UZ RU
07.11.2014

Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур

Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, 40-модда.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш, халқимизнинг соғлом ва фаровон ҳаёт кечириши учун қулай шарт-шароит яратиш тиббий-ижтимоий соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишига айланди. Бу инсон манфаатларини муҳофазалаш, фуқароларнинг соғлом ва узоқ умр кечиришини таъминлашда муҳим омил бўлаётир.

“Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида кенг кўламли чора-тадбирларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани бу борадаги ютуқлар салмоғини янада оширмоқда.

“Соғлом она – соғлом бола” ғоясини ўзида мужассам этган миллий дастур муваффақиятли ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бу борада она-бола скрининги, перинатал хизматлар тармоғи тобора такомиллаштирилмоқда. Икки ёшгача бўлган болаларни юқумли касалликларга қарши бепул эмлаш йўлга қўйилган. Миллий эмлаш тақвими янги вакциналар билан бойитилмоқда.

Жорий йил ўткир юқумли ичак касалликларининг олдини олиш мақсадида ротавикс вакцинаси амалиётга татбиқ этилди. Бундай тадбирлар натижасида полиомиелит, қоқшол, дифтерия, қизамиқ каби касалликлар бутунлай бартараф этилди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Соғлом бола йили” Давлат дастурининг ижросини таъминлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, изчил амалга оширилаётир. Бунинг натижасида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, шифокорларнинг малака ва маҳоратини юксалтириш, жаҳон тиббиётининг илғор ютуқларини амалиётга кенг татбиқ этиш бўйича қатор ютуқларга эришилди.

– Она ва болага кўрсатилаётган бирламчи тиббий-профилактика ёрдамини янада ривожлантириш тиббий ислоҳотларнинг устувор йўналишини ташкил этади, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлигининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилфуза Ҳасанова.– 2014 йилда мазкур йўналишда фаолият юритаётган мутахассисларнинг малакасини ошириш дастури доирасида 750 нафар умумий амалиёт шифокорлари ўқув курсларига жалб этилди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг оналик ва болаликни муҳофазалашга оид замонавий технологияларни жорий этиш борасидаги тавсиялари асосида беш мингдан ортиқ акушер-гинеколог, неонатолог ва педиатрнинг малакаси оширилди. Бирламчи тиббиёт муассасалари ходимларининг 155 нафари репродуктив саломатликни муҳофазалаш бўйича замонавий технологиялар юзасидан билим ва тажрибасини янада бойитди.

Бирламчи бўғин тиббиёт ходимларига амалий ёрдам бериш мақсадида мамлакатимизда саккиз марта мониторинг ҳафталиги ўтказилиб, Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент педиатрия тиббиёт институти ва клиникалари, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти, Республика перинатал маркази, Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт ва Аҳоли репродуктив саломатлик марказларининг юқори малакали 345 мутахассиси ҳудудларга сафарбар килинди. Ҳудудий мутахассислар томонидан туғруқ ёшидаги аёллар ва болалар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди, касаллик аниқланганлар соғломлаштирилди.

Никоҳланувчи ёшларни тиббий кўрикка тўлиқ қамраб олиш бўйича тизимли ишлар олиб борилаётир. Бу жараёнда касаллик аниқланганларга диспансерларга йўлланмалар берилмоқда, амбулатор ва стационар шароитда соғломлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, соғлом оилани шакллантириш, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш борасида тарғибот тадбирлари мунтазам ташкил этилаётир. Соғлом турмуш тарзига оид тарғибот ишларини янада кенгайтириш мақсадида интерактив портал яратиш бўйича ишлар амалга оширилаётир.

“Соғлом бола йили” Давлат дастурида болалар саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида мактабгача тарбия муассасалари ва мактаб ўқувчиларига тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини ошириш билан боғлиқ кенг кўламли вазифалар белгиланган эди. Жорий йилнинг тўққиз ойи мобайнида мактабгача тарбия муассасалари тарбияланувчилари, умумтаълим мактаблари ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари тиббий профилактик кўрикдан ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 1 августдаги “2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарори асосида оналик ва болаликни муҳофазалаш йўналишида амалга оширилаётган ишлар, давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик лойиҳалари кўлами янада кенгаймоқда.

Аҳолига бирламчи тиббий-профилактика ёрдами кўрсатишда қишлоқ врачлик пунктларининг ўрни ошиб бораётир. Жорий йилда бирламчи тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, самарасиз фаолият юритаётган ҚВПларни мақбуллаштириш юзасидан изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 177 ҚВПни капитал ва жорий таъмирлаш режалаштирилган бўлиб, 2014 йил 1сентябрь ҳолатига улардан 132 тасида таъмирлаш ишлари якунланди. ҚВПларда аҳолини мунтазам чуқурлаштирилган ва профилактик кўриклардан ўтказиш ишлари режа асосида бажарилаётир. Ушбу тиббиёт муассасаларида яратилган замонавий шароитлар бундай тадбирларни ўз вақтида ва жаҳон тиббиёти андозаларига мос тарзда ташкил этиш имконини бераётир. Бирламчи касалликларни эрта босқичда аниқлаш ва самарали даволашга эришилмоқда.

Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш соҳасида эришилган ютуқлардан яна бири ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимидир. Ҳозирги кунда юртимизда тиббиётнинг муҳим йўналишлари бўйича ўнта республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт маркази аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Марказларда амалга оширилган операциялар ва диагностика муолажаларининг асосий қисми юқори технологияларга асосланган бўлиб, бунинг натижасида илгарилари даволаш имконияти бўлмаган кўпгина оғир хасталикларни самарали даволаш ва беморларни соғлом ҳаётга қайтаришга эришилаётир.

Ана шундай замонавий ташхис ва даволаш усулларини юртимизнинг барча ҳудудларидаги шифохоналарда кенг жорий этиш, такомиллашган тиббий хизматни аҳолига янада яқинлаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Бунинг натижасида ҳудудий шифохоналарда 300 га яқин янги замонавий даволаш ва ташхис усуллари амалиётга татбиқ қилинди.

Бундай ишлар кўламини янада кенгайтириш ва аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишни замонавийлаштиришда соғлиқни сақлашнинг моддий-техник базасини ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади. 2014 йилга мўлжалланган Инвестиция дастури доирасида 137 тиббиёт объектини барпо этиш ва реконструкция қилиш учун 382,4 миллиард сўм маблағ ажратилган. Жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра объектларда жами 306,8 миллиард сўмлик қурилиш-реконструкция ишлари бажарилган.

“Саломатлик-3” лойиҳаси доирасида туман тиббиёт бирлашмалари, оилавий поликлиникалар учун 7,16 миллион АҚШ долларилик жарроҳлик ва гинекологик асбоб-ускуналар ҳамда бошқа жиҳозлар харид қилинган. УТТ аппарати, портатив ЭКГ, гастрофиброскоп, музлаткич ва шприцли насос каби тиббий асбоб-ускуналар туман тиббиёт бирлашмаларига етказилмоқда.

Бундай чора-тадбирлар тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини такомилаштириш, оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, санитария-эпидемиология муҳити барқарорлигини сақлаш, касалликларнинг олдини олиш ва самарали даволашда ижобий натижа бераётир.

Президентимиз таъкидлаганидек, фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур, қудратли юртнинг фарзандлари соғлом бўлур.

Мамлакатимиздаги тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган соҳа ходимларининг касб малака ва маҳоратини ошириш, фидокорона меҳнатини муносиб қадрлаш ва рағбатлантириш, шифокорлар учун муносиб меҳнат шароитлари яратиш давлатимизнинг доимий диққат марказида. Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 2006 йил 12 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси шифокорларнинг касб байрами сифатида кенг нишонланади.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан шифокорлар ва ҳамшираларнинг билим ва малакасини ошириш, тиббиётнинг илғор ютуқларини кенг оммалаштириш юзасидан кўплаб амалий тадбирлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Соҳада эришилаётган тажрибаларни оммалаштириш мақсадида “Энг намунали ҚВП”, “Энг намунали оилавий поликлиника”, “Энг фаол умумий амалиёт шифокори”, “Энг фаол патронаж ҳамшира” каби танловлар ташкил этилмоқда.

Бундай кенг қамровли ишлар шифокорлик касбини улуғлаш, соҳа вакилларининг жамиятдаги мавқеини ошириш ва халқимизга кўрсатилаётган тиббий ёрдамни янада юксалтиришда ўз самараларини бераётир.

Манба: www.uza.uz