UZ RU
11.08.2014

Кўчма дорихоналар ишга тушди

Мамлакатимизнинг чекка ҳудудларида истиқомат қилаётган аҳолининг сифатли дори воситаларига бўлган эҳтиёжини таъминлаш мақсадида «Дори-дармон» акциядорлик компанияси томонидан махсус жиҳозланган элликта «Damas» автомашинасида кўчма дорихона ташкил этилиб, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларга етказилди.

Инсон саломатлигини асрашда аҳолининг дори-дармонга бўлган эҳтиёжини таъминлаш муҳим омиллардан ҳисобланади.

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан тиббий-ижтимоий соҳада амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар самарасида халқимизга жаҳон андозалари даражасида тиббий хизмат кўрсатиш, фармацевтика саноатини ривожлантириш, аҳолини юртимизда ишлаб чиқарилган дори-дармонлар билан таъминлаш борасида улкан ишлар амалга оширилди. Бугунги кунда бир юз қирқдан ортиқ фармацевтика корхонасида тиббиётнинг турли тармоқларида қўлланиладиган бир минг етти юзга яқин номдаги дори воситаси, тиббий буюм ва жиҳозлар ишлаб чиқарилмоқда.

Фармацевтика саноатини ривожлантириш, аҳоли ва даволаш-профилактика муассасаларини кенг турдаги сифатли дори-дармон билан таъминлашда «Дори-дармон» акциядорлик компаниясининг алоҳида ўрни бор. Компания таркибида саккизта акциядорлик жамияти, ўнта шўъба корхонаси, ўн еттита дори сақланадиган омборхона, ўн бешта назорат-таҳлил лабораторияси ҳамда 1350 га яқин дорихона фаолият юритмоқда. Бу дорихоналарнинг етмиш фоиздан кўпроғи қишлоқ жойларда, жумладан, 707 таси қишлоқ врачлик пунктларида жойлашгани қишлоқ аҳолисининг замонавий тиббий ёрдамдан баҳрамандлик даражасини оширишда муҳим омил бўлаётир.

Бундай шароитларни янада такомиллаштириш мақсадида 2010 йилдан буён махсус жиҳозланган ўн тўртта изотермик автомобилда кўчма дорихоналар ташкил этилди. Улар орқали 2013 йили 1 миллиард 554,4 миллион сўмлик, жорий йилнинг биринчи ярмида 810,7 миллион сўмлик фармацевтика маҳсулотлари савдоси амалга оширилди.

«Соғлом бола йили» Давлат дастури доирасида бу борадаги лойиҳалар кўлами янада ортмоқда. «Дори-дармон» акциядорлик компанияси томонидан чекка ҳудудларда яшайдиган аҳолини дори воситалари ва тиббий буюмлар билан тўлиқ таъминлаш мақсадида «GM Uzbekistаn» ёпиқ акциядорлик жамияти мутахассислари билан ҳамкорликда кўчма дорихонанинг экспериментал модели яратилди.

– Ватанимиз мустақиллигининг 23 йиллигига қизғин тараддуд кўрилаётган шу кунларда замонавий жиҳозлар билан таъминланган кўчма дорихоналар Оролбўйига етиб келди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси "Дори-дармак” акциядорлик жамияти раҳбари Гулистон Собирова. – Уларда асосан мамлакатимизда ишлаб чиқарилган дори воситалари, шифобахш ўсимликлардан тайёрланган дамламалар мавжуд. Кўчма дорихоналар хизматидан дастлаб Элликқалъа, Беруний ва Нукус туманларида яшовчи аҳоли баҳраманд бўлди.

Фарғона вилоятида бешта кўчма дорихона аҳолига хизмат кўрсатишни бошлади. Вилоятда қишлоқ аҳолисига тиббий хизмат кўрсатишни яхшилаш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Фарғона вилояти “Дори-дармон” очиқ акциядорлик жамияти томонидан қишлоқ ҳудудларида бир юз олтмиш саккизта дорихона шохобчаси аҳолига хизмат кўрсатмоқда.

“Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида ташкил этилган кўчма дорихоналар хизматидан Данғара туманининг Чинобод қишлоғи аҳли ҳам фойдалана бошлади. Кўчма дорихоналарда савдони амалга ошириш учун назорат касса машинаси, тўлов терминали ўрнатилгани аҳолига қулайлик яратмоқда.

– Инсон учун саломатликдан азиз неъмат йўқ, – дейди Чинобод қишлоғида яшовчи Билолиддин Шаҳобиддинов. – Президентимиз ташаббуси билан соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ этиш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар туфайли қишлоғимизда замонавий қишлоқ врачлик пункти ташкил этилди. Натижада аҳоли бирламчи тиббий хизматдан фойдаланиш учун узоқ йўл босиб, туман ёки вилоят марказига қатнашига ҳожат қолмади. Кўчма дорихона хизмати ташкил этилиши бу борада яна бир катта қулайлик бўлди. Инсон манфаатларини муҳофазалашга қаратилаётган доимий эътибор ва ғамхўрлик учун Президентимиздан миннатдормиз.

Манба: uza.uz