UZ RU
27.08.2014

Ўзбекистон-Хитой:ўзаро муносабатларнинг янги босқичида

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи доирасида 20 август куни ХХР Давлат кенгаши Бош вазири Ли Кэцян билан учрашди.

Суҳбат чоғида Президент Ислом Каримовнинг ушбу ташрифи давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга хизмат қилиши, ўзаро стратегик шериклик муносабатларини изчил кенгайтиришга янги суръат бағишлаши қайд этилди.

Ўзбекистон Президенти Пекин музокаралари доирасида умумий қиймати 5,2 миллиард АҚШ долларига тенг лойиҳалар бўйича йигирмадан зиёд ҳужжат, шунингдек, 800 миллион доллар миқдорида савдо шартномалари имзолангани ва шу тариқа жами 6 миллиард долларлик келишувга эришилганини таъкидлади.

Ли Кэцян ташриф натижаларини юқори баҳолади ва Ўзбекистон ўзи танлаган йўлдан собитқадамлик билан давом этиб, мустақил тараққиётдан оғишмай юксак натижаларни қўлга киритаётганини қайд этди. Хитой Ўзбекистон билан бундан буён ҳам алоқаларни ўзаро ишонч, ҳурмат, тенглик ва манфаатдорлик, стратегик шериклик тамойиллари асосида ривожлантириб боришга тайёр эканини билдирди.

Учрашувда ўзаро ҳамкорлик кўламини изчил кенгайтириш учун Ўзбекистон ҳам, Хитой ҳам юксак салоҳиятга эга экани, Президент Ислом Каримовнинг давлат ташрифи бу борада янги имкониятлар очгани алоҳида таъкидланди.

Томонлар олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш, савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашдилар.

Куннинг иккинчи ярмида Президент Ислом Каримов Шэньси провинциясидаги қадим Сиань шаҳрига ташриф буюрди.

Хитой марказидаги мазкур шаҳарнинг тарихи 3000 йилдан ошади. Айрим манбаларга қараганда, бир вақтлар у аҳоли сони ва ҳудуди жиҳатидан нафақат Чин юрти, балки бутун дунёдаги энг йирик шаҳар бўлган. Шу билан бирга, Хитой императорларининг ўн уч сулоласи даврида мамлакат пойтахти мақомини эгаллаган.

Буюк ипак йўлининг муҳим чорраҳаларидан бирида жойлашган ушбу шаҳар теграсида кўплаб қадимий мақбаралар, хусусан, император Цинь Шихуандининг терракота армияси билан бирга дафн қилинган мақбараси бор.

Президент Ислом Каримов Сианнинг қадимий обидалари билан танишувни терракота армияси музейидан бошлади. Бу ердаги саккиз мингдан зиёд аскар, гарчи сополдан бўлса-да, ҳақиқий жанговар от-аравалари ва қурол-аслаҳалари билан ўз даврининг энг қудратли армиясини намоён этади. Улар 1974 йилги қазишма ишлари даврида эрамиздан аввалги 210-209 йилларда мамлакатни бирлаштирган император Цинь Шихуандининг мақбараси атрофидан топилган. 1987 йилда терракота армияси ЮНЕСКО томонидан Жаҳон мероси дурдоналари рўйхатига киритилган.

Мамлакатимиз раҳбари музейнинг Фахрий меҳмонлар китобига дастхат битди.

Шундан сўнг Президент Ислом Каримов Сианда қадимий шаҳар деворини кўздан кечирди.

Деворнинг асосий шарқий дарвозаси олдидаги майдонда энг ҳурматли меҳмонларга кўрсатиладиган иззат-икром ва ҳурмат-эҳтиром маросими ўтказилди – Ўзбекистон Президентига тантанали равишда Сиань шаҳрининг рамзий калити тақдим этилди.

Шаҳар тарихий қисмининг камарига айланган бу девор XV-XVII асрларда ҳукмронлик қилган Мин сулоласи даврида барпо этилган. Ўз даврида у ташқи томондан чуқур ҳандақлар билан ҳам ўралган ва мустаҳкам истеҳком вазифасини ўтаган. Муайян қисмларида барпо этилган қалъалар ташқарига чиқадиган кўприк билан жиҳозланган ва айни пайтда ишончли мудофаа иншооти бўлган.

Деворнинг яна бир ўзига хос жиҳати унинг ўлчамларидир. Бўйи 15, эни 12 метрга етадиган бу девор устидан қадимги даврнинг барча транспорт воситалари, оғир жанговар-техникавий аслаҳалари, катта миқдордаги жангчилар бемалол ҳаракатлана олган. Унинг туннеллари ва туйнуклари эса шаҳар мудофаа қудратини янада оширган.

Президент Ислом Каримов Сиань нафақат ўзининг бетимсол обидалари, балки юксалиб бораётган иқтисодий қудрати билан ҳақли равишда Хитойнинг энг диққатга сазовор шаҳарларидан бири эканини таъкидлади.

Шаҳарга ташриф асносида давлатимиз раҳбари Шэньси провинцияси партия қўмитаси котиби – Халқ вакиллари кенгаши раиси Чжао Чжэнюн ва провинция ҳокими Лоу Циньцзянь билан учрашди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Хитойга давлат ташрифи самарали кечаётгани алоҳида таъкидланди. Ўзбекистон ва Хитойнинг маъмурий-ҳудудий бирликлари, жумладан, Самарқанд билан Сиань ўртасида бевосита ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг 2013 йил сентябрь ойида Ўзбекистонга давлат ташрифи асносида Самарқанд ва Сиань ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатиш тўғрисида фикр билдирилган эди.

Хитой Раиси Си Цзиньпиннинг она юрти бўлган ушбу шаҳар билан рўйи замин сайқали бўлган Самарқанд ўртасидаги муносабатларнинг янги даражага кўтарилишида ва Президент Ислом Каримовнинг Сианни зиёрат қилишида чуқур рамзий маъно бор. Давлат раҳбарларининг ўзаро ишончи ва ҳурмати мамлакатлараро ҳамкорлик алоқаларининг юксак ривожи учун асос бўлиб, халқларимиз ўртасидаги ришталарни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи сиёсий, иқтисодий натижалар билан бир қаторда юксак инсонийлик ютуқлари туфайли ҳам мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар тарихидан муҳим ўрин эгаллаши ва ўзаро ҳамкорликни янги босқичга кўтариши муқаррардир.

Манба: www.uza.uz