Соғлом жамият асоси
Термиз шаҳрида аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш масаласига бағишланган семинар-тренинг машғулотлари ўтказилди.
Республика “Оила” илмий-амалий маркази, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оилада соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 1 августдаги “2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарори бу йўналишдаги ишларни янги босқичда давом эттиришда муҳим омил бўлмоқда.
Семинар иштирокчиларига репродуктив саломатлик, соғлом оилани шакллантириш, турли юқумли касалликлар, жумладан, ОИТС инфекцияси юзасидан маълумотлар берилмоқда.
– Оилада соғлом турмуш тарзини таъминлашда эркакнинг алоҳида ўрни бор, – дейди вилоят аҳоли репродуктив саломатлик маркази шифокори Чори Жўраев. – Тажрибали мутахассислар томонидан ўтказилаётган семинар-тренинг машғулотлари уларнинг бу масала юзасидан хабардорлигини ошириб, оилада тиббий маданиятни янада юксалтиришга хизмат қилади. Бу ишнинг самарадорлигини таъминлашга машғулотларда иштирок этаётган маҳалла фаоллари яқиндан кўмаклашади.
Бундай тадбирлар вилоятнинг Ангор, Жарқўрғон ва Термиз туманларида ҳам бўлиб ўтади.
Манба: www.uza.uz