UZ RU
02.07.2014

Ҳамкорлик самаралари

Мамлакатимизга ташриф буюрган Корея Республикасининг Инха университети госпитали шифокорлари Навоий вилояти Кармана туманида кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказмоқда.

“Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, она ва бола соғлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Олис ҳудудлардаги қишлоқ врачлик пунктлари “Саломатлик” лойиҳалари асосида босқичма-босқич жиҳозланиб, аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш сифати оширилаётир.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси томонидан хорижий тиббиёт муассасалари билан ҳамкорликда ўтказилаётган тиббий кўрик ва муолажалар болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, мамлакатимиз мутахассисларининг чет эллик ҳамкасблари билан ўзаро тажриба алмашишида муҳим омил бўлмоқда. Жорий йилги кўрикларда ҳам жамғарманинг вилоят ҳудудий филиали тиббий-ижтимоий патронаж бригадаси мутахассислари фаол иштирок этмоқда.

– Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланиб бормоқда, – дейди Инха университети госпитали нефролог профессори Сонг Чжун Хо. – Жанубий Корея Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи ҳамкорлик муносабатлари янада мустаҳкамланишида муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз. Ўзбек шифокорлари билан биргаликда аҳолига тиббий хизмат кўрсатаётганимиз ҳам ўзаро ишончли алоқаларимиз самарасидир.

Манба : uza.uz