UZ RU
07.11.2014

Буюк Синога эҳтиром

Наманганда “Абу Али ибн Сино – жаҳон тиббиёти асосчиси” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, Андижон давлат тиббиёт институти ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда бошқарма мутахассислари, даволаш-профилактика муассасалари шифокорлари, Республика Саломатлик ва тиббий статистика институти вилоят филиали ходимлари иштирок этди.

Тадбирда буюк аждодларимиз, аллома ва мутафаккирларимизнинг дунё тамаддуни, илм-фан ва маданияти тараққиётида тутган ўрни, жумладан, тиббиёт фанига асос солган Абу Али ибн Сино илмий меросининг беқиёс аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

– Президентимиз Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида Абу Али ибн Синонинг илмий салоҳияти дунё тараққиётини инсонпарварлик руҳида, яъни маънавий негизда ривожлантиришга кўрсатган улкан таъсири алоҳида қайд этилган, – дейди Андижон давлат тиббиёт институти катта ўқитувчиси Маҳфуза Қўзибоева. – Ибн Сино ўзининг “Тиб қонунлари” асари билан жаҳон тиббиётининг кейинги бир неча юз йиллик тараққиёт йўлини белгилиб берган. Ҳозирги кунда ҳам аҳамиятини йўқотмаган амалий тиббиёт ва фармакология соҳаларининг энг муҳим усулларига асос солган. Биз, бундай буюк аждодларимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз.

Анжуманда Ибн Синонининг серқирра илмий-ижодий фаолияти, қолдирган бой мероси билан жаҳон маданияти тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида қизиқарли маърузалар тингланди.

Манба: www.uza.uz