UZ RU
08.11.2014

Абу Али ибн Сино мероси – бебаҳо хазина

Бухорода “Ибн Синонинг илмий-маънавий мероси – башарият учун бебаҳо хазина” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ибн Сино жамоат фонди, Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамда бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимиздаги тиббиёт олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, талабалар, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасалари масъул ходимлари иштирок этди.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида миллий қадриятларимизни тиклаш ва ривожлантириш, жаҳон цивилизациясига бебаҳо ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой илмий-ижодий меросини ўрганишга катта эътибор қаратилаётгани, давлатимиз раҳбарининг жорий йил май ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзусидаги халқаро конференциядаги маърузасида Ўрта асрларда Шарқ оламида яшаб ижод этган аллома ва мутафаккирларнинг илмий мероси чуқур таҳлил қилиниб, замонавий цивилизация ривожидаги ўрни ва ролига муносиб баҳо берилгани алоҳида таъкидланди.

Президентимиз ўз маърузасида Бухорода туғилиб ўсган тиббиёт илмининг султони Ибн Синонинг жаҳон илм-фани, хусусан, медицина тараққиётига қўшган бебаҳо ҳиссасини алоҳида таъкидлади. “Ислом оламининг энг машҳур файласуфи ва қомусий алломаси ҳамда инсониятнинг энг буюк мутафаккирларидан бири” деган унвонга сазовор бўлган Абу Али ибн Синонинг ҳаёти ва фаолияти авлодларда алоҳида ғурур ва эҳтиром туйғуларини уйғотишини қайд этди.

Илмий тадқиқот ишларини 16 ёшида бошлаган бу улуғ зот ўз умри давомида 450 дан ортиқ асар яратган. Улар тиббиёт ва фалсафа, мантиқ, кимё, физика, астрономия, математика, мусиқа, адабиёт ва тилшунослик соҳаларига бағишланган.

Абу Али ибн Сино ўзининг “Тиб қонунлари” асарида кейинги бир неча юз йиллар учун тиббиёт тараққиётининг асосий йўналишларини белгилаб берган. Ҳозирги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган ушбу асар орқали буюк олим амалий тиббиёт ва фармакология соҳаларининг энг муҳим усулларига асос солган. Бу асар қарийб 500 йил давомида дунёнинг етакчи университетларида ўқиб-ўрганиб келинган.

Дарҳақиқат, Ибн Сино бутун дунё эътироф этган буюк даҳодир. Уйғониш даврининг улкан вакили Дантенинг “Илоҳий комедия” асарига чизилган суратда Ибн Сино Авиценна номи билан Гиппократ ва Галлен билан ёнма-ён бирга тасвирланган. Ватандошларимизга ғурур уйғотадиган алоҳида жиҳати шундаки, Ибн Сино уларнинг ўртасида бошида тож кийган ҳолда тасвирланган. Демак, уни даҳоларнинг даҳоси, деб билишган. Ўтган асрда янги кашф этилган юлдузлардан бирига фалакиётшунослар томонидан Абу Али ибн Сино номи берилгани ҳам бежиз эмас.

Конференцияда Абу Али ибн Синонинг бой илмий мероси ва унинг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида батафсил сўз юритилди.

– Ўзбекистон замини қадимий меросга ғоят бой, – деди ЮНЕСКО фахрийси Майкл Бари Лейн. – Президент Ислом Каримов раҳнамолигида ана шу бебаҳо бойликлар – тарихий-меъморий ёдгорликларни асраб-авайлаш, улуғ алломалар меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Улуғ сиймолар ҳақида гап кетар экан, албатта, буюк ҳаким Абу Али ибн Сино номини тилга олмай ўтолмаймиз. Зеро, унинг асарлари бутун башарият маънавий мулкидир. ЮНЕСКО унинг номи билан Халқаро олтин медаль таъсис этгани бежиз эмас.

– Абу Али ибн Сино IХ-Х асрларда фаолият кўрсатган Маъмун академиясини ташкил этишда Абу Райҳон Берунийга катта ёрдам бергани тарихдан яхши маълум, – дейди Тошкент тиббиёт академиясининг Урганч филиали профессори Бахтиёр Дўсчанов. – Мазкур академия олимнинг илмий фаолиятида алоҳида аҳамиятга эга бўлган. Беш жилддан иборат машҳур “Тиб қонунлари” асарининг икки китобини айнан шу ерда ниҳоясига етказган.

“Тиб қонунлари”да касалликларнинг келиб чиқиш сабаблари, соғлом турмуш тарзи, оддий дори ва уларнинг таъсири, бош мия, ички ва ҳаракат аъзолари, безлар ҳолатлари, касалликнинг оғир кечиши сабаблари, юқумли хасталиклар, ўсмалар, яллиғланишлар, бўғин ва суяклардаги оғриқлар, дори турлари ва уларнинг тайёрланиши, шифобахш хусусиятлари атрофлича ёритиб берилган.

Анжуманда Абу Али ибн Сино таълимотининг бугунги замонавий тиббиётдаги ўрни, олимнинг жигар касалликлари, гематология, халқ табобати, жарроҳлик борасидаги қарашлари, ёш авлод тарбияси билан боғлиқ мавзулар атрофлича муҳокама этилди.

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Л.Тўйчиев, Ибн Сино жамоат фонди бошқаруви раиси, профессор Ш.Зокирхўжаев, Тошкент тиббиёт академияси профессори С.Аслонова ва бошқаларнинг мавзуга оид маърузалари тингланди.

– Президентимиз шу йил май ойида Самарқандда ўтган халқаро конференциядаги маърузасида ёшларга қарата “Буюк аждодларимиз билан фахрланишимиз, ғурурланишимиз керак. Айни пайтда фақат ғурурланишнинг ўзи етарли эмас, келинглар, ўзимиз ҳам улар каби мана шу бебаҳо меросга ўз ҳиссамизни қўшайлик!”, деган даъватлари бизга куч бағишламоқда, – дейди Бухоро давлат тиббиёт институти магистранти Равшан Боймуродов. – Мен бугунги кунда буюк бобомиз асарларида илгари сурилган узоқ умр кўриш – герантология йўналишида изланиш олиб бормоқдаман. Улуғ аллома асарларини ўқир эканмиз, инсон ҳаётида соғлом турмуш тарзи нақадар муҳим экани ҳақидаги фикрлари ҳамма замонларда ҳам долзарб бўлиб қолишига ишонч ҳосил қиламиз.

Ҳа, инсон ҳаёти, унинг ижтимоий фаоллиги, жамият ва оилага нечоғли наф келтириши аввало саломатлиги билан боғлиқ. Президентимиз раҳнамолигида барча соҳаларда бўлгани каби соғлиқни сақлаш тизимида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, соҳани такомиллаштириш, шифохоналарнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, малакали кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Ибн Синонинг бой меросини ўрганишда Европанинг кўплаб мамлакатларида катта тажриба тўпланган, – дейди Ибн Сино жамоат фонди бошқаруви раиси Ш.Зокирхўжаев. – Биз бу борада Франция ва бошқа давлатлардаги ташкилотлар билан ҳамкорлик ўрнатганмиз. Шарқ мамлакатлари билан амалий алоқаларимиз ҳам ривожланиб бормоқда.

Конференция иштирокчилари Абу Али ибн Сино номи билан аталувчи фавворалар хиёбони очилишида қатнашди. Аллома таваллуд топган Пешку тумани Афшона қишлоғидаги тиббиёт касб-ҳунар коллежида яратилган шароитлар ҳамда бобокалонимиз ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳикоя қилувчи музей билан танишди.

Конференцияда Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи М.Эсонов сўзга чиқди.

Манба: uza.uz