Ўзбекистон – фарзандлари соғлом юрт
«Туркистон» саройида болалар саломатлигини муҳофаза қилишнинг устувор йўналишлари ва модернизацияси мавзусида мамлакатимиз педиатрларининг VII съезди очилди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази, Тошкент педиатрия тиббиёт институти, Ўзбекистон педиатрлар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда сенаторлар, депутатлар, вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари, шунингдек, АҚШ, Германия, Жанубий Корея, Австрия, Польша, Ҳиндистон, Россия, Туркия, Чехия, Словакия каби давлатлар ва халқаро ташкилотлардан вакиллар иштирок этмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари А.Хаммерих, БМТ Болалар жамғармаси – ЮНИСЕФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси бошлиғи Р.Фудерич ва бошқалар болалар манфаатлари ва ҳақ-ҳуқуқларини муҳофазалаш, оилада соғлом фарзанд дунёга келиши ва камолга етишини таъминлаш, навқирон авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол этиб вояга етказиш Ўзбекистонда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишини ташкил этишини алоҳида таъкидлади.
Мамлакатимизда бу йўналишдаги чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этишнинг мустаҳкам ҳуқуқий механизми яратилган. Ўзбекистонда БМТнинг «Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги конвенцияси ва бир қатор халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ратификация қилинган.
Тиббиёт соҳасини ислоҳ этиш, аҳолининг барча қатлами, жумладан, болаларга жаҳон андозалари даражасида тиббий ёрдам кўрсатишнинг самарали тизимига асос солинди. “Соғлом она – соғлом бола” мақсадли дастурини изчиллик билан ҳаётга татбиқ этишда давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир.
Мамлакатимизда болаларга шошилинч ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш ишлари жаҳон андозалари даражасида такомиллашиб бораётир. Бу йўналишда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг педиатрия мажмуаси ва Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази фаолияти йўлга қўйилгани юксак самаралар бераётир. Мазкур тиббиёт масканларида касалликларга ташхис қўйиш ва даволашда илғор тиббий асбоб-ускуналар ва технологиялардан самарали фойдаланилмоқда. Ушбу шифо муассасаларининг вилоятларда ҳам филиаллари ташкил этилгани малакали тиббий ёрдамни болаларга яқинлаштиришда муҳим омил бўлаётир.
Педиатрия хизматини такомиллаштириш ва ўсиб келаётган авлод саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилаётган бундай изчил чора-тадбирлар натижасида юртимизда болалар ўлими кескин камайди, юқумли касалликлар тарқалишининг олди олинмоқда. «Она-бола» скрининг давлат дастурида белгиланган вазифалар ҳаётга татбиқ этилиши туфайли ирсий ва туғма нуқсонли болалар туғилиши 1,8 марта камайди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда вояга етаётган болаларнинг 92 фоизи ривожланиш кўрсаткичлари бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг стандартларига тўла мос келади. Мамлакатимизда мутлақо соғлом болалар кўрсаткичи йилдан-йилга ошмоқда. Бу соғлом онадан соғлом бола туғилади, деган эзгу тамойилнинг амалдаги ифодасидир.
Президентимиз таъкидлаганидек, фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур, қудратли юртнинг фарзандлари соғлом бўлур.
Мамлакатимизда тиббий-ижтимоий соҳада эришилаётган бундай ютуқлар халқаро миқёсда ҳам кенг эътироф этилмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан Ўзбекистоннинг оналик ва болаликни муҳофазалашга оид миллий модели тараққий этган мамлакатларга намуна сифатида тавсия этилгани бунинг яққол далилидир.
Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 1 августдаги “2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарори асосида ва “Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида бундай эзгу ишлар кўлами янада кенгаяётир.
Педиатрия соҳасини ривожлантиришга йўналтирилган лойиҳалар ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Хусусан, 2014 йилги Инвестиция дастури доирасида Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд ва Тошкент вилоятларидаги болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари, Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасининг хирургия бўлими реконструкция қилингани бунга мисолдир.
Инвестиция дастури доирасида амалга оширилган кенг кўламли модернизация ва бунёдкорлик ишлари натижасида Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази ҳам янги қиёфага эга бўлди. Марказнинг замонавий андозалар даражасида барпо этилган маслаҳат-ташхис поликлиникаси ва даволаш бўлимлари энг замонавий диагностика ва даволаш технологиялари билан жиҳозланди.
Марказда жаҳон тиббиётининг янги даволаш услубларини ўзлаштириш юзасидан кенг қамровли илмий-амалий ишлар олиб борилаётир. Бунинг натижасида заиф эшитадиган болаларда дунё миқёсида кенг қўлланилаётган кохлеар имплантация амалиёти жорий этилди.
Тиббиётнинг кундан-кунга ривожланиши натижасида яна бир муҳим ютуқ – соғлом туғилиш кўрсаткичлари ортди. Бугунги кунда жаҳон тиббиётида беш юз грамм туғилган болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун курашиш имконияти юзага келди. Ушбу йўналишда қўлланиладиган илғор технологиялардан мамлакатимиз тиббиётида ҳам самарали фойдаланилмоқда.
Педиатрияда жарроҳлик амалиётини бажаришда кам инвазивли усулларнинг қўлланилиши бемор болаларни соғлом ҳаётга қайтаришда муҳим аҳамиятга эга. Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказининг ушбу йўналишда қўлланиладиган замонавий аппаратлар билан жиҳозлангани ва янги даволаш усулларининг ўзлаштирилаётгани касалликларни барвақт аниқлаш ва болалар саломатлигини мустаҳкамлашда қўл келаётир.
Анжуман иштирокчилари мамлакатимиз тиббиётида эришилаётган бундай ўзига хос ютуқларни юқори баҳолади. Ўзбекистон БМТ Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича глобал жараённинг фаол иштирокчиси экани ва бу борада давлатлар олдига қўйилган вазифаларни мамлакатимиз ҳаётга муваффақиятли татбиқ этаётгани, кўплаб кўрсаткичлар бўйича етакчилик қилаётганини таъкидлади.
– Ўзбекистонда 2009 йилдан буён иш олиб боряпман, – дейди Ульма университети клиникаси педиатрия ва ўсмирлар тиббиёти бўлими бошлиғи, профессор Михаил Ляйксенринг (Германия). – Мамлакатингизда тиббиётнинг бирламчи бўғинидан тортиб ихтисослашган марказларгача бўлган тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар алоҳида эътиборга лойиқ. Бугун айрим тараққий этган давлатларда ҳам тиббий-ижтимоий соҳаларни молиялаштириш ҳажми камайиб бораётган бир пайтда Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини давлат томонидан молиялаштириш миқдори йилдан-йилга ортаётир. Шифокорлар, айниқса, бу соҳага энди кириб келаётган ёшларнинг билимга чанқоқлиги Ўзбекистон тиббиётининг келажаги порлоқлигидан далолат беради. Ушбу анжуман педиатриянинг долзарб масалаларини ҳамкорликда кўриб чиқиш, янгиликларни оммалаштириш, истиқболдаги вазифаларни белгилаб олиш учун яхши имкониятдир.
– Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази билан танишув бизда катта таассурот қолдирди, – дейди Австриянинг “Medel” компанияси менежери Алексей Илченко. – Педиатрия соҳасида барча замонавий хизматларнинг бир жойда жамлангани аҳоли учун катта қулайлик яратади. Бу ерда жаҳоннинг етакчи клиникаларида амалга ошириладиган юқори технологияли тиббий муолажаларни бажариш учун барча имкониятлар ҳозирлангани диққатга сазовордир. Хусусан, эшитиш аъзолари заиф болаларда кохлеар имплантация амалиётини ўтказиш учун замонавий шароитлар мавжуд. Бизнинг компаниямиз бу жараёнда қўлланиладиган тиббий технологияларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Ўзбек шифокорлари билан бу йўналишдаги ҳамкорлигимиз тиббиёт ютуқларини янада ривожлантириш, педиатрияда ўз ечимини кутаётган устувор масалаларни ҳаётга татбиқ этишга хизмат қилади.
Форум доирасида мамлакатимиз олимлари ва хорижлик мутахассислар иштирокида педиатриянинг долзарб масалалари бўйича фикр алмашувлар, педиатрияда кам инвазивли жарроҳлик, қулоқ, томоқ, бурун касалликларини жарроҳлик йўли билан даволашдаги замонавий ёндашувлар бўйича кўргазмали операциялар ташкил этилади.
Ўзбекистон тиббиётининг ютуқлари, оналар ва болалар саломатлигини муҳофазалаш бўйича яратилган тизимнинг ўзига хос жиҳатлари акс этган кўргазма ва ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг концерт дастури тадбирга янада файз киритди.
Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Икромов сўзга чиқди.
Манба: uza.uz