Ёшлар – соғлом ахборот муҳити тарафдори
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ амалга оширилаётган кенг кўламли, изчил ислоҳотлар негизида жисмонан ва маънан соғлом, юксак интеллектуал салоҳиятли авлодни тарбиялаш мақсади мужассам.
Ҳаёт суръатлари беқиёс даражада тезлашган, ахборот алмашинуви замон ва макон чегараларини тан олмаётган XXI асрда ёшлар тарбиясига доир қатор муаммолар пайдо бўлмоқда. Бугун кишиларни маънавий тубанлик домига тортиш, тарихий илдизларидан айириш, лоқайдлик ботқоғига ғарқ қилишга қаратилган ғоявий хуружлар ҳар қачонгидан кучайган.
Давлатимиз раҳбари “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида таъкидлаганидек, бугунги кунда дунёнинг айрим ҳудудларида ана шундай ҳаракатлар натижасида катта маънавий йўқотишлар юз бераётгани, миллатнинг асрий қадриятлари, миллий тафаккури ва турмуш тарзи издан чиқаётгани, ахлоқ-одоб, оила ва жамият ҳаёт тарзи жиддий хавф остида қолаётганини кузатиш мумкин.
Демак, ёшларда ахборот майдонида кечаётган жангларда миллий ўзликни муҳофаза қилиш кўникмаларини янада кучайтириш, уларнинг мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш, бу йўлда мавжуд ресурсларни кўпайтириш, ёш веб-ихтирочиларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш жуда муҳим.
«Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари ва бошқа ташкилотлар ўртасидаги ижтимоий ҳамкорлик, амалга оширилаётган бир қатор ижтимоий лойиҳалар бу борада алоҳида аҳамият касб этмоқда.
– Ҳаракатимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Камолот”да меҳмонда” мавзусидаги он-лайн мулоқотлар, “Йилнинг энг фаол ёш журналисти” кўрик-танлови, “Оммавий таҳдидлар ва ёшлар маънавияти”, “Ёшлар ўртасида ОИВ/ОИТС, гиёҳвандлик касалликларнинг олдини олиш”, “Ёшлар – чекишга қарши!” сингари қатор лойиҳалар фарзандларимизни ўзаро жипслаштириш, соғлом турмуш талаблари асосида тарбиялашга қаратилган, – дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Феруза Муҳаммаджонова. – Веб-сайт яратувчилар иштирокида анъанавий тарзда ўтказилаётган “MIT.uz” миллий интернет-танлови ҳам худди шу мақсад йўлидаги амалий ишлардандир. Ушбу лойиҳа ёш иқтидорларни қўллаб-қувватлаш, ахборот маконида ҳар томонлама фойдали, миллий руҳдаги сайтларни кўпайтириш, йигит-қизларда ватанпарварлик туйғуларини кучайтириш, уларни эзгу ғоялар йўлида бирлаштириш, касб-ҳунарга йўналтириш, бандлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Лойиҳадан кўзланган мақсад танловга тақдим этилган сайтлар мазмунига қўйилган талабларда ҳам намоён. Жумладан, электрон тизимлар контенти ёшлар аудиториясининг талаб ва қизиқишларига мос келиши, уларнинг билим ва дунёқарашини оширишга қаратилиши, ахборот олиш маданияти ҳамда ундан хавфсиз фойдаланиш кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилиши керак. Сайтдаги маълумотларнинг аксарияти ўғил-қизлар учун мўлжалланиши, доимий равишда янги материаллар билан бойитиб борилиши, интерфаол рукнлар мунтазам янгилаб турилиши зарур.
Шу каби мезонларга жавоб берган ижодий ишлар “Ўзбекистоннинг бой маданияти ва санъати, тарихи ҳамда истиқлол ғоялари ва маънавий қадриятлари акс этган энг яхши сайт”, “Соғлом бола йили мазмунига доир энг яхши сайт”, “Ёшлар иштирокида ўзбек мумтоз шеърияти ва адабиётини кенг тарғиб этган энг яхши ролик”, “Энг яхши таҳлилий сайт”, “Энг яхши янгиликлар сайти”, “Энг яхши фотожамланма”, “Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти акс этган энг яхши сайт”, “Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти акс этган энг яхши сайт” каби номинациялар бўйича баҳоланади.
Танловни тарғиб қилиш ва ёшларни кенгроқ жалб этиш мақсадида ҳар бир номинация учун алоҳида видеоролик ҳамда таълим муассасаларига етказиш учун плакатлар туркуми тайёрланди. Мустақиллигимизнинг 23 йиллиги олдидан жойларда уюштирилаётган ёшлар фестиваллари доирасида “Биз – соғлом ахборот муҳити тарафдоримиз!” шиори остида миллий интернет-танловининг тарғибот акциялари ўтказилаётир. www.facebook.com ижтимоий тармоғида махсус саҳифа ташкил этилиб, ёшларнинг танлов ҳақида ўзаро фикр алмашишига имкон яратилган.
Йигит-қизларни изланиш ва ташаббускорликка ундаётган мазкур танловнинг нуфузи йилдан-йилга ошиб бормоқда. Ўтган йили лойиҳада минг нафардан ортиқ йигит-қиз қатнашган бўлса, бу йил танловда иштирок этиш учун www.mit.uz сайтининг электрон манзили орқали ва “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг жойлардаги ҳудудий кенгашлари томонидан қабул қилинган аризалар сони мингдан ошди.
Kitob.uz сайти ўтган йили танловнинг “Ўзбекистоннинг бой маданияти ва санъати, тарихи ҳамда истиқлол ғоялари ва маънавий қадриятлари акс этган энг яхши сайт” номинацияси ғолиби бўлган эди. Мамлакатимиз мустақиллигининг 20 йиллиги муносабати билан ташкил этилган мазкур сайт китобхонлик тарғиботи борасида ўзига хос мавқега эга бўлишга улгурди. Унинг базасида икки мингдан ортиқ ўзбек ва жаҳон адабиёти, халқ оғзаки ижоди дурдоналари, илмий асарлар, мақолалар, умумтаълим мактаблари учун нашр этилган дарсликларнинг электрон вариантлари жамланган.
– Танлов ғолиби бўлганимиз жамоамиз масъулиятини янада оширди, – дейди Республика болалар кутубхонаси бўлим бошлиғи Мастура Алимова. – Kitob.uz сайти орқали фойдаланувчиларни юртимиз маданий-маърифий ҳаётига доир энг сўнгги янгиликлардан тезкор хабардор қилишга, айниқса, ёшларни билим ва маънавиятни бойитадиган турли форумлар, ёзувчи ва шоирлар, зиёлилар иштирокидаги онлайн мулоқотларга жалб этишга ҳаракат қилмоқдамиз. Бу тенгдошларимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ва фуқаролик позициясини янада кучайтиришга хизмат қилаётир.
Давлатимиз раҳбари бугунги кунда ёшларимиз нафақат ўқув даргоҳларида, балки радио-телевидение, матбуот, интернет каби воситалар орқали ҳам ранг-баранг ахборот ва маълумотларни олаётганини, жаҳон ахборот майдони тобора кенгайиб бораётган шундай бир шароитда болаларимизнинг онгини фақат ўраб-чирмаб, уни ўқима, буни кўрма, деб бир томонлама тарбия бериш, уларнинг атрофини темир девор билан ўраб олиш, ҳеч шубҳасиз, замоннинг талабига ҳам, бизнинг эзгу мақсад-муддаоларимизга ҳам тўғри келмаслигини таъкидлади.
Дарҳақиқат, ўз келажагини мустаҳкам пойдевор устига қуришни, жаҳонда ўз ўрнига, сўзига, ҳаёт тарзига эга бўлишни истаган халқ ҳамиша фарзандларининг маънавияти юксак, руҳи пок, эътиқоди бутун, иродаси бақувват бўлиши учун курашади. Уларни турли маънавий таҳдидлар, “оммавий маданият” таъсирларидан ҳимоялашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширади. Соғлом ғоялар тарғиботи билан кўплаб йигит-қизлар қалбидан чуқур жой олаётган, онлайн оламида ўз ўрнини топиб бораётган анъанавий “MIT.uz” миллий интернет-танлови мамлакатимизда худди шу эзгу мақсад йўлида олиб борилаётган ишларнинг амалий намуналаридан биридир.
Манба : uza.uz