Репродуктив саломатлик ва соғлом авлод
Пойтахтимизда аҳолининг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш ва уни такомиллаштириш мавзусига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
“Оила” илмий-амалий маркази ташаббуси билан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика аҳоли репродуктив саломатлиги маркази, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда тиббиёт соҳаси мутахассислари, маҳалла фаоллари, ёшлар иштирок этди.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида истиқлол йилларида репродуктив саломатлик билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олиш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш устувор вазифага айланди. Бу жараёнда жамиятнинг бошланғич бўғини бўлган оиланинг ҳуқуқий асослари тобора мустаҳкамланмоқда. Зеро, жисмонан ва маънан соғлом авлодни тарбиялашда оиланинг ўрни беқиёсдир.
Аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оилалар тиббий маданиятини юксалтиришда тарғибот-тушунтириш ишларини изчил олиб бориш муҳим аҳамият касб этади. Республика “Оила” илмий-амалий маркази ҳамда БМТ Аҳолишунослик жамғармаси ҳамкорлигида Навоий, Хоразм, Сурхондарё вилоятларида мавзуга оид турли маданий-маърифий тадбирлар, учрашувлар, семинар-тренинглар ташкил этилди. Ушбу тадбирларда тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилган ҳудудлардаги ўзгаришлар, ютуқ ва камчиликлар таҳлил этилди.
Анжуманда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимидаги устувор вазифалар, оналар ва болалар саломатлигини тиклашнинг долзарб масалалари, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишни такомиллаштиришга оид мавзуларда маърузалар тингланди.
Манба: www.uza.uz