Кўз билан мунаввар олам ёхуд офтальмология муваффақиятлари
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг сифат жиҳатидан янги, юксак талабларга жавоб берадиган мукаммал тизими яратилди.
Бугунги кунда аҳолининг барча қатламларига замонавий усулда тиббий-профилактика ёрдами кўрсатаётган қишлоқ врачлик пунктларидан шошилинч ва ихтисослаштирилган тиббиёт марказларигача бўлган тизимда энг илғор диагностика ва даволаш услулларидан кенг фойдаланилмоқда. Кўз микрохирургияси соҳаси ана шундай замонавий йўналишлардан биридир.
Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургия маркази директори, Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош офтальмологи, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими Зафар Сиддиқов билан ЎзА мухбирининг суҳбати ушбу йўналишда эришилган ютуқлар ва истиқболдаги вазифалар хусусида бўлди.
– Мустақиллик йилларида мамлакатимизда эришилган улкан ютуқ ва марралар ҳақида сўз юритилганда, бошқа соҳалар қатори тиббиётда амалга оширилган давлат дастурлари натижалари ҳам алоҳида тилга олинади. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки ҳар бир халқ, миллат, давлат ва жамият тараққиёти даражаси, аввало, фуқаролар манфаати, соғлиғи ва фаровонлиги қай даражада таъминлангани билан ўлчанади, – дейди З.Сиддиқов. – Юртбошимиз раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар туфайли қисқа муддатда аҳолига юксак технологиялар асосида тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича ўзига хос тизим яратилди.
Бунда кўз касалликларини даволашга ихтисослашган офтальмология ва унинг замонавий йўналиши – кўз микрохирургияси соҳаси муҳим ўрин тутади. Ушбу тизимда тиббий-профилактика ва ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича сезиларли натижаларга эришилмоқда. Пойтахтимизда ва вилоятларда офтальмология соҳасига ихтисослашган эллик бешта тиббиёт муассасаси аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Шунингдек, хусусий тармоқ ҳам изчил ривожланаётир. Мамлакатимиздаги барча офтальмология шифохоналари факоэмулсификатор, ультратовушли биомикроскоп, компьютер томограф, компьютер периметр, оптик когерент томограф каби замонавий тиббий технологиялар билан жиҳозланган. Шифокорларнинг малака ва маҳорати муттасил равишда оширилмоқда.
– Мамлакатимизда бу борада шаклланган тизимнинг ўзига хос жиҳатлари, қўлланилаётган янги даволаш усуллари ҳақида сўзлаб берсангиз.
– Кўз микрохирургияси фан-техника тараққиётига уйғун равишда жадал ривожланаётган соҳалардан. Офтальмологияда замонавий асбоб-ускуналар ёрдамида диагностика, даволаш ва жарроҳлик амалиёти қўлланилиши натижасида илгари даволаш имкони бўлмаган кўплаб кўз касалликларини соғломлаштиришга эришилмоқда. Мустақиллик йилларида тараққий этган давлатларнинг нуфузли тиббий-илмий марказлари, етакчи клиникалар билан ҳамкорлик учун кенг йўл очилгани мамлакатимизда ушбу соҳанинг жадал ривожланишига туртки бўлди. Натижада жаҳон тиббиётининг илғор услубларини ўзлаштириш ва амалиётга жорий этиш имкони юзага келди.
Ўн йилдан буён фаолият юритаётган Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси марказида халқимизга сифатли тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Замонавий андозалар даражасида барпо этилган муассасамизда кунига бир юз эллик қатновга мўлжалланган консультатив-диагностика поликлиникаси, эллик ўринли стационар, жарроҳлик, замонавий лаборатория ва марказлашган стерилизация бўлимлари фаолият юритмоқда.
Кўз касалликларини эрта аниқлаш ва самарали даволашда жаҳоннинг илғор тажрибалари ва юксак технологиялари кенг қўлланилмоқда. Натижада илгарилари инсон соғлом ва узоқ умр кўришига монелик қилган бир қатор касалликларни тўлиқ даволашга эришмоқдамиз. Қандли диабет туфайли келиб чиқадиган тўр пардадаги ўзгаришларда, миопия касаллигини даволашда қўлланилаётган лазер жарроҳлиги усули бунга мисолдир. Бу операция усули амалдагисидан кўра безарар, инсон вужудида деярли асорат қолдирмайди.
Глаукома ва унинг оғир тури – неоваскуляр глаукомани даволашда ксеноколлаген дренаж имплантацияси воситасида янги жарроҳлик амалиёти самарали татбиқ этилмоқда. Бугунги кунда икки юздан ортиқ беморга шундай жарроҳлик амалиёти қўлланиб, кўриш қобилияти тикланди.
Яна бир самарали усул – кўзнинг шишасимон танаси ва тўр парданинг оғир хасталикларини даволашда қўлланилаётган витреоретинал жарроҳлик амалиётидир. Ушбу юқори технологияли даволаш усули жаҳоннинг тараққий этган мамлакатларидаги нуфузли клиникаларда бажарилади. Эндиликда клиникамизда бу усул муваффақиятли амалга оширилиши натижасида беморларнинг хорижда даволанишига зарурат қолмади. Ана шундай касалликка чалинган кўплаб беморларга соғлом ҳаёт бахш этилди.
Кўзнинг шоҳ пардаси жароҳатланиши туфайли инсон ёруғ дунёни кўриш бахтидан маҳрум бўлади. Ушбу касалликка аниқ ташхис қўйиш ва даволаш усули яратилиши кўз микрохирургиясининг яна бир муҳим ютуғи бўлди. Турли жароҳатлар, сурункали касалликлар оқибатида кўриш қобилиятини йўқотган инсонларга янгидан ҳаёт бахш этиш имконияти юзга келди. Мамлакатимиз олимлари ва шифокорларининг ушбу усулни амалиётга татбиқ этиш бўйича олиб борган изланишлари ўз самарасини берди. АҚШнинг Флорида штати Тампа шаҳрида жойлашган Кўз банки билан донор шоҳ пардасини етказиб бериш тўғрисида тузилган шартномага мувофиқ Ўзбекистонда шоҳ пардани кўчириб ўтказиш, мураккаб офтальмореконструктив жарроҳликларни амалга ошириш имкони яратилди.
Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургия маркази мамлакатимизда шоҳ пардани кўчириб ўтказиш жарроҳлик амалиёти амалга ошириладиган ягона давлат муассасаси ҳисобланиб, йилига элликка яқин шундай амалиёт бажарилади ва беморларга янгитдан кўриш бахти ато этилмоқда. Ўтган йилларда уч юзга яқин бемор ана шундай имкониятдан фойдаланиб, ўз саломатлигини тиклади.
– Илмий изланишлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
– 2009 йилдан бошлаб марказимиз офтальмология йўналишида мамлакатимиздаги бош илмий муассаса этиб тайинланди ва бошқаришнинг вертикал тизими бўйича офтальмология хизматини ривожлантиришда жойлардаги тиббиёт муассасаларига услубий ва амалий кўмак бериб келмоқда. Бу ерда татбиқ этилаётган даволаш ва диагностика соҳасидаги барча замонавий усулларни жойлардаги бирламчи тиббий-профилактика ва офтальмология шифохоналари ўртасида кенг ёйиш, замонавий тиббий хизматни аҳолига яқинлаштириш мақсадида малакали мутахассислар иштирокида жойларда тиббиётнинг замонавий йўналишлари бўйича мунтазам семинар-тренинглар, ўқув-услубий машғулотлар, маҳорат сабоқлари ташкил этилмоқда. Шифокорларимиз қишлоқ врачлик пунктларида мунтазам ўтказилаётган соғломлаштириш ҳафталикларида фаол иштирок этмоқда. Бундай илмий-амалий ҳамкорлик натижасида бир қатор илғор диагностика ва юқори технологияли даволаш усулларидан вилоятлардаги клиникаларда ҳам самарали фойдаланилмоқда. Қишлоқ врачлик пунктларининг умумий амалиёт шифокорлари тиббий-профилактика ёрдамини ташкил этиш, касалликларнинг олдини олиш ва эрта босқичларда аниқлашда фаол иш олиб бораётир.
Олимларимиз жаҳон тиббиётининг долзарб масалалари бўйича кенг кўламли илмий изланишларни амалга оширмоқда. Бугунги кунда тўртта давлат гранти асосида жаҳон тиббиёти долзарб муаммолари – неоваскуляр глаукомани ташхислашнинг янгича алгоритми, даволаш ва профилактика принципларини ишлаб чиқиш, неоваскуляр назлани жарроҳлик йўли билан даволашнинг ксеноколлаген дренажини қўллаш бўйича янги модификацияланган усулни татбиқ этиш, тўр парда веналари тромбозини ташхислаш ва профилактикасини ишлаб чиқиш, диабетик катаракта билан хасталанган беморларда янги дифференциалланган реабилитация амалиётини татбиқ этиш каби мавзуларда илмий тадқиқотлар олиб борилаётир.
Бу жараёнда мамлакатимиз ва хориждаги етакчи илмий тадқиқот муассасалари ва клиникалар билан йўлга қўйилган ҳамкорлик ўз самарасини бермоқда. Жорий йилнинг ўтган ойларида ўн нафарга яқин олим ва шифокор АҚШ, Германия, Бельгия, Россия ва бошқа мамлакатлардаги тиббиёт марказларида малака ошириб қайтди. Бундай илмий тажриба алмашув тиббий хизматни янада ривожлантиришда муҳим омил бўлаётир.
Буларнинг барчаси юртимизда инсон манфаатларига йўналтирилган ислоҳотлар бераётган муҳим натижалардандир. Келгусида тиббий профилактика тадбирларини янада ривожлантириш, ҳар бир инсонда ўз саломатлиги учун масъуллик ҳиссини кучайтириш орқали бу ижобий кўрсаткичларни янада орттириш, халқимиз соғлом, узоқ умр кечиришини таъминлаш учун тиббиётимизнинг куч ва салоҳияти етарли.
Манба: uza.uz