UZ RU
18.10.2014

Соғлом она-бола – жамият бойлиги

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда оналик ва болаликни асраш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, оилаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга қаратилаётган доимий эътибор хотин-қизларнинг оила ва жамиятдаги мавқеини юксалтириш, ҳар томонлама баркамол авлодни шакллантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётир.

«Соғлом бола йили» Давлат дастури ва давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 1 августдаги «2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги давлат дастури тўғрисида»ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқишда дастуриламал бўлмоқда.

Мамлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки йиллардан бошлаб Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан аҳоли саломатлигини асраш, тиббий хизмат кўрсатишни жаҳон андозалари даражасига етказиш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш вазифаси тиббий-ижтимоий ислоҳотларнинг устувор йўналиши этиб белгиланди. Аввало, бу борадаги тадбирларни ташкил этишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилди.

Қонунлар, Президентимизнинг фармон ва қарорлари, тегишли давлат дастурларида белгиланган вазифалар ҳаётга изчиллик билан татбиқ этилиши натижасида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати йилдан-йилга такомиллашмоқда. Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича миллий модел самарали жорий этилаётир. Аҳолининг барча қатламига замонавий тиббий профилактика ҳамда диагностика ёрдами кўрсатишга ихтисослашган бирламчи тиббиёт муассасалари, перинатал, скрининг, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, ҳудудий кўп тармоқли болалар тиббиёт марказлари барпо этилди.

Аҳолининг овқатланишини яхшилаш мақсадида ун ва тузни фойдали микроэлементлар билан бойитиш тадбирлари амалга оширилмоқда. Болалар ўртасида витамин етишмовчилиги туфайли келиб чиқадиган касалликларнинг олдини олиш мақсадида саплементация дастурлари ҳаётга татбиқ этилмоқда. Болаларни юқумли касалликларга қарши эмлаш ишлари белгиланган режа асосида олиб борилаётир. Бу борада ишлаб чиқилган миллий тақвим замон талабидан келиб чиқиб муттасил такомиллаштирилмоқда.

Ҳомиладор аёлларни таркибида шифобахш моддалари бўлган поливитаминлар билан таъминлаш амалиёти жорий этилди. 2009-2013 йиллар мобайнида қишлоқ жойларда яшовчи бир ярим миллиондан ортиқ ҳомиладор аёл давлат бюджети маблағи ҳисобидан витаминлар билан таъминланди. Олимлар ва мутахассисларнинг ушбу дастур натижаларини ўрганиш бўйича ўтказган мониторингларидан маълум бўлишича, шифобахш поливитаминлар истеъмол қилган оналар ва улар дунёга келтираётган фарзандларнинг саломатлик кўрсаткичи яхшиланиб, касалликлари камайиб бораётир.

– Замонавий тиббий ёрдамдан аҳолининг барча қатламлари, хусусан, оналар ва болаларнинг баҳрамандлик даражасини ошириш муҳим вазифадир, – дейди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли Республика аҳоли репродуктив саломатлик маркази директори Маҳмуда Каттахўжаева. – Жаҳонда белгиланган меъёрларга кўра, ҳар ўн минг аҳолига йигирма уч нафар тиббиёт ходими хизмат кўрсатиши мақсадга мувофиқ. Мамлакатимизда бу кўрсаткич нафақат шаҳарлар, балки қишлоқларда ҳам халқаро стандартларга тўла мос келади. Бугунги кунда бирламчи тиббий-профилактика муассасаларида қарийб саккиз ярим минг нафар оила шифокори ва ўн етти минг нафардан зиёд патронаж ҳамшира оналик ва болаликни муҳофазалаш, халқимизнинг саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида фаолият олиб бораётир.

Бирламчи тиббий-профилактика муассасаларида аҳоли, жумладан, фертиль ёшидаги аёллар, болалар ва ўсмирларнинг саломатлигини янада яхшилаш ва касалликларнинг олдини олиш мақсадида ҳар ойда чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ўтказилмоқда.

Қишлоқ врачлик пунктларида “Ҳеч ким меҳр-эътибордан четда қолмасин!” шиори остида илмий-амалий тиббиёт марказлари, илмий-тадқиқот институтлари олимлари, етакчи клиникаларнинг малакали шифокорлари иштирокида чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ташкил этилмоқда. Бундан кўзланган мақсад замонавий тиббий ёрдамни аҳолига янада яқинлаштириш, халқимизга кўрсатилаётган тиббий-профилактика ишлари сифати ва самарадорлигини оширишдан иборат. Бу жараёнда жаҳон тиббиёти ва мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида эришилаётган илғор тажрибаларни кенг оммалаштириш, янгиликлар юзасидан тажриба алмашишга алоҳида эътибор қаратилади.

Бугунги кунда бирламчи тиббиёт муассасалари, туман тиббиёт бирлашмалари ва вилоятлардаги шифохоналарда оналик ва болаликни асраш бўйича махсус штаблар фаолият кўрсатмоқда. Бу йўналишда ҳар бир тиббиёт муассасасида кундалик амалга оширилаётган ишлар таҳлил этилиб, аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш, оналар ва болаларга кўрсатилаётган тиббий-профилактика ёрдамини янада такомиллаштириш истиқболлари белгиланади.

Оналик ва болаликни муҳофазалашда Республика аҳоли репродуктив саломатлик марказининг алоҳида ўрни бор. Марказ мамлакатимиздаги даволаш-профилактика муассасаларида аҳолига репродуктив саломатликни асраш бўйича кўрсатилаётган тиббий-профилактика ёрдамини такомиллаштириш, янги усулларни кенг тарғиб этиш, репродуктив саломатликка салбий таъсир этаётган омилларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича аҳоли ўртасида тарғибот-тушунтириш ишларини олиб бораётир.

Бу борада давлат ва жамоат ташкилотлари, тиббиёт муассасалари ҳамкорлигида амалга оширилаётган лойиҳалар натижасида юртимизда оналар ва болалар ўлими уч баробардан кўпроқ камайди. Она ва бола скрининг дастури амалга оширилиши туфайли туғма нуқсонли болалар туғилиши кўрсаткичи 2000 йилдан буён 1,8 марта қисқарди. Мамлакатимизда вояга етаётган болаларнинг 92 фоизи ривожланиш кўрсаткичлари бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келади.

2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги давлат дастурининг қабул қилиниши юртимизда бу борада амалга оширилаётган эзгу ишларнинг мантиқий давоми бўлди.

Дастурда аҳоли, жумладан, оналар, болалар ва ўсмирларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам самарадорлигини ошириш, соғлиқни сақлаш тизимининг барча бўғинларида, бирламчи тиббий-профилактика муассасаларида оналик ва болаликни муҳофазалаш борасида фаолият юритаётган шифокор ва ҳамшираларнинг билим ва кўникмаларини бойитиш, тиббиёт масканларининг моддий-техник базасини такомиллаштириш, соҳада ахборот олиш имкониятини кенгайтириш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш борасида давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини янада кенгайтириш, бу борадаги фаолиятни мувофиқлаштириш ва мониторингини йўлга қўйиш каби устувор вазифалар белгиланган.

Мазкур давлат дастурининг ижросини таъминлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва барча тиббиёт муассасаларида тармоқ дастурлари, ҳамкорлик лойиҳалари, чора-тадбирлар режалари ишлаб чиқилиб, ҳаётга изчил жорий этилмоқда. Бу жараёнда халқимизга юқори даражада тиббий-профилактика, даволаш ёрдами кўрсатиш билан бирга, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи тарғиботини юритишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётир.

– Аҳолининг репродуктив саломатлигини асрашда хонадонларда тиббий-профилактика тадбирларини амалга ошириш, ҳар бир оиладаги муҳитни ўрганиш муҳим аҳамиятга эга, – дейди Олмазор туманидаги 17-оилавий поликлиника бош шифокори Шаҳзода Алимова. – Бу вазифаларни бажаришда оилавий поликлиникаларнинг маҳалла, хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлиги муҳим омилдир. Репродуктив саломатликни асраш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқишда ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратдик.

Бундай изчил ишлар «соғлом она – соғлом бола» концепциясини узвий давом эттириш, ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни камолга етказиш, миллатимиз генофондини мустаҳкамлаш ва мамлакатимизни янада тараққий эттиришда муҳим пойдевор бўлади.

Манба: www.uza.uz