Пискентда замонавий шифохона
Илгари ҳудудимизда ихтисослашган бундай шифохона бўлмаганидан юқумли касалликка чалинган одам пойтахтга боришга мажбур эди. Бошқалари ҳам кўримсизгина бинода жойлашган бўлиб, хоналари зах, ҳатто ёруғлик етишмасди. Шароитларни-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Бу манзарани кунда кўравериб кўзимиз ўрганган, эшитавериб қулоқларимиз кўникиб қолганди...
Буларни Пискент туманида бунёд этилган юқумли касалликлар шифохонасининг очилиш маросимида иштирок этган, шу ҳудудда яшовчи меҳнат фахрийси Саид ота Турдиев ҳикоя қилиб берди.
– Онгу шууримизга ўрнашиб қолган мана шундай дилгир хотиралар истиқлол туфайли унут бўлди, – дейди у мамнунлик билан. – Қишлоғимизда замонавий шифо масканлари барпо этилди. Бугун ҳамқишлоқларим чеҳрасидаги қувонч, дунёқарашидаги ижобий ўзгаришларни кўриб, қалбим ғурурга тўлади. Шундай дориломон кунларга етказганига шукр!
Туман тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар бўлимининг очилишига бағишланган тадбирда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар самарасида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлиги юксалиб, шифохоналар моддий-техник базаси мустаҳкамланаётгани, тиббиёт ходимларининг билим ва малакаси ошиб бораётгани алоҳида таъкидланди.
Шифохона “Соғлом бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида Президентимизнинг жорий йил 1 августда қабул қилинган “2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида"ги қарорига асосан барпо этилди. Замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган ушбу шифо маскани туман аҳли учун Ватанимиз мустақиллигининг йигирма уч йиллик байрамига муносиб туҳфа бўлди.
Манба: uza.uz