Тиббиёт ютуқлари-инсон хизматида
«Кейинги пайтларда соғлиғим ёмонлашиб, оёқ-қўлларим ва белимда кучли оғриқ пайдо бўлди. Иштаҳам йўқолди. Тиббий текширувларда қон касаллигига чалинганимни эшитиб, энди тузала олмасам керак, дея умидсизликка тушдим. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли Гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институтида бундай касалликларни даволашнинг замонавий усуллари йўлга қўйилганини эшитиб, шу ерга келиб даволандим. Ҳозир аҳволим яхши. Инсон саломатлигини барча нарсадан устун қўйиб, халқимиз учун замонавий тиббий шароитларни яратаётган Президентимиздан ниҳоятда миннатдормиз».
Бу – сурхондарёлик Қосим Пошшоевнинг сўзлари.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, қон таркибида парапротеинлар кўпайиши натижасида келиб чиқадиган миелом касаллиги туфайли суяклар мўртлашади. Жигар ва буйрак хасталанади. Илгарилари бу тиббий муаммо инсон саломатлиги ва ҳаётига жиддий зиён етказарди. Фан ва технологиялар кундан-кунга ривожланаётган замонамизда янги тиббий ташхис ва даволаш усуллари яратилиши бундай хасталикларни эрта аниқлаш ва самарали даволашда муҳим омил бўлаётир. Хусусан, тараққий этган мамлакатларда миелом касаллигини беморнинг ўзидан ўзак ҳужайрани кўчириб ўтказиш усули орқали бутунлай даволашга эришилмоқда.
Мустақиллик йилларида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар соҳани тубдан такомиллаштириш ва инсон саломатлигини асрашда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётир.
Ўз йўналиши бўйича нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиё минтақасида етакчи ўринда турувчи Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институтида жаҳон тиббиётининг кўплаб замонавий йўналишларидан самарали фойдаланилаётир.
Яқинда ушбу институтда онкогематология бўлими очилди. Инвестиция дастури доирасида фойдаланишга топширилган мазкур бўлимда катталар ва болалар учун саксонта ўрин мавжуд. Жаҳон андозалари даражасида барпо этилган бинода қабул бўлими, тиббий лаборатория, реанимация ва гемодиализ бўлимлари ташкил этилди. Ушбу йўналишда фаолият юритаётган олимлар хорижий мамлакатлардаги нуфузли клиникаларда малака оширди ва жаҳон тиббиётининг янги усули – қон касалликларида ўзак ҳужайраларни кўчириб ўтказиш орқали касалликни бартараф этиш усулини ўзлаштирди. Бу жараёнда қўлланиладиган цитофарез аппарати олиб келиб ўрнатилди.
– Онкогематологияда ўзак ҳужайрани кўчириб ўтказиш амалиёти ихтиро этилгани ва замонавий дори воситалари яратилгани кўплаб қон касалликларини самарали даволашнинг муҳим омили бўлаётир, – дейди Гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институти директори ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори Азиза Маҳмудова. – Масалан, болаларда учрайдиган ўткир лимфобласт лейкоз касаллигини барвақт аниқлашда янги тиббий препаратларни қўллаш орқали консерватив усулда хасталикни бутунлай бартараф этишга эришмоқдамиз. Келгусида янги йўналишларни янада такомилаштириш, хусусан, лейкоз, апластик ва гемолитик камқонликни даволашда ўзак ҳужайра трансплантацияси усулларини амалиётга татбиқ этиш юзасидан илмий-амалий лойиҳалар давом эттирилмоқда. Айни пайтда бундай янгиликларни мамлакатимизнинг барча ҳудудида кенг ёйиш, тиббий-профилактика ишлари самарадорлигини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётир.
Тиббиётимизнинг бундай муҳим ютуқлари халқимизга кўрсатилаётган тиббий ёрдамни замонавийлаштириш, касалликларни барвақт аниқлаш ҳамда самарали даволаш, халқимиз саломатлиги ва миллатимизнинг генофондини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Манба: www.uza.uz