Саломатлик ҳафталиги
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларни кучли ижтимоий ҳимоялаш, саломатлигини асраш масалаларига устувор вазифа сифатида алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Соғлом бола йили” Давлат дастурида чақалоқлар, болалар ва ўсмирларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, уларда учрайдиган касалликларга ташхис қўйиш ва даволашнинг юқори технологик усулларини жорий этиш ва кенг қўллаш масаласи муҳим вазифа сифатида белгиланган.
«Sen yolg'iz emassan» республика жамоатчилик болалар жамғармаси томонидан ота-она меҳридан бебаҳра болаларни мунтазам тарзда шифокорлар кўригидан ўтказиш, учраши эҳтимоли бўлган турли хасталиклар профилактикасини кучайтириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.
Шу кунларда мазкур жамоат ташкилоти ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлигида «Саломатлик ҳафталиги» ташкил этилиб, ушбу лойиҳа доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги Меҳрибонлик уйлари ва «SOS-болалар маҳаллалари» тарбияланувчилари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.
Лойиҳанинг асосий мақсади болаларда учраши мумкин бўлган хасталикларни эрта аниқлаб, даволаш ҳамда реабилитацион муолажаларни белгилаш, кейинчалик уларнинг соғлиғини доимий назоратга олишдир.
Тиббий кўрик якунида ҳар бир болага индивидуал профилактик чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади, хасталикка чалиниши эҳтимоли бўлган болалар ўз вақтида диспансер назоратига олинади.
Манба: uza.uz