UZ RU
20.06.2014

Она сути – ҳаётбахш неъмат

Буюк бобокалонимиз, тиб илмининг султони Абу Али ибн Сино она сутини қуёшга қиёслаган. Алломанинг таъбирича, ер юзидаги мавжудотлар учун қуёш нури қанчалик зарур бўлса, бола учун она сути шунчалик ҳаётбахшдир.

Она сути таркибида фарзанд соғлом улғайиши, тетик ва баркамол вояга етиши учун зарур бўлган юздан зиёд микроэлемент мавжуд эканлигини бугунги замонавий илм-фан тасдиқлайди. Сунъий озиқлантириладиган гўдаклар эмизиладиган болаларга нисбатан ўлим хавфига ўн тўрт баравар кўпроқ дучор бўлиши аниқланган. Шунингдек, болани кўкрак сути билан озиқлантирадиган оналарда сут бези саратони касаллиги келиб чиқиши хавфи камаяди.

Бутун дунёда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, БМТнинг Болалар жамғармаси – ЮНИСЕФ кўмагида тиббиёт муассасаларида болаларни она сути билан озиқлантиришга оид “Ўн қадам” тамойили ҳаётга татбиқ этилмоқда. Ҳар йили дунёда ушбу масалаларга бағишланган тадбирлар, ҳафталиклар ўтказилмоқда.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда амалга оширилаётган тиббий-ижтимоий ислоҳотлар жараёнида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оилада соғлом фарзанд туғилиши ва камолга етишини таъминлаш, ўсиб келаётган авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб вояга етказишга доимий эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда замонавий тиббиёт ютуқлари билан бирга эзгу анъаналаримиздан ҳам кенг фойдаланилаётир. Хусусан, чақалоқни туғилган заҳоти она бағрига бериш ва кўкрак сути билан озиқлантириш йўлга қўйилди.

Болаларни кўкрак сути билан озиқлантириш бўйича миллий тажриба ва жаҳон тиббиётининг илғор услубларини тиббиёт ходимлари ўртасида кенг оммалаштириш мақсадида мунтазам равишда семинар-тренинглар ташкил этилмоқда. Бирламчи тиббиёт муассасалари, туғруқ мажмуалари, болалар шифохоналари ва бошқа саломатлик масканларида она ва болага замонавий усулда тиббий ёрдам кўрсатиш, болани парваришлаш, кўкрак сути билан озиқлантиришни тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Бу борада фаоллик кўрсатаётган тиббиёт масканлари ЮНИСЕФнинг “Болага меҳри баланд шифохона” сертификати билан тақдирланмоқда. 2011-2012 йилларда мамлакатимиздаги тўқсонга яқин тиббиёт маскани ана шундай эътирофга сазовор бўлди.

Мутахассислар таъкидлашича, болани олти ойликкача истисносиз она сути билан озиқлантириш ҳаётга татбиқ этилаётган “Ўн қадам” тамойилининг муҳим йўналишларидан биридир. Яъни, чақалоқ олти ойлик бўлгунича бола вужуди учун зарур бўладиган барча озуқа моддалари ва сувга бўлган эҳтиёж она сути ҳисобига тўлиқ қопланади.

– Кўкрак сути етарли миқдорда бўлиши учун она ўз вақтида овқатланиши, дам олиши, соғлиғига эътиборли бўлиши, асабий ҳолатлардан ҳимояланиши лозим, – дейди Юнусобод туманидаги 52-оилавий поликлиника бош шифокори Кимё Шокирова. – Ана шундай талабларга тўла риоя қилинса, она ўз фарзандини тўлақонли кўкрак сути билан озиқлантиришга эришади. Бироқ баъзи хонадонларда ёш оналарга бу борада етарли шароит яратилмаслиги натижасида она ва бола саломатлиги билан боғлиқ муаммолар юзага келади. Баъзи оилалар чақалоқни олти ойга етмасдан қўшимча озиқлантиришни бошлашади. Бу болаларда ичкетар касаллиги келиб чиқиши, ошқозон-ичак фаолияти зарарланиши, камқонлик, вазн камайиши ва иммунитет пасайишига сабаб бўлади.

Юнусобод туманидаги 52-оилавий поликлиникада бу борадаги устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Тиббиёт масканида фаолият юритаёган умумий амалиёт шифокорларининг барчаси ва патронаж ҳамширалар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, ЮНИСЕФ ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлигида ҳаётга татбиқ этилаётган болаларни она сути билан озиқлантиришни тарғиб этишга йўналтирилган ўқув курсларида билим ва малака оширган. Улар ўзларига бириктирилган хонадонларда бу йўналишда узлуксиз равишда тарғибот-тушунтириш ишларини олиб бормоқда.

Оилавий поликлиникада фаолият юритаётган “Ёш оналар мактаби” машғулотларида ва “Соғлом бола” хонасида ҳомиладор ва фертиль ёшдаги аёллар иштирокида туғруқлар оралиғини сақлаш, фарзанд парвариши, болани кўкрак сути билан озиқлантиришнинг она ва бола саломатлигини яхшилашда тутган ўрнига оид кўплаб услубий машғулотлар, суҳбат ва мулоқотлар ташкил этилмоқда. Тиббиёт муассасаси мамлакатимизда она сути билан эмизишни тарғиб этиш бўйича ўтказилаётган миллий ва халқаро ҳафталикларда ҳам фаол иштирок этмоқда. Ушбу ҳафталиклар доирасида ёш оналар иштирокида болани кўкрак сути билан озиқлантиришнинг она ва бола саломатлигига фойдали жиҳатлари хусусида машғулотлар ташкил этилаётир. Оилаларда мутахассислар иштирокида суҳбатлар уюштирилаётир.

“Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида тиббий-ижтимоий патронаж хизматининг такомиллашиб бораётгани, давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасида ижтимоий шериклик лойиҳалари кўлами янада кенгаяётгани оналик ва болаликни тиббий-ижтимоий ҳимоялашга оид бундай чора-тадбирларни ривожлантириш, оилада соғлом, ҳар томонлама етук ва баркамол авлодни камолга етказишда муҳим омил бўлаётир.

Манба : gov.uz