UZ RU
18.10.2014

Баркамол авлод таянчи

Наманганда “Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш – баркамол авлод таянчи: амалий ишлар, таклифлар, тавсиялар” мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Наманган вилояти ҳудудий бўлими, Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Журналистларни қайта тайёрлаш маркази, БМТнинг Болалар жамғармаси – ЮНИСЕФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида “Оммавий ахборот воситаларининг оила институтини мустаҳкамлаш масалаларини ёритиш бўйича салоҳиятини ошириш” лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида оилаларни қўллаб-қувватлаш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, соғлом фарзандни дунёга келтиришга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

– Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли тиббий-ижтимоий ислоҳотлар аҳолига замонавий тиббий хизмат кўрсатиш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, экстрагенитал касалликларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда, – дейди Наманган вилояти Она ва бола скрининг маркази шифокори Маъмура Бойдадаева. – Скрининг хизмати қамрови кенгайиб, перинатал, педиатрия, акушер-гинекология соҳаларида эришилаётган натижалар оналик ва болалик муҳофазасида яхши самара бераётир. Бу жараёнда яна бир муҳим лойиҳа – ҳомиладор аёлларни поливитаминлар билан таъминлаш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда. Бу оилада соғлом фарзанд туғилишини таъминлаш ва туғма ногиронликнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Тадбирда ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, тиббий маданиятни юксалтириш, бирламчи тиббий-профилактика кўриги қамровини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали ташвиқот-тушунтириш ишлари олиб боришнинг замонавий, оммабоп ва таъсирчан усуллари хусусида фикр алмашилди.

Манба: uza.uz