича юзага келган ушбу ҳолат “Дунё миқёсидаги хавф” деб баҳоланди.

Хўш, ушбу глобал муаммонинг пайдо бўлишига, инсон саломатлиги ва ҳаётига жиддий таҳдид туғдиришига сабаб бўлган омиллар нималардан иборат? Мамлакатимизда ушбу хавфли инфекция кириб келишининг олдини олиш ва касалликдан ҳимояланиш бўйича қандай чора-тадбирлар кўрилмоқда?

ЎзА мухбирининг Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари, Республика Бош давлат санитария врачи Саидмурод САИДАЛИЕВ билан суҳбати шу хусусда бўлди.

– Эбола вируси қўзғатадиган эндемик касаллик асосан Африка қитъаси давлатларида учрайди, – дейди С.Саидалиев. – Ушбу хасталик биринчи маротаба 1976 йили Конго Демократик Республикаси ҳудудидан оқиб ўтадиган Эбола дарёси бўйида жойлашган аҳоли пунктларида рўйхатга олинган ва шу боис ушбу ном билан юритила бошланган. Касалликнинг асосий клиник белгиси иситма бўлгани боис, эбола иситмаси деб ҳам аталади.

Бугунги кунгача Европанинг бир қатор давлатларида ҳам ушбу касаллик қайд этилган.

Экспертлар фикрича, касалликнинг Африканинг ғарбий давлатларида бундай тез тарқалишига соғлиқни сақлаш тизими даражаси пастлиги, эпидемияга қарши кураш хизматлари ва тизимининг деярли йўқлиги, даволаш-профилактика муассасаларининг шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланмагани, аҳолининг тиббий-санитария маданияти етарли даражада эмаслиги ва касаллик манбаи деб гумон қилинаётган баъзи ёввойи ҳайвонлар гўштининг истеъмол қилиниши сабаб бўлмоқда.

– Касаллик бўйича юртимиздаги эпидемиологик вазият, эпидемияга қарши олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳақида тўхталсангиз.

– Эбола иситмаси минтақамизга хос касаллик бўлмагани учун маҳаллий ҳолат сифатида рўй бермайди. Аммо ҳозирги глобаллашув жараёнида ҳалқаро савдо-иқтисодий, сайёҳлик ва бошқа алоқаларнинг жадал суръатларда ривожланиши, айниқса, ҳаво транспорти орқали йўловчи қатновининг кенгайиши дунёнинг исталган давлатида мазкур касаллик кириб келиши ва тарқалиши хавфини юзага келтиради.

Шу боис Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик, идора ва ташкилотлар билан хамкорликда ушбу касаллик мамлакатимиз ҳудудига кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича изчил чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Тошкент халқаро аэропортининг учиб келиш залларига ўрнатилган замонавий тепловизорлар орқали келаётган ҳар бир авиайўловчи тиббий текширувдан ўтказилмоқда. Шундай тепловизорлар сайёҳлар ва тадбиркорлар кўп келадиган Бухоро, Самарқанд, Урганч ва Навоий шаҳарлари аэропортларига ҳам ўрнатилган. Тиббий текширувларни ўтказишга “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси давлат санитария-эпидемиология назорати марказининг санитария-назорат бўлими мутахассислари билан бир қаторда Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли вирусология ва эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-тадқиқот институтлари клиникалари шифокорлари ҳам жалб этилди.

Давлат чегараларини кесиб ўтиш жойларидаги санитария-назорат пунктларида мамлакатимиз ҳудудига кириб келаётган фуқаролар замонавий пирометрлар (масофадан тана ҳароратини ўлчаш жиҳози) ёрдамида текширилмоқда. Барча санитария-назорат пунктлари мутахассислари етарли миқдорда замонавий шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланган.

Агар авиайўловчилар ва мамлакатимиз чегараларини кесиб ўтаётган фуқаролар орасида касалликка гумон қилинганлар аниқланса, санитария-назорат бўлими ходимлари, аэропортда навбатчилик қилаётган мутахассислар ҳамда аэропорт тиббий пункти тиббиёт ходимлари билан биргаликда тегишли чора-тадбирлар амалга оширилади.

Вирусология илмий-тадқиқот институти клиникасида эбола касаллигига гумон қилинганларни госпитализация қилиш мақсадида босими бошқариладиган махсус бокслар ҳозирланган. Клиникада етарли миқдорда зарур дори-дармонлар, шахсий ҳимоя ва зарарсизлантирувчи воситалар захираси тайёрланган. Вилоят юқумли касалликлар шифохоналарида ҳам захира яратилди.

2014 йилнинг октябрь ойидан хорижий сафардан қайтаётган юртдошларимизнинг саломатлиги юқумли касалликлар шифокори билан кучайтирилган таркиб ёрдамида тепловизорлар воситасида назорат қилиб борилмоқда.

Врачлар ва ўрта тиббиёт ходимларининг ҳушёрлиги, билим ва савиясини ошириш мақсадида санитария-эпидемиология назорати марказлари мутахассислари, юқумли касалликлар шифокорлари ва вирусологлар иштирокида эбола иситмаси этиологияси, патогенези, клиникаси, ташхиси, даволаш усуллари, профилактикаси ва эпидемияга қарши курашиш чора-тадбирларига бағишланган семинарлар ўтказилмоқда.

Касалликка қарши курашишнинг муҳим йўналишларидан бири аҳоли ўртасида санитария-эпидемиология тадбирларини юқори савияда ташкил этиш ва тиббий-санитария тарғиботини кенгайтиришдир. Бу борада жойларда зарур чора-тадбирлар ташкил этилаётир. Амалга оширилаётган бундай ишлар натижасида юртимизда санитария-эпидемиология ҳолати барқарорлиги таъминланмоқда.

– Касалликнинг клиник белгилари қандай намоён бўлади?

– Эбола иситмаси касаллигининг яширин даври 2 кундан 21 кунгача давом этиши мумкин. Бунда тана ҳарорати кўтарилади, иситма, ич кетиши, қорин ва мушакларда оғриқ, қусиш, милкдан, бурундан, ошқозон-ичаклардан қон кетиши кузатилади. Бундай белгилар аниқланганда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш керак.

Шуни афсус билан таъкидлаш зарурки, бугунги кунгача касалликнинг махсус даволаш усуллари ва эмлаш воситалари ишлаб чиқилмаган. Касалликнинг профилактикаси сифатида эбола иситмаси авж олган ҳудудларга боришни вазият изга тушгунча тўхтатиш, эпидемия ўчоқларидан бошқа ҳудудларга борганларни тиббий кузатувга олиш муҳим аҳамиятга эга.

Хонадонларда эса тиббий-санитария маданиятига қатъий риоя этиш, шахсий гигиена, соғлом турмуш тарзига амал қилиш ҳар бир инсоннинг бурчидир. Бу орқали ҳар бир инсон ўзи ва яқинларининг саломатлигини муҳофазалаш, шунинг баробарида юртимизда санитария-эпидемиология муҳитини барқарор сақлашга муносиб ҳисса қўшган бўлади.

Манба: uza.uz