UZ RU
18.07.2014

Ихтисослаштирилган тиббий ёрдам истиқболлари

Ихтисослаштирилган тиббий ёрдам истиқболлари

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида мамлакатимиз аҳолисига ихтисослаштирилган ва шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишнинг бугунги ҳолати ва соҳани янада ривожлантириш истиқболларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган тадбирда ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази раҳбарлари, олимлар, шифокорлар иштирок этди.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири А.Алимов, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори А.Ҳожибоев, Республика ихтисослаштирилган хирургия маркази директори Ф.Назиров ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган босқичма-босқич ислоҳотлар натижасида аҳолига замонавий тиббий-санитария, профилактика, диагностика, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишнинг яхлит ва мукаммал тизими яратилгани инсон саломатлигини асраш, халқимизнинг соғлом ва узоқ умр кечиришини таъминлашда муҳим омили бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда шаклланган замонавий тиббиёт муассасалари тизимида тиббий-илмий мактаблар негизида барпо этилган ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларининг алоҳида ўрни бор. Бугунги кунда хирургия, урология, кардиология, кўз микрохирургияси, акушерлик ва гинекология, педиатрия, терапия ва тиббий реабилитация, фтизиатрия ва пульмонология, эндокринология каби соҳаларда республика ихтисослаштирилган тиббий-илмий марказлари ва уларнинг вилоят филиаллари фаолият юритмоқда. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг жойларда 13 минтақавий филиали, туман тиббиёт бирлашмалари ҳузурида 172 субфилиали аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Бундан ташқари, мамлакатимизнинг барча ҳудудида тез тиббий ёрдам станциялари, санитар авиация хизмати йўлга қўйилган.

Бу замонавий шифо масканларида аҳолига тез, сифатли, юксак технологиялар воситасида тиббий ёрдам кўрсатишнинг замонавий тизими яратилган. Масалан, Республика ихтисослаштирилган хирургия марказининг кардиожарроҳлик мажмуасида ва бошқа шу каби шифохоналарда ўтган йилнинг ўзида юрак қон-томир касалликлари билан хасталанган тўрт мингдан зиёд беморга замонавий тиббий ёрдам кўрсатилди. Наманган ва Урганч шаҳарларида барпо этилган замонавий тиббиёт муассасаларида юрак клапанларини алмаштириш, туғма ва орттирилган юрак касалликларини тезкор усулда даволаш, электр кардиостимулятор имплантацияси, эхокардиография каби даволашнинг янгича услублари йўлга қўйилди. Бир қатор вилоят клиникаларида эса юрак ҳолатини узлуксиз мониторинг қилиб бориш амалиёти кенг қўлланилмоқда.

Ихтисослаштирилган тиббий ёрдамнинг бошқа йўналишларида ҳам қисқа даврда ана шундай салмоқли натижалар қўлга киритилди. Бу ютуқларни кенг оммалаштириш, диагностика ва даволашнинг замонавий услубларини амалиётга изчил татбиқ этиш мақсадида малакали олимлар, шифокорлар, мутахассислар иштирокида «Маҳорат дарслари» ташкил этилмоқда. Жаҳондаги нуфузли илм-фан марказлари ва клиникалар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари ва шошилинч тиббий ёрдам илмий марказлари, тез тиббий ёрдам бўлимларининг фаолиятини доимий ривожлантириш, соҳанинг моддий-техник базасини такомиллаштириш ҳам доимий эътиборда. Биргина 2013 йилда соғлиқни сақлаш соҳасига йўналтирилган инвестициялар ҳажми 2010 йилга нисбатан 3,8 баробарга ошди. Бунинг натижасида 295 тиббиёт муассасаси реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди. Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларини жиҳозлаш даражаси 1,8 баробарга ошди.

«Соғлом бола йили» Давлат дастури ижроси доирасида бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Тадбирда журналистларга мамлакатимиз аҳолисига замонавий тиббий ёрдам кўрсатишнинг бугунги ҳолати, соҳада юксак технологияларни қўллаш самаралари, кадрлар малакасини ошириш, тиббиёт ва илм-фан ютуқларини кенг оммалаштириш борасида ҳаётга татбиқ этилаётган лойиҳалар, аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдамни янада такомиллаштиришга оид маълумотлар тақдим этилди.

Манба:uza.uz