UZ RU
30.10.2014

Депутатлар “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари бўйича” қонун қабул қилдилар

29 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартиби тасдиқланганидан кейин депутатлар жамият ҳаётининг турли соҳаларидаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини иккинчи ўқишда кўриб чиқдилар.

Кенгашда депутатлар «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокама этдилар. Ушбу қонун лойиҳасининг мақсади – фуқароларнинг давлат органларига мурожаат этиши тартибини янада такомиллаштиришдан, шунингдек, юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш билан боғлиқ ижтимоий муносабатларни тартибга солишдаги ҳуқуқий бўшлиқни тўлдиришдан иборат.

Замонавий ахборот-коммуникация воситалари ва технологияларидан фойдаланиб, мурожаатларни киритиш имкониятининг ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланиши ушбу қонун лойиҳасининг муҳим жиҳатидир. Умуман олганда, ушбу ҳужжатда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, шунингдек, юридик шахсларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг қўшимча кафолатлари мавжуд. Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ушбу соҳадаги ишини сифат жиҳатидан юқори даражага кўтариш имконини беради.

Қонун лойиҳаларини муҳокама этиш чоғида барча сиёсий партия фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи вакиллари савол ва таклифлар билан сўзга чиқдилар. Депутатлар жамиятимиз ҳаётининг турли соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини доимо такомиллаштириш, Мaмлaкaтимиздa дeмoкрaтик ислоҳoтлaрни янaдa чуқурлaштириш вa фуқaрoлик жaмиятини ривoжлaнтириш концепциясида белгиланган вазифаларни амалда рўёбга чиқариш муҳим эканлигини алоҳида таъкидладилар.