Соғлом оила – соғлом келажак
Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга.
Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, 63-модда.
...Эндигина ўн етти ёшни қаршилаган Гулнозани турмушга узатишди. Ёш бўлгани боис унинг янги оилага кўникиши қийин кечди. Қайнонани келиннинг тажрибасизлиги, рўзғор юмушларини бажаришда йўл қўяётган хатолари зада қилди. Ачинарлиси, оила қуришга жисман ва руҳан тайёр бўлмаган қизнинг ҳомиласи нобуд бўлди. Фарзанди бошига тушаётган бу кўргиликлардан ота-онанинг ҳам бағриқон эди...
Мутахассислар фикрича, қизлар 21-23 ёшдан, йигитлар 25-26 ёшдан сўнг оила қуришлари мақсадга мувофиқ. Боиси инсон шу ёшда оила қўрғонини барпо этишга ҳар томонлама тайёр бўлади.
– Эрта турмушга чиққан қизларда ҳомиладорлик оғир кечади, – дейди Мирзо Улуғбек туманидаги 5-оилавий поликлиника шифокори Озода Иброҳимова. – Ҳомиладорлик давридаёқ турли патологик, экстрагенитал касалликлар кучайиши, йўлдош етишмовчилиги, суяклар тизимида турли салбий оқибатлар юзага келиши кузатилади. Бу ҳолат ҳомиланинг нуқсонли ривожланишига сабаб бўлиб, оқибатда она ва бола саломатлигига жиддий муаммолар туғдириши мумкин.
Оила жамиятнинг асоси. Оилалар қанча мустаҳкам бўлса, жамият шунча равнақ топади. Ҳозирги глобаллашув даврида маънан етук, салоҳиятли, жисмонан бақувват ёшларни тарбиялаб вояга етказиш жуда муҳим вазифалардан биридир. Бунинг учун вояга етаётган ҳар бир йигит-қиздан оила аталмиш муқаддас қўрғонни соғлом пойдевор асосига тиклаши талаб этилади.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда мустаҳкам фуқаролик жамиятини барпо этиш, фаровон турмуш тарзини яратиш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш ҳамда бу жараёнда аёлларнинг ролини кучайтиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Президентимизнинг 2009 йил 13 апрелдаги «Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида», 2009 йил 1 июлдаги «2009-2013 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида»ги қарорлари хотин-қизлар ва болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича халқаро стандартларни амалиётга жориш этиш, ўғил-қизларни оила қуришга тайёрлаш, оилада тиббий маданиятни шакллантиришга қаратилган комплекс вазифаларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
2000 йилдан буён мамлакатимизнинг барча туманларидаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари қошида фаолият юритаётган “Ёш оила қурувчилар мактаби” тузилмаси балоғат ёшига етган, катта ҳаёт остонасида турган йигит-қизларда ҳаётий билим ва кўникмаларни шакллантириш, оила қурувчи ёшларнинг маънавий, ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, тиббий билимларини оширишга хизмат қилаётир.
– “Ёш оила қурувчилар мактаби”га касб-ҳунар коллежлари, академик лицей ўқувчилари, оила қуриш бўсағасидаги ёшлар жалб этилмоқда, – дейди Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ФҲДЁ бўлими инспектори Гулчеҳра Йўлдошева. – Улар билан етакчи ҳуқуқшунослар, тиббиёт ходимлари, олимлар, социолог, шифокорлар, руҳшунослар ва бошқа соҳа мутахассислари машғулот олиб бораётир. Тингловчилар баҳс-мунозара, викторина ва мулоқотларда фаол қатнашиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олмоқда.
Бўлажак келин-куёвларга оила қонунчилиги, никоҳдан олдинги тиббий кўрикнинг моҳияти, соғлом турмуш тарзи, диний ақидалар, соғлом фарзандни дунёга келтириш, уларни ҳар томонлама етук ва баркамол қилиб тарбиялаш асослари, эрта ҳамда қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари ҳаётий мисоллар билан тушунтирилаётир.
Фарзандларни тарбиялаш, уларни ягона мақсад сари бирлаштириш, жамиятда иқтисодий-ижтимоий тараққиётни таъминлаш ҳар бир оила олдидаги долзарб вазифадир. Президентимиз таъкидлаганидек, бу ёруғ дунёда ҳаёт бор экан, оила бор. Оила бор экан, фарзанд деб аталмиш бебаҳо неъмат бор. Фарзанд бор экан, одамзот ҳамиша эзгу орзу ва интилишлар билан яшайди.
Манба: www.uza.uz