UZ RU
26.07.2014

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлиси тўғрисида ахборот

2014 йил 16 июлда Вазирлар Маҳкамасининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда жорий йилнинг I ярим йиллигида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари чиқарилди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан 2014 йил 17 январда республика Ҳукумати мажлисида белгилаб берилган 2014 йил учун иқтисодий дастурнинг йўналишлари ва муҳим устувор вазифалари амалга оширилишини таъминлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Мажлисда мамлакатни ривожлантиришнинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари, шунингдек, энг аввало, инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштириш, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлашнинг қабул қилинган дастурлари амалга оширилишини жадаллаштириш, иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарининг молиявий барқарорлигини ошириш ҳисобига иқтисодиётни диверсификациялаш ва рақобатбардошлигини ошириш стратегиясини амалга ошириш, шунингдек, аҳолининг фаровонлигини, ҳаёти даражаси ва сифатини изчил ошириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлиги ҳар томонлама кўриб чиқилди ва чуқур таҳлил қилинди.

Жаҳон иқтисодиёти ривожланишидаги кучайиб бораётган таҳдидлар ва қарама-қаршиликларга қарамай, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларини изчил ва аниқ мақсадни кўзлаб амалга ошириш, ўсишнинг мавжуд манбаларини сафарбар қилиш туфайли Ўзбекистонда макроиқтисодий барқарорликни ва иқтисодиёт ўсишининг барқарор юқори суръатларини сақлаб қолиш таъминланаётганлиги қайд этилди. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 8,1 фоизни, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажмлари ўсиши – 8,1 фоизни, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажмлари ўсиши – 17,4 фоизни ташкил этди. Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз миқдоридаги профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси прогноз параметрлардан ошмади.

Ички талабни рағбатлантириш, истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни тубдан кўпайтириш ҳамда хизматлар кўрсатиш ва сервис соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирларини амалга оширишни давом эттириш истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми 10,8 фоизга, чакана товар айланмаси ҳажми – 13,7 фоизга ва пуллик хизматлар ҳажми – 9,7 фоизга ўсишини таъминлади. Мамлакат ялпи ички маҳсулотида хизматлар соҳасининг улуши 2013 йилнинг биринчи ярим йиллиги натижалари бўйича 52,4 фоиз ўрнига 52,7 фоизгача ўсди.

Экспорт қилувчи корхоналарнинг экспорт салоҳиятини рағбатлантириш ва уларни қўллаб-қувватлаш, олдин ўз маҳсулотларини экспорт қилмаган корхоналарни экспорт фаолиятига жалб этиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар экспорт ҳажмларининг 8 фоизга ўсишини ва ташқи савдо айланмасининг салмоқли ижобий сальдосини таъминлаш имконини берди.

Республиканинг аграр сектори тадрижий ўсиш суръатлари билан ривожланмоқда, қишлоқ жойларни ободонлаштириш, қишлоқ аҳолиси учун шинам яшаш шарт-шароитлари яратиш чора-тадбирлари фаол амалга оширилмоқда. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмлари 6,9 фоизга ўсиши таъминланди. Доннинг 8 миллион тоннадан ортиқ рекорд ҳажми етиштирилди ва йиғиштириб олинди. Уй-жойлар қуриладиган янги қишлоқ массивларида 2014 йилга мўлжалланган 11000 та намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уйларнинг 4486 таси фойдаланишга топширилди.

Янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини оширишнинг ҳар йилги дастурини тизимли амалга ошириш туфайли жорий йил бошидан бошлаб 506,4 мингта янги иш ўринлари ташкил этилди. Улардан 303,2 мингтадан ортиғи ёки 59,9 фоизи қишлоқ жойларда ташкил этилди.

“Соғлом бола йили” Давлат дастурини амалга ошириш доирасида оналик ва болаликни муҳофаза қилишни, таълим сифатини оширишни, ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга кенг жалб этишни таъминлаш тадбирлари амалга оширилмоқда, уларни молиялаштиришга барча манбалар ҳисобидан 3,1 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.

Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари олдига 2014 йил учун белгиланган барча асосий макроиқтисодий кўрсаткичларга ҳамда республика иқтисодиёти тармоқлари ва ҳудудларини ривожлантиришнинг қабул қилинган комплекс дастурлари прогноз параметрларига эришишни таъминлаш бўйича комплекс қўшимча чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш вазифаси қўйилди.

Мажлис кун тартибидаги масалаларни муҳокама қилиш давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан 2014 йил 17 январда республика Ҳукумати мажлисида белгилаб берилган топшириқлар ва вазифаларга мувофиқ ишлаб чиқилган зарар кўриб ишлаётган, иқтисодий ночор ва паст рентабелли корхоналарни молиявий соғломлаштириш бўйича “йўл хариталари”ни амалга оширишнинг натижадорлиги ва самарадорлигини батафсил таҳлил қилишга асосий эътибор берилди.

144 та зарар кўриб ишлаётган, иқтисодий ночор ва паст рентабелли корхоналарни молиявий соғломлаштириш бўйича тасдиқланган “йўл хариталари”ни фаол амалга ошириш туфайли 109 та корхонани зарар кўриб ишлашдан ва молиявий нобарқарорликдан чиқариш таъминланганлиги қайд этилди. Қайта ташкил этилаётган корхоналарда умумий суммаси 3,1 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди ва хизматлар кўрсатилди, шу жумладан, қарийб 118 миллион АҚШ долларилик маҳсулот экспортга сотилди. Йирик саноат корхоналарида 1330 бирлик эскирган асбоб-ускуна янгиланди, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот таннархини ўртача 8,9 фоизга пасайтиришга эришилди.

Муҳокама жараёнида бир қанча компаниялар, йирик корхоналар ва вилоятлар ҳокимликлари раҳбарлари олдига айрим зарар кўриб ишлаётган, иқтисодий ночор ва паст рентабелли корхоналарни молиявий соғломлаштириш бўйича тасдиқланган тадбирлар зарур даражада ташкил этилиши ҳамда ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши устидан назорат қилишни таъминлаш юзасидан аниқ вазифалар қўйилди. Корхоналарнинг ўзаро ҳисоб-китоблари ҳолатини янада яхшилаш, уларнинг дебиторлик ва кредиторлик қарздорлигини тубдан қисқартиришга йўналтирилган қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.

Мажлисда саноат тармоқларини модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан янгилашнинг қабул қилинган дастурлари доирасида 2014 йилга мўлжалланган муҳим ишга тушириш объектларини фойдаланишга топширишни таъминлаш ишларининг ҳолати ҳар томонлама ва чуқур таҳлил қилинди. Муҳим юқори технологик ва замонавий объектлар ва қувватларни ишга туширишни тезлаштириш, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларини модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш жараёнларини чуқурлаштириш юзасидан амалга оширилаётган фаол инвестиция сиёсати ва кўрилаётган чора-тадбирлар ўзлаштирилган инвестициялар ҳажмлари 10,8 фоизга, шу жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар – 28,8 фоизга ўсишига кўмаклашганлиги қайд этилди. Жорий йил бошидан бошлаб 2014 йил учун Инвестиция дастурига киритилган умумий қиймати 680 миллион доллар бўлган 64 та лойиҳани амалга ошириш тугалланди. 1651 та янги ишлаб чиқариш объекти фойдаланишга топширилди.

Вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, корхоналар ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг эътибори янги юқори технологик ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, корхоналарни модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, инфратузилма ва ижтимоий соҳа объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича инвестиция лойиҳалари амалга оширилишини жадаллаштиришни таъминлайдиган амалий чора-тадбирлар кўриш зарурлигига қаратилди. Шунингдек, навбатдаги йилга Инвестиция дастурини ишлаб чиқиш, уни республика ҳудудларини, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларини ривожлантириш бўйича қабул қилинган ўртача муддатли комплекс дастурлар билан ўзаро боғлашни таъминлаш юзасидан асосий масалалар ва ташкилий чора-тадбирлар белгиланди.

Мажлисда инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш бўйича қабул қилинган дастурий чора-тадбирларни амалга оширишни танқидий таҳлил қилишга жиддий эътибор берилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил апрель ойида қабул қилинган ҳужжатларига мувофиқ 22 та рухсат берувчи тартиботлар бекор қилинганлиги, 21 та рухсат берувчи тартиботни расмийлаштириш муддатлари 2,1 баравар, шунингдек, фаолиятнинг 11 тури бўйича лицензияларни ва рухсат берувчи тусдаги ҳужжатларни расмийлаштиришда йиғимлар миқдори ўртача 4 баравар қисқартирилганлиги қайд этилди. Ҳужжатларни тақдим этиш ёки ваколатли органлар билан келишиш бўйича ортиқча талаблар бекор қилиниши ҳисобига 31 та рухсат берувчи тартибот бўйича расмийлаштириш тартиб-қоидаси соддалаштирилди. Жорий йилнинг охиригача давлат хизматларининг энг кўп талаб қилинган 23 та турини интернет тармоғи орқали интерактив шаклга ўтказиш назарда тутилди.

Кичик ишлаб чиқаришларни ташкил этиш учун кичик бизнес субъектларига умумий суммаси 25,5 миллиард сўмлик 86 та давлат активлари сотилди, давлат мулкининг 19,4 мингта фойдаланилмаётган объектлари ижарага берилди. Банклар томонидан уларга 4,8 триллион сўм миқдорида ёки 2013 йилнинг биринчи ярим йилидагига қараганда 1,3 баравар кўп кредитлар берилди. Ишбилармонлик муҳитининг яхшиланиши мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти ўсишига ва миллий иқтисодиётнинг барақарорлигига, аҳолининг, айниқса, қишлоқ жойлардаги аҳолининг иш билан бандлиги ва моддий фаровонлигини ошириш масалаларини ҳал этишга тадбиркорликнинг улушини жиддий равишда оширишни таъминлади. Кўрилган чора-тадбирлар кичик бизнес улушининг саноатда – 27 дан 28,4 фоизгача, бандликда – 75,8 дан 76,4 фоизгача ўсишини таъминлади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Иқтисодиёт вазирлиги, “Давархитектқурилиш” қўмитаси, “Ўзгеодезкадастр” давлат қўмитаси ва Давлат рақобат қўмитаси раҳбарларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 2 июлдаги “Давлат мулки объектларини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига сотиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ тадбиркорлик субъектларини давлат мулки объектларининг бўшаб қолаётган ер участкалари базасида ташкил этиладиган кичик саноат зоналарида жойлаштиришни жадаллаштириш, уларда янги иш ўринлари яратиш бўйича инвестиция мажбуриятлари қабул қилинган ҳолда янги ишлаб чиқаришларни, хизматлар кўрсатиш ва сервис соҳаси объектларини ташкил этиш юзасидан комплекс чора-тадбирлар кўриш топширилди.

Кун тартибидаги масалалар бўйича республика вазирликлари, идоралари, хўжалик бирлашмалари, йирик корхоналари ва вилоятлар ҳокимликларининг раҳбарлари сўзга чиқдилар. Республика Ҳукумати мажлисига киритилган масалаларни муҳокама қилиш якунлари бўйича 2014 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим устувор вазифалари амалга оширилишини сўзсиз таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган тегишли қарорлар қабул қилинди.

Манба: uza.uz