Барчамиз масъулмиз
...Сўлим хиёбон гавжум. Саранжом-саришта йўлаклардан кимдир ишга, кимдир ўқишга шошилади. Тўрт-беш ўсмир йигит-қиз хиёбоннинг кўздан панароқ четида суҳбат қуриб ўтирибди. Беихтиёр уларнинг хатти-ҳаракатини кузатдим.
Бир қиз сигарет тутатмоқда. Икки ўспирин йигит ва икки қиз уни кузатиб турибди. Чекаётган қиз қўлидаги сигаретини дам-бадам тенгдошларига узатиб, уларни ҳам чекишга ундайди. Ёшларнинг бу ҳаракати катталарнинг эътиборини тортди. Ўрта ёшли бир аёл уларга танбеҳ берди. Ёшларнинг орасидан бир йигит қўлидаги сигаретини чиқинди қутисига олиб бориб ташлади. Руҳшунос мутахассисларнинг таъкидлашича, ўсмирлар барча воқеа-ҳодисаларга қизиқиш билан қарайди. Ушбу даврда организм ҳали тўлиқ шаклланмагани сабабли салбий иллатларга мойиллик ҳам катта ёшдагиларга қараганда бир неча баробар кучлироқ бўлади. Шу боис чекадиганларнинг аксарияти ўсмир ёшиданоқ сигарет таъмини татиб кўриб, сўнг унга қарам бўлиб қолади. Ана шундай омиллар туфайли дунёда ҳар йили ярим миллион инсон чекувчига айланмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, бугунги кунда дунёда 1,3 миллиарддан ортиқ киши кашандаликка ружу қўйган ва ҳар йили ушбу иллат келтириб чиқарадиган касалликлар туфайли 5 миллиондан зиёд одам ҳаётдан кўз юммоқда. Шифокорларнинг таъкидлашича, тамаки тутуни таркибида организмга турлича таъсир кўрсатувчи кўпгина ингридиентлар мавжуд. Қатрон (смола) ва углерод оксиди – асосий патоген омиллардир. Қатрон ҳиқилдоқ, ўпка раки ва бошқа ўпка касалликлари ривожланишига сабабчи бўлади. Углерод оксиди қоннинг кислород ташувчанлик хусусиятини пасайтиради, тўқималарга кислород келишини издан чиқаради ва чекиш билан боғлиқ юрак касалликларининг ривожланишига олиб келади. Тиббий хулосаларга кўра, чекувчи аёллар эркакларга қараганда тамакидан икки баробар кўп зарарланади. Бунга аёлнинг нозик хилқат, бўлғуси она экани асосий сабабдир. Сигарет аёлнинг ҳуснига салбий таъсир қилади. Репродуктив тизимлар фаолиятига жиддий зарар етказади. Шу боис бундай оналарда ҳомила тушиш ҳолатлари кўп кузатилади, туғилган болалар хаста ва нимжон бўлади. Бутун дунёда тамаки чекишнинг олдини олиш бўйича ўзига хос чора-тадбирлар амалга оширилади, доимий тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилади. Масалан, Европа давлатларидаги баъзи идораларда чекувчилар ишга олиниши тақиқланган. Мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида тиббий-ижтимоий соҳаларда олиб борилаётган узлуксиз чора-тадбирлар жараёнида бундай глобал муаммоларга қарши курашишнинг самарали тизимини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, бу масала келажак авлодлар камолотига дахлдордир. Мамлакатимиз Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Тамакига қарши кураш бўйича конвенциясига қўшилган. 2011 йил 5 октябрда Ўзбекистон Республикасининг “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқалиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинган. “Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида бу борадаги ишлар янада кенгайди. Бу йўналишда давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида тизимли тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилаётир. Жойларда фаолият юритаётган бирламчи тиббиёт муассасалари оилавий шифокорлари ва патронаж ҳамширалар хонадонларда соғлом турмуш тарғиботини юритиш, ёшларни ичиш, чекиш, гиёҳвандлик каби салбий иллатлардан асраш борасида узлуксиз чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этмоқда. Мактабларда махсус фанлар орқали ўқувчиларга соғлом турмуш тарзи талаблари мукаммал ўргатилаётир. Айтиш жоизки, мамлакатимиз қонунчилигига мувофиқ, йигирма ёшга тўлмаган фуқароларга тамаки маҳсулотларини сотиш тақиқланган. Ушбу қонунда белгиланган устувор йўналишларни ўз вақтида ҳаётга татбиқ этиш мақсадида давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида кенг қамровли ишлар амалга оширилаётир. Бу йўналишдаги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳам фаол иштирок этмоқда. Мазкур йўналишда ташкил
этилаётган “Ёшлар – чекишга қарши!” лойиҳаси доирасида жойларда мактаблар, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, талабалар, маҳаллалардаги йигит-қизлар иштирокида кўплаб тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда. Жорий йилнинг тўққиз ойи мобайнида ўтказилган ана шундай тадбирларга тўрт юз мингдан зиёд ёш қамраб олинди. "Тенгдош – тенгдошга" тамойили асосида ташкил этилган ушбу тадбирларда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати фаолларидан иборат мураббийлар ўз тенгдошларига замонавий интерфаол услублардан фойдаланган ҳолда чекишнинг инсон саломатлиги ва келажак насллар камолотига салбий таъсири ҳақида сўзлаб берди. Маҳаллалар, таълим муассасалари, оромгоҳлар, жамоат транспортларида ичкиликбозлик ва тамаки чекиш каби иллатларнинг зарарли оқибатлари тўғрисида мутахассислар билан ҳамкорликда тайёрланган ўқув қўлланмалари, буклетлар ва кўргазмали тарғибот воситалари аҳоли, хусусан, ёшлар орасида тарқатилмоқда. Шу билан бир қаторда, амалга оширилаётган тарғибот-тушунтириш тадбирларининг мониторинги юритилмоқда. Бевосита тамаки маҳсулотлари сотиладиган жойларда тарғибот ишлари амалга оширилмоқда. Сотувчилар алкоголли маҳсулотлар тарқатиш ва истеъмол қилишни чеклаш ҳақидаги қонуннинг моҳияти ва мақсади тўғрисида зарур маълумотларга эга бўлаётир. Бундай маҳсулотлар сотиладиган жойларга чекишнинг зарари ҳақидаги ахборот ва мазкур қонундан кўчирмалар, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг ишонч телефонлари рақами ёзилган плакатлар илинган. Бу йўналишда тиббий-ижтимоий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш маҳаллаларимиз фаолиятининг ҳам устувор йўналишини ташкил этади. «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг Тошкент шаҳар бўлимидан маълум қилишларича, пойтахтимиз маҳаллаларида жорий йилнинг тўққиз ойида уч мингга яқин тарғибот тадбири ташкил этилган. Бу жараёнга бир юз ўттиз мингдан кўпроқ аҳоли, жумладан, ёшлар қамраб олинган. Ҳеч бир инсон ўз-ўзидан кашандалик домига илинмайди. Бунга кўпинча оилада фарзанд тарбиясига етарли эътибор берилмаслиги ва теварак-атрофдаги муҳит сабаб бўлади. Пойтахтимизнинг Сергели туманидаги «Оқибат» маҳалла фуқаролар йиғинига ҳудуддаги мактаб ўқитувчилари бир ўқувчини кашандалик йўлидан қайтаришда кўмак сўраб мурожаат қилишди. Маҳалла фаоллари қизнинг оиласидаги муҳитни ўрганди. Унинг ота-онасини қизининг хатти-ҳаракатидан огоҳлантирди. Мактаб ўқитувчилари қизнинг аълочи, фаол тенгдошларини бу жараёнга жалб этди. «Оила-мактаб-маҳалла» ҳамкорлиги туфайли қиз чекишни ташлаб, соғлом турмуш тарзини танлади. – Ёшларнинг салбий иллатлар домига илинишида теварак-атрофдаги муҳитнинг таъсири катта бўлади, – дейди ушбу маҳалла диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Манзура Акромхўжаева. – Оилада ота ёки онанинг чекиши ёки жамоат жойларида сигарет тутатаётган катталарнинг хатти-ҳаракати ўсмирларнинг эътиборини тортмай қолмайди. “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқалиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонуннинг 19-моддасида иш жойларида, соғлиқни сақлаш, таълим, спорт-соғломлаштириш муассасаларида, ёнғин чиқиш хавфи бўлган жойларда, автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида ва бошқа жамоат жойлари (тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш учун махсус ажратилган жойлар ёки хоналар бундан мустасно)да, шунингдек, жамоат транспортининг барча турларида тамаки маҳсулотини истеъмол қилишга йўл қўйилмаслиги белгиланган. Бундан кўзланган мақсад инсон саломатлигини муҳофазалаш, кашандаликнинг олдини олиш, ёшларни бундай салбий иллатлар таъсиридан асраш, экологик муҳит мусаффолигини таъминлашдир. Ушбу вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш жамоат тузилмалари, жумладан, маҳаллалар зиммасига алоҳида масъулият юклайди. Бу борада маҳалла фаолларидан тузилган жамоатчилик гуруҳи ҳудудлардаги таълим муассасалари, дам олиш масканлари ва спорт майдончаларида қонунчилигимизда ушбу йўналишда белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида жамоатчилик назорати ва тарғибот ишларини олиб бораётир. Шунинг баробарида, ёшларни бундай иллатлар таъсиридан асраш мақсадида «Оила-мактаб-маҳалла» концепцияси асосида кенг қамровли тарғибот ишлари, соғлом турмуш тарзига йўналтирилган тадбирлар, спорт мусобақалари ташкил этилмоқда. Бундай кенг қамровли
ишлар туфайли ёшлар ўртасида салбий иллатларнинг олдини олишга эришилмоқда. Соғлом турмуш тарзини кенг йўлга қўйиш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир. Шу йўл билан келажак насллар камолотига рахна соладиган кашандалик деб аталмиш иллат ёйилишининг олдини олиш, фарзандларимизни ҳам бу йўлда собитқадамликка ўргатиш, халқимизнинг соғлом турмуш тарзига оид эзгу қадриятлари бардавомлигини таъминлашга эришамиз.
Манба:www.uza.uz