Тиббий хизмат сифати яхшиланмоқда
Навоий вилояти Кармана тумани тиббиёт бирлашмасига 118 минг 450 АҚШ долларилик замонавий тиббий ускуна ва жиҳозлар ўрнатилди.
Президентимиз раҳнамолигида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, жисмонан ва маънан етук авлодни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида чекка қишлоқларда ҳам тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва маданияти тубдан яхшиланмоқда.
Соғлом бола йилида Хатирчи, Конимех ва Нурота туманлари тиббиёт бирлашмалари қайта таъмирланиб, замонавий рентген ва ультратовушли ташҳис ускуналари ўрнатилади.
– Муассасамизнинг замонавий жиҳозланаётгани аҳолига қатор қулайликлар яратмоқда, – дейди Кармана тумани тиббиёт бирлашмаси бош шифокори ўринбосари Исомиддин Нодиров. – Туғруқ бўлимига келтирилган 2 замонавий ускуна алоҳида парваришланадиган чақалоқларнинг соғлом ва дуркун ўсиб-улғайишига кўмак беради.
Кармана тумани тиббиёт бирлашмасида 2014-2016 йилларда 200 қатновга мўлжалланган кўп тармоқли поликлиника, юқумли касалликлар бўлими ва бошқа бинолар таъмирланиши режалаштирилган. Қарийб 1 миллиард 755 миллион сўм маблағ сарфланадиган мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши аҳоли саломатлигини янада мустаҳкамлашда катта аҳамият касб этади.
Манба: uza.uz