Соғлом турмуш – саломатлик гарови
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш сифати тобора юксалмоқда.
ОИВ/ОИТС касаллиги тарқалишининг олдини олиш бўйича Навоий вилоятида ҳам муайян натижаларга эришилмоқда. Бунда давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 26 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекциясининг тарқалишига қарши курашнинг самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлаётир.
Вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази ходимлари олиб бораётган тушунтириш-тарғибот ишлари самарасида хасталикни эрта аниқлаш имкони яратилаётир.
– Олиб борилаётган кенг кўламли тушунтириш-тарғибот ишлари доирасида никоҳланувчи ёшларни тиббий текширувдан ўтказиш, хорижда бўлиб қайтган меҳнат мигрантларини шундай кўрикларга жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқдамиз, – дейди вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази бош шифокори Кунсулув Шарипова. – “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, ички ишлар идоралари ҳамкорлигида ўтказилаётган тадбирларда ОИТС, гиёҳвандлик ва бошқа иллатларнинг келиб чиқиш сабаблари ва инсон саломатлигига салбий таъсири ҳақида сўз юритилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори бу борада муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда.
ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш самарадорлигини ошириш, ҳар томонлама соғлом бола туғилишини таъминлаш мақсадида никоҳдан олдинги тиббий кўрик жараёнида бўлажак келин-куёвлар ОИТС текширувидан ўтказилмоқда. Бунинг учун барча туман ва шаҳар поликлиникаларида зарур шарт-шароит яратилган.
Аҳоли, айниқса, ёшларнинг тиббий маданиятини юксалтириш мазкур касалликка қарши курашишнинг энг самарали йўлидир. Шунинг учун ҳам маҳаллаларда, таълим муассасаларида соғлом турмуш тарзи тарғиботи, тегишли меъёрий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини тушунтиришга бағишланган давра суҳбатлари, учрашув ва семинарлар мунтазам ташкил этилмоқда.
Амалга оширилаётган бундай кенг кўламли ишлар аҳолини огоҳликка чақириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, инсон ҳаёти ва саломатлигини ишончли муҳофаза қилиш, жисмонан соғлом ва маънан етук авлодни тарбиялашга хизмат қилмоқда.
Манба: www.uza.uz