UZ RU
23.07.2014

Хуршида-энг яхши ҳарбий ҳамшира

Қарши шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги тизимида ўтказилаётган “Энг фаол ҳамшира” кўрик-танловининг Жанубий-ғарбий махсус ҳарбий округ тиббиёт муассасалари ҳамширалари ўртасидаги минтақавий босқичи бўлиб ўтди. Унда Бухоро, Сурхондарё, Навоий ва Қашқадарё вилоятларидаги ҳарбий тиббиёт масканларида хизмат қилаётган ҳамширалар қатнашди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида ҳарбий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида Ватан ҳимоячиларига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини, ҳарбий қисм ва муассасаларда хизмат қилаётган тиббиёт ходимларининг билим ва малакасини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Қарши шаҳридаги ҳарбий муассаса ҳамшираси Хуршида Халилова танлов ғолиблигини қўлга киритди.

– Танлов касб маҳоратимни янада ошириш ва тажриба алмашиш имкониятини берди, – дейди Хуршида. – Танловда ғолиб бўлишнинг гашти ўзгача экан. Эндиги мақсадим мамлакат босқичида ҳам муваффақият қозониш.

Манба: uza.uz