Соғлом турмуш тарзи – касалликка қарши курашишнинг муҳим омили
Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда дунё мамлакатларини ташвишга солаётган турли юқумли хасталиклар, хусусан, ОИТС касаллиги тарқалишининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимиз томонидан қабул қилинган фармон ва қарорлар, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 сентябрдаги “2014-2016 йилларда ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш Давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада ошириш, тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда аҳолининг тиббий маданиятини юксалтиришга хизмат қилаётир.
Самарқанд вилоятида ҳам тегишли дастурлар асосида муайян ишлар амалга оширилиб, жумладан, вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази фаолияти такомиллаштирилди, моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Марказнинг ўзида, туман ва шаҳарлардаги тиббий муассасаларда замонавий ташхис лабораториялари, ишонч хоналари ташкил этилди. Аҳолини самарали тиббий кўрикдан ўтказиш ва аниқ ташхис қўйиш имкониятлари кенгайди.
– ОИВ/ОИТСга қарши курашиш, хасталик тарқалишининг олдини олиш борасида олиб борилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда, – дейди вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази бош шифокори ўринбосари Қурбон Умаров. – Вилоятимизда ўтган йил билан таққослаганда ОИВ инфекцияси билан касалланиш кўрсаткичлари ва эпидемик вазият барқарорлашган. Лекин бу хотиржам бўлиш керак, дегани эмас. Инсоният келажагига таҳдид соладиган бундай хасталиклардан ҳар бир инсон огоҳ бўлиши, унинг олдини олишга ҳаракат қилиши лозим. Шундан келиб чиқиб, давлат ва жамоат ташкилотлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, саломатлик марказлари билан ҳамкорликда аҳоли ўртасида тушунтириш-тарғибот ишлари олиб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Маҳаллалар, таълим муассасаларида мутахассислар иштирокида ўтказилаётган учрашув ва семинарлар касалликнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, узоқ вақт хорижда бўлиб қайтган фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш, уларнинг тиббий маданиятини оширишга энг асосий вазифа сифатида қараш зарур. Мазкур тоифадаги кишиларда хасталикни юқтириш ҳолатлари кўп кузатилган. Бу айрим юртдошларимизнинг ноқонуний равишда хорижий мамлакатларга бориб, у ерда номуносиб турмуш шароитида ҳаёт кечириши оқибатида юзага келаётир. Шунинг учун узоқ вақт хорижий мамлакатда бўлган фуқаролар вилоятга келиши билан ўзлари яшаб турган ҳудуддаги поликлиника ёки қишлоқ врачлик пунктида тиббий кўрикдан ўтказилаётир.
Никоҳланувчи шахсларнинг никоҳдан олдин мажбурий тарзда тиббий кўрикдан ўтиши қатъий белгилаб қўйилгани ҳам соғлом оилани шакллантириш ва баркамол фарзандлар тарбиялашга хизмат қилмоқда.
Марказ мутахассислари томонидан ОИВ/ОИТСга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар замирида аҳолини, айниқса, ёшларни соғлом турмуш сари интилишга рағбатлантириш мақсади мужассам. Зеро, ҳар бир фуқаронинг огоҳ ва ҳушёрлиги, соғлом турмуш тарзига риоя қилиб яшаши касалликка қарши курашишнинг энг муҳим омилидир.
Манба: www.uza.uz