Ёшлар – соғлом турмуш тарзи тарафдори
“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгашида “Тоза қўллар!” лойиҳаси якунига бағишланган анжуман бўлиб ўтди.
Тадбир “Соғлом бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари ҳамда “National Investments” масъулияти чекланган жамияти ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Тошкент шаҳридаги касб-ҳунар коллежи ва академик лицейларининг тарғиботчи гуруҳлари фаоллари иштирок этди.
Анжуманда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар навқирон авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол, мамлакатимизнинг чинакам таянчи ва суянчи этиб тарбиялашга хизмат қилаётгани таъкидланди. “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ана шу эзгу мақсад йўлида ёшларимизнинг ҳақиқий кўмакдошига айланган. Бунинг самарасини изланувчан, ижтимоий фаол ёшларимиз сафи тобора кенгайиб, улар қўлга киритаётган муваффақиятлар салмоғи ортиб бораётганида ҳам кўришимиз мумкин.
“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан жорий йил апрель – июнь ойлари давомида амалга оширилган “Тоза қўллар!” лойиҳасида 16 минг нафардан зиёд йигит-қиз қамраб олинди. Унинг доирасида мамлакатимиздаги барча маҳалла, мактаб, лицей ва коллежлар, олий ўқув юртлари ва “Камолот” ЁИҲ бошланғич ташкилотларида давра суҳбатлари, конференциялар, мулоқот ва семинарлар ўтказилди. “Тенгдош – тенгдошга” тамойили асосида ташкил этилган тадбирларда ёшларга тиббий маданиятни ошириш, юқумли касалликлар инфекцияларининг олдини олиш борасида тавсиялар берилди.
– Биз, тарғиботчилар дастлаб махсус курсларда соғлом турмуш тарзи борасидаги билим ва кўникмамизни ошириб, жойларда ўтган учрашувларда бу тушунчаларни тенгқурларимизга етказдик, – дейди Тошкент меҳмонхона хўжалиги касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Нодир Абдуғаниев. – Лойиҳа ёшларнинг тиббий маданиятини ошириш билан бирга, уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш, мамлакатимиз истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир навқирон авлодни камолга етказишга хизмат қилади.
Тадбирда тиббий-ижтимоий жабҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида давлат, жамоат ташкилотлари ва таълим муассасалари ҳамкорлигини янада кенгайтириш, аҳоли, хусусан, ёшларнинг тиббий саводхонлигини юксалтиришга йўналтирилган тарғибот-тушунтириш ишларини кучайтириш борасидаги вазифалар хусусида фикрлашилди.
Манба : uza.uz