Соғлом авлод камолоти йўлида
Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини муҳофаза қилиш, оилада соғлом фарзандлар туғилиши ва камолга етишини таъминлаш, ёш авлодни жисмонан соғлом, маънан етук инсонлар этиб тарбиялаш Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишларидандир. Бу борада давлат, жамоат ва халқаро ташкилотлар ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорлик яхши самара бермоқда.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди, Германиянинг “Фриденсдорф интернейшнл” халқаро ташкилоти ҳамкорликда қатор йиллардан буён мамлакатимиз ва хориждаги нуфузли клиникаларда кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг нуқсон билан туғилган фарзандлари ҳамда Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларини босқичма-босқич соғломлаштириб келмоқда.
“Соғлом бола йили” Давлат дастури ижроси бўйича “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Жиззах вилояти бўлими томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида кам таъминланган оилаларнинг юздан зиёд болалари соғломлаштирилди.
– “Соғлом авлод учун” фонди кўмагида лаб-танглайида туғма нуқсони бўлган олти ёшли қизимни Тошкентда жарроҳлик усулида даволатдик, – дейди Ғаллаорол туманидаги Лалмикор қишлоғида яшовчи Мавлуда Умрзоқова. – Қизим энди тенгдошлари билан бемалол муомала қилмоқда, бирга ўйнамоқда. Бундан жудахурсандмиз.
Фонд вояга етмаган ногирон болаларни реабилитация техник воситалари билан таъминлашга ҳам кўмак бераётир. Йилнинг ўтган даврида шундай воситаларга муҳтож болаларнинг 18 нафари эшитиш мосламаси, 6 нафари ногиронлик аравачаси, 33 нафари қўлтиқтаёқлар билан таъминланди.
– "Соғлом бола йили" Давлат дастурида белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш фаолиятимизнинг асосини ташкил этади, – дейди фонднинг вилоят бўлими ижрочи директори Мамлакат Орипова. – Шу мақсадда давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик шартномалари тузганмиз. Барча режа ва саъй-ҳаракатларимиз ёш авлод камолоти йўлида давлатимиз томонидан амалга оширилаётган дастурлар ижросини таъминлашга кўмаклашишга қаратилган.
Манба: uza.uz