Таълим тизимидаги ёшларнинг тиббий-ижтимоий муҳофазаси кучайтирилади
“Адолат” СДП партиясининг парламент қуйи палатасидаги фракцияси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари билан ҳамкорликда “Мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида болаларни тиббий хизматлар билан таъминлаш тизими: бугунги ҳолати ва истиқболлари” мавзуида видео-конференция ташкил этилди.
Юртимизда инсон омилига бош мезон сифатида қаралиши тиббиётда ҳам ўз исботини топаётганлиги бугун мазкур соҳада мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда, ҳудудларимизда барпо этилаётган замонавий тиббиёт масканлари фаолиятида, айниқса, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида болаларни тиббий хизматлар билан таъминлаш кучаяётганида янада яққол кўзга ташланмоқда.
Мамлакатимизда ёшларнинг ҳар жиҳатдан соғлом, баркамол инсонлар бўлиб вояга етиши, аввало, ота-онанинг, оиланинг, қолаверса, бутун жамиятнинг бахти, давлатнинг, мамлакатнинг юксак салоҳиятини, куч-қудратини белгилаб берувчи муҳим омилдир. Шу мақсадда қабул қилинаётган қарорлар, фармонлар, давлат дастурлари хайрли ишларимизга ривож бериб, эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.
“Соғлом бола йили” Давлат дастурида мактаблар, лицей ва коллежлар ўқувчиларига, олий таълим муассасалари талабаларига тиббий-санитария хизмати кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, шу жумладан ҳар бир таълим муассасасида тиббиёт ҳамширалари фаолиятини йўлга қўйиш ҳисобига такомиллаштириш белгилангани, айниқса, соҳада амал қилаётган қонунларни замон талабларига мослаштириш бугунги кунда ушбу Дастур доирасида амалга оширилаётган ишлар сирасига киради.
Маълумотларга кўра, Халқ таълими тизимидаги жами 4962 та мактабгача таълим муассасаларидан барчасида тиббий хизмат хоналари ташкил этилган. Уларнинг аксарияти замонавий тиббий анжомлар билан тўлиқ жиҳозланган. Мазкур муассасаларда тарбияланаётган 539 527 нафар болаларга 5030 нафар ўрта тиббиёт ходимлари тиббий хизмат кўрсатишмоқда.
Республикамиздаги жами 9739 та умумтаълим мактабларида таълим олаётган 4 458 162 нафар ўқувчиларга эса жами 16 476 нафар тиббиёт ходими хизмат кўрсатиб келмоқда.
Мактабгача таълим муассасалари ва умумталим мактабларида тарбияланувчи ҳамда ўқувчилар ҳар ўқув йили давомида белгиланган меъёрлар асосида чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб келинмоқда.
— Баъзи мамлакатларда, шу жумладан, айрим ривожланган давлатларда ҳам соғлиқни сақлаш муассасалари, асосан, шаҳарларда жойлашганлиги туфайли қишлоқ аҳолиси тиббий хизматлардан фойдаланишда қийинчиликларга дуч келади. Мамлакатимизда яратилган миллий моделнинг ўзига хос жиҳатларидан бири шундаки, бизда энг чекка ҳудудда яшовчи аҳолига ҳам худди шаҳарлардаги каби бир хилда малакали тиббий ёрдам кўрсатиш назарда тутилган. Шунинг баробарида, таълим муассасаларида ҳам тиббиёт хоналарининг ташкил этилаётгани, тиббиёт ҳамшираси штати жорий қилинаётгани баркамол авлодни вояга етказиш йўлидаги муҳим қадам дейиш мумкин, –дейди фракция раҳбари Собир Турсунов.
Видео-конференцияда алоҳида таъкидланганидек, Соғлиқни сақлаш ҳамда Халқ таълими вазирликларининг 2013 йил 2 октиябрдаги “Мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасаларида тиббий хизматни такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарори қабул қилинган. Ушбу қарор билан “Мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасаларининг тарбияланувчи ва ўқувчиларига бирламчи тиббий-санитария ва профилактик ёрдам кўрсатиш тўғрисида Низом” тасдиқланган. Қарорга асосан соғлиқни сақлаш муассасалари раҳбарларига умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларига қабул қилинган штат бирликлари асосида тиббиёт ходимларини ўрнатилган тартибда бириктириш, ўқувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва уларни соғлиғини назорат қилиш масалалари юклатилган.
Ушбу идоравий ҳужжатнинг талабларига кўра тиббий хоналарни ташкил этиш, уларни керакли жиҳоз ва тиббий асбоб-ускуналар, зарарсизлантириш воситалари ҳамда дори-дармонлар билан таъминлаш вазифалари мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари раҳбарлари зиммасига юкланган.
— Партиямиз сайловолди дастурида партия аҳолининг кенг қатламларига кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини янада ошириш тарафдори эканлиги, соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишда ўз иштирокини янада кучайтиришини маълум қилган. Айни пайтда бу борадаги саъй-ҳаракатларини мактаб ва мактабгача таълим муассасалалари доирасида болаларни тиббий хизматлар билан таъминлаш тизимини мустаҳкамлашга йўналтириши белгилаб олинган.
“Адолат — ҳаётимизнинг бош мезони” сайловолди дастури ижроси доирасида “Шаҳар ва қишлоқда бир хил шароит” лойиҳасини ишлаб чиқдик. Лойиҳа доирасида “Мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида болаларни тиббий хизмат билан таъминлаш тизимини мустаҳкамлаш” мавзуида жойларда давра суҳбатлари ташкил этилмоқда. Шу билан бирга, таълим муассасаларида болаларни малакали тиббий хизматлар билан таъминлаш масалалари ўрганилмоқда. Учраётган муаммо ва камчиликлар жамланиб, таклифлар тайёрланмоқда, — дейди фракция аъзоси Зуҳра Ботирова.
Ижтимоий шерикчилик асосида бўлиб ўтган мазкур видео-конференция ҳам мамлакатимизда ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш йўлида амалга оширилаётган ишларни янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
Видео-конференция давомида билдирилган фикр-мулоҳазалар жамланиб, муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.
Манба : gov.uz