UZ RU
18.07.2014

Профилактика – барқарорлик омили

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида тиббий-ижтимоий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида аҳоли саломатлигини муҳофазалаш, санитария-эпидемиология муҳити барқарорлигини сақлаш, четдан хавфли юқумли инфекциялар кириб келишининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Бу йўналишда тегишли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Жойлардаги санитария назорати пунктлари фаолияти янада такомиллаштирилаётир, кушхоналар, гўшт дўконлари ҳамда бозорларда гўшт маҳсулотлари сифати қатъий назоратга олинмоқда. Бозорлар ва гўшт дўконларига сифатли маҳсулот етказиб беришни йўлга қўйиш мақсадида жойларда янги кушхоналар фойдаланишга топширилаётир.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, куйдирги касаллиги одамга куйдиргига чалинган ҳайвонларни парваришлаш, сўйиш, етарлича термик ишлов берилмаган гўшт истеъмол қилиш орқали юқади. Бунинг олдини олиш учун мамлакатимизда гўшт сифатини назорат қилиш тизимли ташкил қилинган. Мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида ишлаб чиқилган бозорлар ва савдо нуқталарида гўшт маҳсулотлари сотилишига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги йўриқлар бунда муҳим омил бўлмоқда.

– Куйдирги ҳайвонлар ва одамлар учун ўта хавфли касаллик, – дейди Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Давлат ветеринария бош бошқармаси бошлиғи Баҳром Норқобилов. – Дунёнинг қатор давлатларида, жумладан, минтақамиздаги айрим мамлакатларда ҳам бундай эпидемиологик мураккабликларнинг юзага келаётгани юртимиз ҳудудига юқумли касалликлар кириб келишининг олдини олиш, профилактика тадбирларини янада кенгайтиришни тақозо этмоқда. Ана шу мақсадда юртимизда ҳайвонларни эмлаш воситалари захирасини яратиш, касалликка мойил молларни эмлаш йўлга қўйилди. Жорий йилнинг олти ойи мобайнида ҳудудий ветеринария хизматлари томонидан бу йўналишда олиб борилган ишлар натижасида ўн тўрт миллион бошдан зиёд йирик ва майда шохли мол, бошқа турдаги ҳайвонлар куйдиргига қарши эмланди. Жойлардаги ветеринария лабораториялари мутахассислари қорамолларни куйдиргига қарши доимий текширувдан ўтказмоқда.

Куйдирги ва бошқа юқумли касалликларнинг инсонлар орасида учрашининг олдини олиш борасида санитария-эпидемиология соҳаси ва тиббиёт ходимлари томонидан тизимли ишлар амалга оширилаётир. Чегара ҳудудларидаги санитария назорати постларида четдан кириб келаётган фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Тиббиёт ходимларининг бу борадаги билим ва кўникмасини ошириш мақсадида жойларда семинарлар ташкил этилмоқда. Бу жараёнда касалликнинг этиологияси, эпидемиологияси, профилактика ва даволашнинг самарали усуллари юзасидан тажриба алмашилмоқда.

– Куйдирги касаллигининг бактерияси ташқи муҳитга ўта чидамли бўлиб, олимлар унинг тупроқда кўп йиллар тирик сақланишини аниқлаган, – дейди Республика давлат санитария-эпидемиология назорати маркази ўта хавфли юқумли касалликлар бўлими мудири Ҳусан Сапаров. – Шу боис бу касалликка қарши курашиш жаҳон тиббиёти учун долзарб вазифа бўлиб келмоқда. Мамлакатимиз тиббий-илмий муассасалари томонидан бу йўналишда изчил илмий-тадқиқотлар олиб борилмоқда. Изланишлар жараёнида профилактика ва даволаш самарадорлигини ошириш, куйдиргининг табиий ўчоқлари устидан мунтазам лаборатория кузатувини такомиллаштириш бўйича олинаётган янги илмий хулосалардан амалда фойдаланилаётир.

Ҳар қандай касаллик каби куйдиргининг олдини олиш ҳам ҳар бир инсоннинг ўзига боғлиқ. Хонадонларда қорамол парваришлашда молхоналарни тоза тутиш, турли инфекцияларнинг пайдо бўлишига йўл қўймаслик, дезинфекция, дезинсекция тадбирларини ўтказиш, ҳайвонларни йилига бир маротаба куйдирги касаллигига қарши эмлатиш, уларда касаллик аломатлари кузатилганда дарҳол давлат ветеринария хизмати мутахассисларига мурожаат қилиш лозим. Бозорлар, савдо мажмуаларидан гўшт харид қилишда унга ветеринария-экспертиза лабораторияси муҳри босилгани ва истеъмолга яроқлилиги юзасидан берилган сертификат мавжудлигига эътибор бериш керак.

Жойларда давлат ва жамоат тузилмалари фаоллари, тиббиёт ва ветеринария мутахассислари ва аҳоли иштирокида ўтказилаётган тарғибот-тушунтириш тадбирларида ушбу масалаларга алоҳида эътибор қаратилаётир. Юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш усуллари ва санитария-гигиена меъёрлари бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Бундай изчил тадбирлар юртимизда хавфли юқумли инфекциялар, жумладан, куйдирги касаллиги бўйича эпидемик ва эпизоотик вазиятни барқарор сақлаш, аҳоли саломатлигини муҳофазалашда ўз самараларини бераётир.

Манба: uza.uz