UZ RU
03.07.2014

Соғлиқни сақлаш: Изчил ислоҳотлар, юксак самаралар

Шу йилнинг 3 июль куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Республика ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари ва Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази аҳамияти, бугунги кунда ушбу даволаш муассасаларида энг мураккаб операциялар муваффақиятли ўтказилаётганлиги” мавзусида навбатдаги матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Матбуот анжуманида таъкидланганидек, мустақиллик йилларида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирларини изчил амалга ошириш натижасида мамлакатимизда – бирламчи тиббий санитария ёрдамини кўрсатувчи қишлоқ врачлик пунктлари, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларидан бошлаб, мураккаб юқори технологияли тиббий хизматлар кўрсатувчи республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларигача барча даражаларни қамраб олган аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг яхлит ва мукаммал ташкилий тузилмаси яратилди.

Бугунги кунда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимидаги илмий мактаблар негизида 10 та республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббий марказлар ташкил этилиб, улар хирургия, урология, кардиология, кўз микрохирургияси, акушерлик ва гинекология, педиатрия, терапия ва тиббий реабилитация, дерматология ва венерология, фтизиатрия ва пульманология ҳамда эндокринология каби йўналишларда фаолият кўрсатмоқда.

Ушбу марказлашган тизим асосида ҳозир Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг жойлардаги 13 та минтақавий филиали, шунингдек, туман тиббиёт бирлашмалари қошидаги 172 та субфилиал фаолият кўрсатаяпти. Бундан ташқари, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида “103” хизмати станциялари, тез тиббий ёрдам гуруҳлари ҳамда санитар авиация хизмати йўлга қўйилган.

Соҳа ривожи учун давлат бюджетидан ажратилаётган маблағалар йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Агар 2012 йил соҳа ривожи учун давлат бюджетидан 2,8 триллион сўм маблағ ажратилган бўлса, 2013 йил ушбу кўрсаткич 3,4 триллион сўмга етди. Жорий 2014 йилда эса соғлиқни сақлаш тизимини янада яхшилаш мақсадида давлат бюджетидан 4,3 триллион сўм ажратилиши режалаштирилган.

Фақатгина 2013 йилнинг ўзида соғлиқни сақлаш соҳасига йўналтирилган инвестициялар ҳажми 2010 йилга нисбатан 3,8 баробар ошди. Бунинг натижасида 295 та тиббиёт объекти реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди.

Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларини жиҳозлаш даражаси 1,8 баробар ортди ва 91,7 фоизга етди, жумладан, юқори технологияларга асосланган ускуналар билан жиҳозлаш даражаси 82,6 фоизни ташкил этмоқда.

Манба : Матбуот хизмати