Репродуктив саломатлик ва соғлом авлод
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасида аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналар, болалар, ўсмирларнинг саломатлигини асраш, оила ва жамиятда соғлом турмуш тарзини юксалтириш борасидаги устувор вазифаларга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари, тиббий-илмий марказлар вакиллари, олимлар, мутахассислар иштирок этди.
Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Л.Тўйчиев, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раиси ўринбосари Г.Алимова, Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Ф.Абдураҳимова ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида тиббий-ижтимоий жабҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар инсон манфаатларини таъминлаш, халқимиз саломатлигини муҳофазалаш, соғлом ва баркамол авлодни камолга етказишда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.
Мустақиллик йилларида бу соҳадаги фаолиятни ташкил этишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилди. «Соғлом она – соғлом бола» миллий модели ишлаб чиқилиб, ҳаётга самарали татбиқ этилмоқда. Ҳудудларда замонавий тиббиёт муассасалари тармоғи барпо этилиб, аҳолининг барча қатламига жаҳон андозалари даражасида тиббий-профилактика ёрдами кўрсатилаётир.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган тиббий-ижтимоий ислоҳотларда жамоат ташкилотлари ҳам фаол иштирок этаётир. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг фаолияти бунга мисолдир. Мазкур жамоат тузилмаси ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда оилаларда тиббий саводхонликни ошириш, аҳолини тиббий-ижтимоий ҳимоялаш борасида кенг кўламли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этмоқда.
«Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳа доирасида юртимизнинг чекка қишлоқлари ва маҳаллаларда яшовчи ўн беш мингдан ортиқ оиланинг ижтимоий шароити, психологик муҳит ва болалар саломатлиги кўрсаткичи ўрганилди. Бир юз ўттиз саккиз минг нафардан зиёд аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Никоҳланувчи ёшлар ўртасида тиббий кўрикнинг аҳамиятини тарғиб этиш борасида кўплаб тадбирлар, оммавий ахборот воситаларида мутахассисларнинг чиқишлари уюштирилди. Маҳаллаларда оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари ҳамкорлигида саломатлик гуруҳлари, мактаб, коллежларда «Ораста қизлар» тўгараклари самарали фаолият юритмоқда.
Президентимиз Ислом Каримовнинг 2014 йил 1 августдаги «2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида»ги қарорида бу борада давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан амалга оширилаётган ишларни янги босқичга олиб чиқиш билан боғлиқ вазифалар белгиланган. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг қўшма дастури ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг давлат ва нодавлат тармоқлар билан ҳамкорлик дастури ишлаб чиқилди.
Ушбу дастурларда аҳолига кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий ёрдамни янада ривожлантириш, она ва бола саломатлигини муҳофазалаш, оилаларда тиббий маданиятни юксалтириш каби қатор устувор вазифалар ўз ифодасини топган.
Давра суҳбатида аҳолининг репродуктив саломатлигини асраш, оналар ва болалар, ўсмирлар саломатлигини муҳофазалаш борасида белгиланган вазифаларни ижро этиш механизмлари, бу йўналишда амалга оширилаётган ишларни кенг жамоатчиликка етказиш билан боғлиқ устувор вазифалар юзасидан фикр алмашилди ва ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова сўзга чиқди.
Манба: www.uza.uz