UZ RU
18.10.2014

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда ОИТС касаллиги тарқалишининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Президентимизнинг 2008 йил 26 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекциясининг тарқалишига қарши курашнинг самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 5 январдаги “ОИТСга қарши кураш марказларининг ташкилий тузилмасини ва фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Ушбу ҳужжатлар ижроси доирасида Андижон вилоятида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Аҳоли ўртасида ОИВ/ОИТС касаллигига қарши курашиш бўйича тушунтириш ишлари олиб бориш, ёшларни ушбу хавфдан асраш ва ҳар томонлама соғлом, баркамол этиб тарбиялашга алоҳида аҳамият берилаётир.

Мазкур йўналишда вилоят ОИТСга қарши кураш марказининг фаолияти муҳим аҳамият касб этмоқда. Замонавий текширув ва лаборатория ускуналари билан жиҳозланган марказ ходимлари ички ишлар, халқ таълими, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими, “Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши фаоллари билан яқин ҳамкорликда кенг кўламли тарғибот ишларини олиб бормоқда. Корхона, ташкилот ва таълим муассасаларида ОИТСнинг келиб чиқиши, тарқалиши, унинг олдини олишга қаратилган суҳбатлар, учрашувлар ўтказаётир. Чунки ҳар бир инсоннинг саломатлиги аввало ўзига, унинг турмуш тарзига боғлиқ.

Таълим муассасаларида ОИТС хасталигининг олдини олиш мавзусида турли тадбирлар ҳамда “Сиз ОИТС ҳақида биласизми?” мавзусида иншолар танлови ўтказилди.

Бундай изчил тадбирлар ўз самарасини бераётир.

Манба: www.uza.uz