UZ RU
18.06.2014

Соғлом бола – соғлом келажак

Наманганда “Соғлом бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида “Соғлом бола – юрт таянчи” мавзусида республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимлиги, Республика Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази ва Наманган муҳандислик-технология институти ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқитувчилари, талабалар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Президентимизнинг 2009 йил 13 апрелдаги “Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 2009 йил 1 июлда қабул қилинган “2009-2013 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарорлари бу борада муҳим дастуруламал бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди.

Тадбирда соғлом авлод тарбиясининг муҳим йўналишлари ва долзарб вазифалари, ёшлар камолотининг миллий, тарихий, ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий асослари, оила, маҳалла ва таълим тизимининг бу борадаги ҳамкорлик механизми ва бошқа мавзуларда 200 дан зиёд маъруза тингланди.

– Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, миллат генофондини соғломлаштириш, баркамол авлодни тарбиялаш масаласи Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишларидандир, – дейди Наманган муҳандислик-технология институти талабаси Моҳирабегим Валиева. – Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, таълим тизимини такомиллаштириш, болалар спортини ривожлантириш борасидаги изчил ислоҳотлар бир-бирини тўлдириб, ягона узвий тизим шаклини олди.

Манба : uza.uz