UZ RU
26.06.2014

Йил ҳамшираси енгил автомобил билан тақдирланди

Гулистон шаҳрида “Ҳамшира – 2014” республика кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда тегишли давлат, жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар, шифокорлар, ҳамширалар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш, тиббиётнинг барча йўналишларида замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш, бирламчи тиббий-профилактика ёрдамини кенгайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада қабул қилинган давлат дастурлари ва лойиҳаларда белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этишга малакали врачлар билан бирга ҳамширалар ҳам фаол ҳисса қўшаётир.

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Л.Тўйчиев, Сирдарё вилояти ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Д.Ҳайдарова ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялаш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар юксак самаралар бераётганини алоҳида таъкидлади.

“Соғлом бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида бу йўналишдаги ишлар кўлами янада кенгаймоқда.

“Ҳамшира – 2014” республика кўрик-танловини ўтказишдан кўзланган мақсад ўрта тиббиёт ходимларининг билим ва тажрибаларини янада бойитиш, ҳамширалик ишида эришилаётган ютуқ ва илғор тажрибаларни оммалаштириш, изланувчан, ижодкор, ташаббускор ҳамшираларнинг истеъдодини намоён этишига кўмаклашишдан иборатдир.

Танловнинг финал босқичида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 14 нафар ҳамшира иштирок этди. Иштирокчилар соҳага оид назарий ва амалий малакасини намойиш этиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар бўйича билимини синовдан ўтказди.

Сирдарё вилояти тери-таносил касалликлари шифохонаси ҳамшираси Соҳиба Раимжонова танлов ғолиби бўлди ва “Нексия” автомашинаси билан тақдирланди.

Наманган вилояти Уйчи тумани тиббиёт бирлашмаси ҳамшираси Умида Обидова иккинчи, Тошкент шаҳар Ҳамза туманидаги 27-оилавий поликлиника ҳамшираси Нилуфар Нуриддинова учинчи ўринни эгаллади.

Манба : gazeta.uz