UZ RU
17.06.2014

Миллий эмлаш тақвимида янги вакцина

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, сайёрамизда ҳар йили икки миллиондан кўпроқ инсон ротавирус инфекцияси билан хасталаниб шифохоналарга тушади. Улардан қарийб беш юз минг нафари ушбу ўткир юқумли касаллик туфайли оламдан кўз юмади.

Ушбу инфекция, айниқса, ёш болалар ўртасида кўпроқ қайд этилиши ва саломатлигига жиддий таҳдид туғдириши билан хатарлидир. Шу боис жаҳон миқёсида ушбу муаммога қарши курашнинг самарали ечими сифатида бир қатор янги вакциналар ишлаб чиқилган ва улардан тиббиётда самарали фойдаланилмоқда. Шу йилнинг 16 июнидан бошлаб мамлакатимиз миллий эмлаш тақвимига ҳам ана шундай янги вакцина жорий этилди. Эндиликда икки-уч ойлик чақалоқлар ротавирус касаллигига қарши бепул эмланади.

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ)нинг мамлакатимиздаги ваколатхоналари ҳамкорлигида ташкил этилган матбуот анжуманида шулар ҳақида маълум қилинди.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, Республика Бош давлат санитария врачи С.Саидалиев, ЮНИСЕФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Р.Фудерич ва бошқалар инсон манфаатларини муҳофазалаш, аҳоли соғлом ва узоқ умр кечириши учун қулай шароит яратиш, оилада соғлом фарзанд туғилиши ва камолга етишини таъминлаш Ўзбекистонда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишига айланганини алоҳида таъкидлади.

Мамлакатимизда санитария-эпидемиология ҳолатни барқарор сақлаш ва юқумли касалликларга қарши курашнинг замонавий тизими яратилган. Миллий эмлаш тақвимига мувофиқ ўн саккиз ёшгача бўлган болалар ўнта касалликка қарши эмланмоқда. Бундай кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида илгарилари болалар саломатлигига жиддий таҳдид туғдирган кўплаб касалликларнинг олдини олиш, эпидемиологик барқарорликни таъминлашга эришилмоқда. Миллий эмлаш тақвимига киритилган иммунопрофилактика тадбирларига кетадиган маблағлар давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилаётир.

«Соғлом бола йили» Давлат дастурига мувофиқ, бу борадаги ишлар кўлами янада кенгаймоқда, хусусан, янги ротавирус вакцинаси жорий этилиб, эмлаш ишлари бошлаб юборилди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг санитария-эпидемиология назорати бош бошқармасидан маълум қилишларича, янги вакцинани амалиётга жорий этишга жиддий тайёргарлик кўрилди. Саккиз мингдан зиёд ўрта тиббиёт ходимлари эмлаш ишларини амалга ошириш бўйича махсус тайёргарликдан ўтди. Қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда фаолият юритаётган умумий амалиёт врачлари ва патронаж ҳамширалар иштирокида махсус ўқув-услубий машғулотлар ўтказилди. Жойларда қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар базасида 3800 эмлаш пунктлари ташкил этилди. Жорий йилнинг ўзида қарийб уч юз саксон минг болани ротавирус инфекциясига қарши эмлаш билан қамраб олиш режалаштирилган.

– Ротавирус инфекцияси маиший жиҳозлар, уй-рўзғор буюмлари, озиқ-овқат маҳсулотлари орқали юқади, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги санитария-эпидемиология назорати бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилором Турсунова. – Касаллик вируси асосан ошқозон-ичак йўлида тарқалади, овқат ҳазм қилиш ферментларини ишдан чиқаради. Бунинг оқибатида тана ҳарорати кўтарилиб, кўнгил айнийди, ич кетиши кузатилади. Бу жараён болаларда анча оғир кечиши, организм бир кеча-кундузда бир литрдан кўпроқ суюқлик йўқотиши мумкин. Болаларни ўз вақтида эмлаш орқали бундай муаммоларнинг олдини олиш мумкин.

Эмлаш ишларини амалга оширишда фойдаланиладиган, жаҳон тиббиёти амалиётида кенг қўлланилаётган энг самарали эмлаш воситалари мамлакатимизга олиб келиниб, тегишли тартибда тиббий-лаборатория синовларидан ўтказилди. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мувофиқлик сертификати билан кафолатланди ва совуқлик занжири тизимига риоя этилган ҳолда жойлардаги эмлаш пунктларига етказиб берилди. Аҳолининг хабардорлик даражасини ошириш мақсадида хонадонларда, маҳаллаларда тушунтириш ишлари амалга оширилди.

Тадбир иштирокчилари эмлаш ишларига кўрилган тайёргарлик ва бу жараённинг бориши билан танишиш мақсадида пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги 46-оилавий поликлиникада бўлди.

Болаларни ротавирусга қарши эмлаш ишлари мамлакатимиздаги барча бирламчи тиббиёт масканларида ташкил этилган эмлаш пунктларида ана шу тартибда бошлаб юборилди. Бундай хайрли ишлар болалар саломатлигини асраш, ўткир юқумли касалликларга қарши кураш ишлари самарадорлигини ошириш, соғлом ва баркамол авлодни камолга етказишда яна бир муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.

Манба : uza.uz