UZ RU
09.09.2014

Шифохонанинг янги биноси

Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмасининг замон талаблари асосида реконструкция қилинган болалар бўлими биноси фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан бўлиб ўтган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида аҳоли, хусусан, аёллар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

– Мен қирқ йилдан зиёд болалар шифокори бўлиб ишладим, – дейди саксон тўрт ёшли меҳнат фахрийси Мамадали Жўраев. – Аммо тиббиёт соҳасида мустақиллик йилларидаги каби катта ўзгаришларни, давлат томонидан бу қадар улкан эътиборни кўрмаганман. Бундай замонавий шароитларда аҳоли саломатлигига посбон бўлиш ҳар қандай шифокорга завқ бағишлайди.

– Мазкур бинонинг замонавий усулда реконструкция қилиниб, жиҳозланиши бутун туман аҳлини қувонтирмоқда, – дейди “Хадичахон ая” фермер хўжалиги раҳбари, Ўзбекистон Қаҳрамони Халчахон Мирзаева. – Болаларимиз соғ бўлса, кўнгилимиз хотиржам, ишимиз унумли бўлади. Буларнинг барчаси давлатимиз раҳбари томонидан юритилаётган оқилона сиёсат, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, барқарорлик ва ҳамжиҳатлик самарасидир.

Йиғилганлар тубдан таъмирланиб, олтмиш ўринга мўлжалланган бўлимнинг янги биноси ҳамда бу ерда беморларни тез, самарали ва сифатли даволаш учун яратилган шароит ва имкониятлар билан танишди.

Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Б.Юсупов сўзга чиқди.

Манба: uza.uz