Саломатлик посбонлари шарафланди
Саломатлик посбонлари шарафланди
Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 2006 йил 12 сентябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида»ги қонунга асосан, мамлакатимизда ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси тиббиёт ходимлари байрами сифатида кенг нишонланади.
Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида 8 ноябрь куни ушбу санага бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат ва жамоат ташкилотлар вакиллари, олимлар, шифокорлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.Алимов, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси Т.Норбоева, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси М.Хўжамбердиев ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, инсон манфаатларини муҳофазалаш ва халқимизнинг соғлом ва узоқ умр кечиришини таъминлашда юксак самаралар бераётганини таъкидлади.
Соғлиқни сақлаш соҳасининг ҳуқуқий ва институционал базасини мустаҳкамлаш, тиббиёт муассасаларини модернизациялаш, замонавий илғор технологияларни тизимнинг барча йўналишларига изчил татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Бирламчи тиббий-профилактика ёрдамининг кўламини кенгайтириш борасида ўзига хос чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилди. Бунинг натижасида жойларда уч мингга яқин қишлоқ врачлик пункти ва оилавий поликлиникалар барпо этилиб, янги асбоб-ускуналар билан таъминланди. Ушбу йўналишда фаолият юритадиган малакали мутахассислар тайёрлаш тизими яратилди. Бугунги кунда қарийб саккиз ярим минг оила шифокори ва ўн етти мингдан зиёд патронаж ҳамшира халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида фаол хизмат қилмоқда.
«Соғлом она – соғлом бола» концепцияси асосида амалга оширилаётган ишлар кўлами ҳам кенгаймоқда. Оналик ва болаликни муҳофазалаш борасида тиббий-профилактика, перинатал, скрининг хизматлари, педиатрия, акушерлик ва гинекология соҳасига ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт ва репродуктив саломатлик марказлари томонидан амалга оширилаётган тиббий-ижтимоий лойиҳалар тобора такомиллашмоқда. Болаларни юқумли касалликларга қарши давлат томонидан бепул эмлашнинг миллий тақвими яратилиб, замон талаблари асосида янги-янги эмлаш воситалари билан бойитилмоқда.
«Соғлом бола йили» Давлат дастури ва давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 1 августдаги «2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида»ги қарори асосида бу йўналишдаги ишлар кўлами янада кенгаймоқда.
Мамлакатимизда аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш борасида шаклланган ноёб тизимлардан яна бири шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш марказларидир. Мамлакатимизда ушбу йўналишда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг жойларда 12 филиали, 173 бўлими фаолият юритмоқда. Кейинги йилларда мазкур тиббий хизматнинг моддий-техник базаси ва автотранспорт паркини такомиллаштириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.
Мамлакатимизда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, тизимнинг моддий-техник базасини ривожлантириш, жаҳон андозалари даражасидаги тиббиёт муассасаларини барпо этиш ва жиҳозлаш учун давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлар йилдан-йилга ортиб бораётир. 2012 йилда ушбу мақсадлар учун 256 миллиард сўм маблағ йўналтирилган бўлса, 2013 йилда бу кўрсаткич 300 миллиард сўмдан ортиқни ташкил этди.
Жорий йилда Инвестиция дастури доирасида 137 иншоотни барпо этиш ва реконструкция қилиш учун 407 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилди. “Саломатлик-3” лойиҳаси доирасида туман тиббиёт бирлашмаларига диагностика ва даволаш ишларида қўлланиладиган замонавий тиббий асбоб-ускуналар етказиб берилмоқда. Мазкур тадбирлар тиббий хизмат сифатини ошириш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида эришилаётган юксак натижалар халқаро миқёсда ҳам кенг эътироф этилмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан Ўзбекистоннинг оналик ва болаликни муҳофазалашга оид миллий модели кўплаб тараққий этган мамлакатларга намуна сифатида тавсия этилгани бунга ёрқин мисолдир.
Халқимиз саломатлигини асраш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган шарафли ва масъулиятли касб соҳиблари фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмокда.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бу борадаги ишлар кўламини кенгайтириш мақсадида тиббиёт ходимларининг касб малака ва маҳоратини ошириш, соҳада орттирилган илғор тажрибаларни оммалаштириш борасида қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. “Энг намунали қишлоқ врачлик пункти”, “Энг намунали оилавий поликлиника”, "Энг фаол умумий амалиёт врачи", “Энг фаол патронаж ҳамшира” каби номинациялар бўйича ўтказиб келинаётган анъанавий танлов шундай лойиҳалардандир.
Тадбирда ушбу танловнинг 2014 йилдаги ғолиблари эълон қилинди.
Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги "Даштмаҳалла" қишлоқ врачлик пункти "Энг намунали қишлоқ врачлик пункти" номинацияси бўйича биринчи ўринни эгаллади ва "Damas" автомобили билан тақдирланди.
Самарқанд шаҳридаги 1-оилавий поликлиника "Энг намунали оилавий поликлиника" деб топилди. Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туманидаги "Кегейли" қишлоқ врачлик пункти шифокори Жаркиной Акмалиева "Йилнинг энг фаол умумий амалиёт шифокори", Сирдарё вилояти Боёвут туманидаги "Фарҳод-2" қишлоқ врачлик пункти патронаж ҳамшираси Феруза Аллашукурова "Йилнинг энг яхши патронаж ҳамшираси" номинацияси бўйича ғолиб бўлди. Шу билан бирга Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани давлат санитария-эпедимиология назорати маркази болалар ва ўсмирлар гигиенаси бўлими санитария врачи ёрдамчиси Карима Ҳайдарова "Энг яхши санитария-эпедимиология назорати маркази ходими" деб топилди. Танлов ғолиб ва совриндорларига қимматбаҳо совғалар топширилди.
– Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан соғлиқни сақлаш тизимининг барча бўғини, жумладан, бирламчи тиббий-профилактика муассасалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида қишлоқларда ҳам аҳолига юксак технологиялар воситасида хизмат кўрсатадиган замонавий шифо масканлари барпо этилди, – дейди Ўзбекистон туманидаги "Даштмаҳалла" қишлоқ врачлик пункти мудири Ёрқин Қўзиев. – Бизнинг қишлоқ врачлик пунктимиз ана шундай замонавий тиббиёт масканларидан биридир. Бугунги кунда муассасамизда тиббий-профилактика тадбирларини юқори савияда ташкил этиш баробарида касалликларга ташхис қўйиш ва самарали даволашда энг сўнгги технологиялардан фойдаланмоқдамиз. Шифокорлар ва ҳамшираларнинг билим ва кўникмасини бойитиш мақсадида етакчи мутахассислар иштирокида доимий ўқув-услубий семинарлар, машғулотлар ўтказилмоқда. Бундай тадбирлар оилаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, халқимиз саломатлигини янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлаётир.
Байрам тадбири таниқли санъаткорлар ва ёш ижрочиларнинг концерти билан якунланди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Э.Боситхонова иштирок этди.
Манба: uza.uz