Болалар саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида
Болалар саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида
Туғма нуқсонлари бор ўзбекистонлик бир гуруҳ болалар “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди вакиллари ҳамроҳлигида даволаниш учун Корея Республикасига жўнаб кетди.
Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан мамлакатимизда “Соғлом она – соғлом бола” концепциясида белгилаб берилган долзарб вазифаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида тиббиёт ва ижтимоий соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар баркамол ва соғлом авлодни тарбиялаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. 2014 йилнинг юртимизда Соғлом бола йили, деб эълон қилингани бу борадаги кенг кўламли ишларнинг мантиқий давоми бўлди.
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ўсиб келаётган авлод саломатлигини таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, болаларнинг жисмоний, интеллектуал ва маънавий ривожланиши учун қулай шароит яратишга кўмаклашаётган ташкилотдир. Фонд миллий ва хорижий шериклар билан ҳамкорликда қатор инсонпарварлик дастурлари, жумладан, ўзбекистонлик болаларни дунёнинг энг яхши клиникаларида даволаш бўйича дастурларни амалга ошириб келмоқда.
Фонд томонидан Жанубий Кореянинг “Junior Chamber International – JCI” халқаро ёшлар ташкилоти ва Ча университети ҳузуридаги Пундан Ча госпитали билан ҳамкорликда туғма юрак нуқсони бор беморларни соғломлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Бунинг самарасида 2010-2013 йилларда ушбу касалликдан азият чеккан 23 нафар ҳамюртимиз муваффақиятли операция қилинди.
13 июль куни мамлакатимиздан 6 нафар бола “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди вакиллари ҳамроҳлигида бепул даволаниш учун Жанубий Кореяга жўнаб кетди.
– Саккиз ёшли набирам Нилуфарнинг юрагида туғма хасталик бор, – дейди Тошкент вилоятидан Д.Жумабоева. – Жанубий Кореяда зарур операция амалга оширилади. Фарзандларимизга кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик учун ташкилотчилардан миннатдормиз.
Манба:uza.uz