UZ RU
17.07.2014

Жаҳон банки Ўзбекистон ялпи ички маҳсулот аҳоли жон бошига 5340 доллар миқдорида баҳолади

Ўтган ҳафта Жаҳон банки иқтисодий ривожланиш даражаси бўйича мамлакатларнинг янги рейтингини эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистон миллий валютанинг харид қобилияти паритетига асосан ҳисоблаб чиқилган ялпи ички маҳсулот ҳажми бўйича дунёнинг 190 мамлакати орасида 66 ўринни эгаллади. 2010 йилда Ўзбекистон ушбу кўрсаткич бўйича 72 ўринда қайд этилган эди.

Мамлакатимиз иқтисодиётининг бундай жадал ўсиши ялпи ички маҳсулотнинг аҳоли жон бошига нисбатан ошиб боришида ўз ифодасини топмоқда. Жаҳон банкининг харид қобилияти паритети ҳисобга олинган ҳолда баҳолаши бўйича бу кўрсаткич 5340 долларни ташкил этди. Бу 2010 йилга нисбатан 1110 долларга кўп бўлиб, 2004 йилдан буён эса икки баробар ошганини кўрсатади.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ишлаб чиқилган ва амалга оширилаётган, дунёда “ўзбек модели” сифатида кенг эътироф этилган ислоҳотларни босқичма-босқич изчил амалга ошириш тамойилига асосланган мустаҳкам макроиқтисодий барқарорлик ва чуқур таркибий ўзгаришлар Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотнинг жадал суръатларда ўсишининг асосий омиллари бўлди. Ушбу кўрсаткич сўнгги 10 йилда ўртача йилига 8,1 фоизни ташкил этди.

Халқаро экспертларнинг фикрича, “ўзбек модели” маъмурий-буйруқбозлик тизимидан ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига ўтишнинг мураккаб бошланғич босқичида ҳамда глобал молиявий-иқтисодий инқироз шароитида ўзининг самарадорлигини яққол намоён этди. Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ривожланишини ва аҳоли реал даромадларининг изчил ошишини таъминлади.

Манба: uza.uz