UZ RU
04.06.2014

Тўғри ва рационал овқатланиш – узоқ умр кўришнинг муҳим омили

Мутахассисларнинг таъкидлашича, инсоннинг соғлом ва узоқ умр кечириши учун тўғри ва рационал овқатланиш муҳим аҳамиятга эга.

Ўсиб келаётган ёш авлодни соғлом ва баркамол инсонлар этиб вояга етказиш, халқимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш, бозорларни юртимизда ишлаб чиқарилган сифатли истеъмол моллари билан тўлдириш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масалаларига Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мамлакатимизда озиқ-овқат етиштириш ҳажми йилдан-йилга кўпаймоқда. Хусусан, 2013 йилда гўшт ва сут етиштириш 2000 йилдагига нисбатан 2,1 баробарга ошди. Бугунги кунда нафақат йирик шаҳарлар, балки чекка қишлоқларимизда ҳам замонавий талаблар даражасида барпо этилган савдо мажмуалари, бозорлар кўпайиб бораётир. Бу аҳолига сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Овқатланиш тармоқлари фаолияти ҳам замон талаблари ва истеъмолчилар эҳтиёжига мос тарзда такомиллаштирилмоқда. Уйда тез ва осон овқат тайёрлашни хоҳлайдиган уй бекалари учун савдо мажмуаларида ярим тайёр маҳсулотларнинг хилма-хил тури мавжуд. Бу хонадон бекалари учун катта қулайлик туғдирмоқда. Бироқ тараққиётнинг бундай илдамлаши одамларнинг камҳаракат бўлиб қолишига, оқибатда саломатлик билан боғлиқ айрим муаммоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳозир сайёрамиз аҳолисининг 7 фоизи ана шундай норационал овқатланиш тарзи туфайли семизлик дардига йўлиққан. Вазнининг ортиб кетиши оқибатида кўплаб инсонлар айни навқирон ёшида турли хасталикларга чалиниб, меҳнат лаёқатини йўқотмоқда.

Бундай муаммоларнинг олдини олиш учун болаликдан тиббий маданиятни шакллантириш, тўғри ва рационал овқатланиш қоидаларини болалар онгига чуқур сингдириш, халқимизнинг бу борадаги эзгу тушунчаларини кенг тарғиб қилиш муҳим аҳамиятга эга.

– Тўғри ва рационал овқатланиш деганда кўпчилик тўйиб овқатланишни тушунади, – дейди Тошкент тиббиёт академиясининг болалар, ўсмирлар ва овқатланиш гигиенаси кафедраси мудири, тиббиёт фанлари доктори Низом Эрматов. – Бу борадаги муҳим талаблардан бири кундалик овқат калориясининг сарфлайдиган қувватимизга мос бўлишидир. Жумладан, гўшт, сут ва улар асосида тайёрланган маҳсулотларни истеъмол қилишда ҳам кундалик рационга риоя этиш саломатликнинг меъёрида бўлишида асосий омиллардан.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган санитария қоидаларига кўра, боғча ёшидаги болаларга кунига ўртача юз грамм гўшт ва беш юз граммга яқин сут бериш тавсия этилади. Шунингдек, болаларга бериладиган қаймоқ, творог, сариёғ, пишлоқ, қатиқ ва бошқа маҳсулотларнинг ҳам кунлик меъёрлари белгиланган.

Ёш авлодда болаликдан тўғри ва рационал овқатланиш билан боғлиқ тушунчаларни тўлиқ шакллантириш ишлари таълимнинг кейинги бўғинларида ҳам узлуксиз давом эттирилади. Бу борада Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўқувчиларнинг тўғри овқатланишига оид санитария қоидалари ва меъёрлари ишлаб чиқилган бўлиб, улар муайян муддатда такомиллаштирилиб борилади. Ушбу қўлланмаларда инсон соғ-саломат узоқ умр кечириши учун овқатланишни оқилона ташкил этишга оид барча маълумотлар қайд этилган.

Санитария қоидаларига кўра хот-дог, гамбургер сингари таомларни истеъмол қилишда белгиланган рационга амал қилиш лозим. Яъни, уларни бир ҳафтада бир марта ейиш мақсадга мувофиқ. Таркибида турли консервант ва бошқа моддалар бўлган озиқ-овқатларни истеъмол қилишда ҳам меъёрни билиш зарур.

Ана шундай муаммоларнинг олдини олиш ва ўқувчилар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш мақсадида мамлакатимиздаги таълим муассасаларини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ва ўқувчиларни сифатли овқатлантириш ҳолатини яхшилаш юзасидан комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.

– Ўқувчиларга овқатланиш хизмати кўрсатишни тўғри ташкил этиш мақсадида мактабимиз ошхонасида сифатли таомларни тайёрлаш йўлга қўйилган, – дейди Юнусобод туманидаги 97-умумтаълим мактаби директори Мукаррам Салимова. – Махсус сифат сертификатига эга бўлмаган озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси қатъий тақиқланган. Ўқувчиларимизга рационал овқатланиш талабларини тушунтириш ҳам муҳим вазифамиздир. “Соғлом авлод асослари” дарси ва бошқа машғулотларда, тарбиявий соатларда, ота-оналар билан учрашувларда бу йўналишда мунтазам тушунтириш ишларини олиб бормоқдамиз. Шу мақсадда иншо, расмлар кўрик-танловлари, шифокорлар иштирокида мулоқотлар ташкил этилаётир.

“Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида бу йўналишда амалга оширилаётган тиббий-ижтимоий лойиҳалар кўлами янада кенгаймоқда. Бундай эзгу ишлар жамиятимизда тиббий маданиятни юксалтириш, аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни камолга етказиш ҳамда миллатимиз генофондини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётир.

Манба : uza.uz