Болалар саломатлиги алоҳида эътиборда
Тошкент педиатрия тиббиёт институти олий таълим муассасаси бўлиш билан бирга, илмий-тадқиқот ва даволаш марказидир. Мамлакатимиздаги йирик болалар шифохоналаридан бири бўлган ушбу институт клиникасида ташхис қўйиш ва даволашнинг янги самарали усулларини ишлаб чиқиш, ўзлаштириш ва амалиётга жорий этиш ишлари муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Оналар ва болалар саломатлиги жамият фаровонлигини, унинг келажагини белгилайди. Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, тиббий маданиятни юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг тегишли қонунлари, Президент фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантиришнинг мустаҳкам асосини ташкил қилди. 1992 йил 9 сентябрда мамлакатимиз парламенти томонидан ратификация қилинган БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси Ўзбекистон қўшилган дастлабки халқаро ҳужжатлардан биридир.
“Соғлом она – соғлом бола” тамойили бўйича ҳаётга татбиқ этилаётган оналик ва болаликни муҳофаза қилиш миллий модели миллат генофондини сақлаш ва яхшилаш, халқимизнинг умр кўриш даражасини узайтириш ва турмуш фаровонлигини ошириш мақсадида соғлом авлодни тарбиялаш учун зарур шароитлар яратиш имконини бермоқда. Бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг самаралари эътиборга лойиқдир. Хусусан, бугунги кунда фарзандларимизнинг 92 фоизи ривожланиш кўрсаткичлари бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига жавоб беради. 2011 йилда “Save the Сhildren” халқаро ташкилоти рейтингига мувофиқ, Ўзбекистон ёш авлод саломатлиги ҳақида қайғураётган 161 мамлакат орасида 9-ўринни эгаллади.
Ихтисослаштирилган педиатрия хизматларини янада ривожлантириш, ташхис қўйиш ва даволашнинг илғор усулларини жорий этишга қаратилаётган эътибор бу борада муҳим омил бўлмоқда. Буни Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникаси фаолияти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Клиникада болалар билан бир қаторда ёши катта беморларга ҳам 18 йўналиш бўйича ихтисослаштирилган ва юқори технологияли тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Чунончи, туғма касалликлар кардиожарроҳлиги ва тиклаш-пластик жарроҳлиги бўйича мураккаб операциялар ўтказилмоқда.
Мустақиллик йилларида мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизими тубдан ислоҳ қилинди. Жумладан, Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникаси фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида беморларга ташхис қўйиш ва даволаш стандартлари тўлиқ қайта кўриб чиқилиб, бўлимлар таркиби ўзгартирилди. Бу тиббий хизмат кўрсатиш сифатини сезиларли даражада ошириш имконини берди. Тиббиёт кадрларини тайёрлаш дастури такомиллаштирилиб, айни пайтда умумий амалиёт шифокор-педиатрлари, олий маълумотли ҳамширалар, 10 йўналиш бўйича магистрлар тайёрланмоқда. Шифокорларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ишлари амалга оширилмоқда. Муассасанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уни замонавий даволаш ва ташхис жиҳозлари билан таъминлаш каби муҳим масалалар ҳам ҳал этилди.
Клиника ҳудудини ободонлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бу беморларнинг руҳий ҳолатини яхшилаш, даволаш самарадорлигини ошириш, ҳудуд ва биноларда қулай микроиқлимни таъминлашга ёрдам бермоқда. Истиқлол йилларида клиниканинг бирорта ҳам бўлими карантин мақсадида ёпилмагани диққатга сазовордир. Бу клиникада санитария-эпидемиология хавфсизлиги меъёр ва қоидаларига қатъий амал қилинаётганидан далолат беради.
Клиника ҳузурида кунига 250 қатновга мўлжалланган Республика маслаҳат-ташхис поликлиникаси фаолият юритмоқда.
– Клиникамизнинг қабул-ташхис бўлими бир кунда 200 нафаргача беморга шошилинч тиббий хизмат кўрсатмоқда, – дейди Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникаси бош шифокори Гулираъно Усмонова. – Фаолиятимизнинг тўғри йўлга қўйилгани самарасида беморлар шифокор қабулига кириш учун узоқ вақт кутиб қолмайди. “Бемор шифокор олдига эмас, шифокор бемор олдига боради” тамойилига амал қилган ҳолда, уларни жойида дастлабки кўрикдан ўтказиш амалиётини жорий этдик. Бу жараёнга тор ихтисосликдаги мутахассислар ҳам жалб қилинмоқда. Зарур лаборатория таҳлиллари ҳам шу ернинг ўзида ўтказилаётгани ташхис қўйиш жараёнини тезлаштирмоқда. Юқори технологияли жиҳозлар билан таъминланган шок залида шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Янги уч қаватли бинода пульмонология, кардиоревматология, эрта ёш неврологияси ва патологияси бўлимлари жойлашган. Жорий йилда иккита жарроҳлик бўлими биноси фойдаланишга топширилди. Бу ерда қўшимча уронефрология ва жарроҳлик инфекцияси бўлимлари очилди. Шунингдек, айни пайтда яна икки бино реконструкция қилинмоқда. Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникаси моддий-техник базасини тўлиқ янгилаш ишлари 2015 йилнинг охирида якунига етказилади.
Тиббиёт ходимлари ва беморлар учун энг қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фойдаланишга топширилган блокларда алоҳида санитария узели мавжуд шинам палаталар, болаларнинг овқатланиш рациони ҳисобга олинган ошхоналар ишлаб турибди.
Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасининг тиббий жиҳоз ва инвентарлар билан талаб даражасида таъминлангани унинг даволаш-ташхис қўйиш салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш ва мамлакатимиз соғлиқни сақлаш муассасалари орасидаги етакчи мавқеини мустаҳкамлашга ёрдам бераётир. Ўтган даврда
клиниканинг турли бўлимлари замонавий тиббиёт аппаратуралари билан жиҳозланди. Чунончи, яқинда 64 кесимли компьютер томографи ўрнатилди. Мазкур аппарат 3D тасвирида олинган суратларда тананинг энг юпқа қатламларини ҳам кўриш имконини беради. Бу ердаги гематологик анализатор эса икки дақиқада 18 параметр бўйича қон ҳолатини аниқлаш ва ушбу маълумотни қоғозга чиқариб бериши мумкин.
Буларнинг барчаси аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада ошириш имконини бераётир. Бу нафақат юртдошларимиз, балки чет эллик беморлар томонидан ҳам эътироф этилмоқда.
...Шошилинч тиббий ёрдам машинаси яна бир беморни олиб келди. Туғма юрак хасталигининг оғир туридан азият чеккан янгийўллик Ёсинанинг ота-онаси фарзандини ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтказишга етарли эътибор бермаган. Агар қизча Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасига ўз вақтида келтирилмаганида, навбатдаги хуруж унинг учун охиргиси бўлиши мумкин эди.
“Насиб бўлса, тўйингда қатнашамиз!”, – деб ҳазиллашади шифокорлар. Икки ҳафта давомида сунъий нафас олиш аппаратида сақланган Ёсинанинг ҳаёти энди хавфдан холи. У реанимация бўлимидан умумий палатага ўтказилди. Жажжи қизалоқ халоскорларига жилмайиб боқади. Аммо, юрак касаллигидан буткул қутулиш учун Ёсинани мураккаб жарроҳлик амалиёти кутмоқда.
Таъкидлаш жоизки, клиникада ушбу йўналишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Сўнгги уч йилда болалар ва пластик жарроҳлик, оториноларингология соҳасида юқори технологияли операциялар даражаси икки баробар, кардиожарроҳлик соҳасида саккиз баробар ошди. Масалан, юрак бугунги кунда сунъий қон айлантириш аппарати ва бошқа зарур замонавий жиҳозлардан фойдаланилган ҳолда операция қилинмоқда.
Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасида олти юздан ортиқ тажрибали шифокор, ўрта ва кичик тиббиёт ходими меҳнат қилмоқда. Айни пайтда бу ерда ходимлар малакасини ошириш доимий эътиборда бўлиб келмоқда.
Бу борада йўлга қўйилган халқаро алоқалар муҳим ўрин тутмоқда. Жумладан, шифокорлар Жанубий Корея, Германия, Италия, Туркия ва бошқа давлатларнинг етакчи клиника ва тиббиёт марказларида малака оширмоқда.
Клиника бўлим мудирлари ва маслаҳат-ташхис поликлиникаси шифокорлари вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармаси, туман тиббиёт бирлашмалари, қишлоқ врачлик пунктлари, Меҳрибонлик уйлари бош мутахассислари билан мустаҳкам алоқани йўлга қўйган. Бу клиникадаги даволанишдан кейин беморларни кузатиш, уларни даволаш, реабилитация ва диспансеризация қилиш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш имконини яратмоқда.
Клиника мутахассислари ва уларнинг хорижий ҳамкасблари ҳамкорлигида ҳудудларда ўтказилаётган хайрия акциялари ҳам аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга ёрдам бермоқда. Жумладан, жорий йилнинг апрель-май ойларида Нукус ва Фарғона шаҳарларида ўтказилган хайрия акциялари доирасида мингдан зиёд бемор чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди ва зарур маслаҳатлар берилди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда ҳар йили 10 миллион бола ва 500 минг она турли касалликлар туфайли вафот этмоқда. Президентимиз раҳнамолигида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини яхшилаш ва соғлом оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида мамлакатимизда бу кўрсаткичлар йилдан-йилга камайиб бормоқда. Ўзбекистонда 2014 йилнинг Соғлом бола йили, деб эълон қилингани бу борадаги ишларни сифат жиҳатидан янги даражага кўтарди. Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникаси мутахассислари ҳам бунга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшмоқда.
Манба: uza.uz