Замонавий дори воситалари – саломатлик омили
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Ўзфармсаноат” давлат акциядорлик концерни томонидан фармацевтика саноатини ривожлантириш, аҳолини замонавий дори воситалари билан таъминлаш, жаҳон тиббиётининг илғор ютуқларини амалиётга татбиқ этиш борасидаги илмий-амалий ишлар самаралари ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда мустақиллик йилларида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш, фармацевтика саноатида ишлаб чиқариш жараёнларини маҳаллийлаштириш бўйича амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар юксак самара бераётгани алоҳида таъкидланди.
Бугунги кунда мамлакатимиз фармацевтика саноатида бир юз ўттизга яқин корхона фаолият юритмоқда. Улардан тўқсонга яқини “Ўзфармсаноат” давлат акциядорлик концерни тизимидаги корхоналардир.
Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 21 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилги инвестиция дастури тўғрисида”ги қарори фармацевтика саноатига инвестицияларни кенг жалб этиш, ишлаб чиқариш жараёнини техник ва технологик модернизациялаш, аҳолининг сифатли дори-дармон воситаларига бўлган эҳтиёжини таъминлашда муҳим омил бўлди.
2013 йилда “Ўзфармсаноат” давлат акциядорлик концерни томонидан бу йўналишда белгиланган вазифалар ижроси юзасидан йигирма тўртта инвестиция лойиҳаси амалга оширилди. Натижада корхоналарда ишлаб чиқариш жараёнини замонавийлаштириш, халқаро сифат менежменти тизимини жорий этиш, фармацевтика бозорини сифатли дори-дармон билан тўлдириш ва экспорт салмоғини оширишга эришилмоқда.
Бу йўналишдаги чора-тадбирларни янада кенгайтиришда илм-фан ва амалиёт ҳамкорлиги муҳим омиллардандир. Кейинги йилларда кооперация алоқалари асосида йўлга қўйилган ҳамкорлик ишлари натижасида ўтттизга яқин фармакотерапевтик гуруҳларга мансуб қирқ номдаги маҳаллий доривор субстанциялар ишлаб чиқарилди. Бир қатор замонавий шифобахш дори воситалари яратилиб, тиббиёт амалиётига татбиқ этилди.
Тадбирда қайд этилганидек, юртимизда учрайдиган тўрт ярим мингдан кўпроқ ўсимликнинг бир минг бир юз эллик хили доривор гиёҳлардир. Олимлар ва мутахассислар ҳамкорлигида доривор гиёҳлар асосида тиббиётнинг барча тармоқларида фойдаланиладиган замонавий дори воситалари яратиш юзасидан кенг кўламли илмий изланишлар амалга оширилмоқда. 2014-2016 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурлари доирасида бу борадаги ишлар кўлами янада кенгаймоқда. Мазкур дастурлар доирасида қиймати 168 миллион доллардан зиёд эллик олтита инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши, натижада маҳаллий шароитда ўсадиган доривор ўсимликлар асосида тиббиёт амалиётида қўлланиладиган дори-дармон турларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш режалаштирилган.
Матбуот анжуманида мамлакатимиз фармацевтика саноатининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, дори-дармон ишлаб чиқаришни ривожлантириш, доривор ўсимликлардан дори-дармон ишлаб чиқариш бўйича амалга оширилаётган ишларга оид маълумотлар тақдим этилди.
Манба : uza.uz